Она юрт равнақи ҳар биримизнинг масъуллигимизга, фаоллигимизга ва фидойилигимизга боғлиқ
  • 05 Июль 2016

Она юрт равнақи ҳар биримизнинг масъуллигимизга, фаоллигимизга ва фидойилигимизга боғлиқ

Одамзоднинг ўтаётган кунидан рози бўлиб яшашида ҳикмат кўп. Бахт-саодат тушунчаларининг асл моҳияти ҳам шунда! Президентимиз жорий йил 30 июнь куни жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишиш мақсадида вилоятимизга ташрифи чоғида бу ҳақда тўхталар экан, дунёда ҳеч нарса осон қўлга киритилмаслиги, машаққат билан эришилган ютуқлар эса умрбоқий бўлишини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.

Дарҳақиқат, узоқ йиллар қарамлик гирдобида ҳаёт кечириш азобини биз, кекса ёшли инсонлар яхши эслаймиз. Шукрки, бир бурда нонга зор бўлинган даврлар ортда қолди. Энди ўз тақдиримизни ўзимиз белгилаймиз! Меҳнатимиз роҳатини кўрадиган замонлар келди. Фарзандларимиз ҳеч кимдан кам бўлмай камол топишаяпти. Булар учун ҳар қанча шукрона айтсак, арзийди.

Юртбошимиз вилоятимизга ташрифини Термиз шаҳрида миллий ҳамда замонавий меъморлик услублари асосида барпо этилган Хотира майдони билан танишишдан бошлагани бежиз эмас. Негаки, бу маскан — аждодларимизга эҳтиром рамзи. Инсон қадр-қиммати устуворлиги тимсоли. Халқимиз бунёдкорлик шижоатининг ифодаси. Она юртимиз равнақи ҳар биримизнинг масъуллигимизга ва фидойилигимизга боғлиқ.

Бир пайтлар фақат қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш билан чекланган воҳада бугун ишлаб чиқариш изчил ривожланаяпти. Илғор корхоналар фаолияти йўлга қўйилмоқда. Кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорлик равнақ топаётир. Жойларда қад ростлаган боғу хиёбонлар, замонавий тураржой даҳалари, кенг ва равон кўчалар, муҳташам савдо ҳамда хизмат кўрсатиш мажмуаларини кўриб, кўз қувонади. Биргина Термиз шаҳри қиёфаси таниб бўлмас даражада ўзгарди. Ёшларни спортга ошно этаётган “Сурхон” спорт мажмуи, ўн минг томошабинга мўлжалланган стадион, “Бахт уйи” кошонаси, Термиз давлат университетининг янги биноси, Ўрта Осиёда ягона бўлган Археология музейи ҳудудимиз кўркига кўрк қўшиб турибди. Эҳ-ҳе, буларни санаб адоғига етолмайсиз! Қаранг, мустақилликка эришилгунига қадар воҳамизга бир йилда, бор-йўғи, 40 — 50 нафар сайёҳ ташриф буюрган бўлса, айни пайтга келиб улар сони 35 — 40 минг нафардан ошади. Хўш, бу ниманинг далолати? Аввало, Сурхондарё дунё аҳлининг ҳайрату ҳавасини тортаётган манзилга айланаётганининг-да!

2015 — 2017 йилларда вилоятнинг йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури ҳам Термиздаги янгиланишларни янги босқичга кўтармоқда. Шунга мувофиқ, ҳудуд қиёфасига мос яшил майдонлар, хиёбонлар, автомобиль йўллари барпо қилиниб, ижтимоий соҳа ҳамда бозор инфратузилмаси тубдан такомиллаштирилаяпти. Пастқам ва кўримсиз уйлар ўрнини биринчи қавати турли хизмат кўрсатиш объектлари, бошқа қаватлари тураржойлардан иборат бинолар эгалламоқда. Муҳими, уларнинг ҳар бири маҳаллий иқлим шароитлари, санитария ҳамда хавфсизлик, аҳоли турмуш тарзи каби кўплаб мезонлар ҳисобга олинган ҳолда тикланаётир. Кўп қаватли иморатлар ҳовлисида боғ ва хиёбонлар, гулзорлар, фавворалар, болалар ўйин майдончалари ташкил этилаяпти.

Шаҳар марказидаги 700 ўринга мўлжаллаб қурилаётган бетакрор санъат саройи бу борадаги эзгу ишларнинг дебочаси! Президентимиз ана шу маскандаги бунёдкорлик ишларини кўздан кечирар экан, “Биз қураётган бундай бинолардан наинки бугунги, балки келгуси авлодлар ҳам завқ олсин, асрлар давомида эслаб, ўзгача ғурур билан яшасин”, дея алоҳида таъкидлаб ўтди.

Албатта, кечаги ютуқларимиз ҳозирги фаровон ҳаётимизнинг муҳим манбаи, кафолатидир. Бироқ эртанги кун учун бугундан бошлаб қайғурмас эканмиз, кўзлаган юксак марраларимиз янада узоқлашиб, ривожланишдан ортда қолиб кетишимиз ҳеч гап эмас. Бу эса ҳар биримиздан замон билан ҳамқадам, ҳамнафас бўлишни, ишга, ҳаётга муносабатимизни тубдан ўзгартиришимизни талаб қилади. Зеро, бу юрт, бу Ватан — барчамизники! Уни янада обод ва фаровон қилиш бизнинг фарзандлик бурчимиздир.

Орзиқул СОАТОВ,

«Маҳалла» хайрия жамоат фондининг

Сурхондарё вилояти бўлими раиси ўринбосари.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn