Муваффақиятларимизнинг юксак эътирофи
  • 29 Июнь 2016

Муваффақиятларимизнинг юксак эътирофи

Хитой Халқ Республикаси Раисининг мамлакатимизга давлат ташрифи доирасида Президентимиз Ислом Каримов ва Си Цзиньпиннинг парламентга ташрифи, сўзлаган нутқлари олий қонун чиқарувчи орган ҳаётида муҳим воқеалардан бири бўлди.

Зеро, бугунги кунда Хитой улкан иқтисодий, инновацион-интеллектуал салоҳиятга эга давлат сифатида жаҳон иқтисодиёти ҳамда сиёсатида ҳақли равишда етакчи ўринни эгаллаб келмоқда. Ўзбекистон Хитой билан стратегик шериклик, ўзаро манфаатдорликка асосланган ҳамкорликни юксак баҳолайди ва қадрлайди.

Хитой Халқ Республикаси Раиси ўз нутқида Ўзбекистоннинг бой тарихи ҳамда маданиятига ҳурмати баландлигини қайд этиб, юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларга юқори баҳо берди. Хусусан, “Президент Ислом Каримов раҳбарлигида Ўзбекистон барқарор сиёсий ва изчил иқтисодий тараққиётга эришмоқда, халқаро ҳамжамиятдаги обрў-эътибори ортмоқда”, деган сўзлари ҳар биримизда юксак ғурур ҳамда ифтихор туйғуларини уйғотди. Бинобарин, давлатимиз раҳбари алоҳида кўрсатиб ўтганидек, кеча биз Хитой қўлга киритган ютуқларга ҳавас қилган эдик. Чунки кеча Хитойда ўсиш суръатлари ҳаммани ҳайратга солганди. Бугун биз ҳам бу борадаги марраларимиз билан ғурурлана оламиз.

Чунки бундан йигирма беш йил олдин ўз мустақиллигимизни қўлга киритиб, аввало, миллий давлатчилигимизни тиклаганимиз, жаҳондаги мустақил ва суверен давлатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллаганимиз, чуқур ўйланган, миллий манфаатларимизга тўла жавоб берадиган ислоҳотларга асосланган, бутун дунёда “ўзбек модели” деган ном билан тан олинган тараққиёт стратегиясини амалга оширганимиз бугунги кунда биз танлаган, ўзимизга хос ҳамда ўзимизга мос ривожланиш йўлининг нақадар тўғри ва ҳаётий эканини тасдиқлаб бермоқда. Пировардида мамлакатимизнинг қудрати ҳамда иқтисодий салоҳияти тобора ортиб, ялпи ички маҳсулотимизнинг ўсиш суръатлари охирги 11 йил давомида жаҳондаги саноқли давлатлар қаторида 8 фоиздан кам бўлмасдан келаётир. Иқтисодиётимиз эса қарийб 6 баробар, аҳоли жон бошига тўғри келадиган реал даромадлар 12 баробардан зиёд ошди.

Дарҳақиқат, бундай натижа ва муваффақиятлар Ўзбекистонни бугун дунё аҳли эътибори ҳамда эътирофидаги буюк давлатга айлантирди. Янада қувонарлиси, Юртбошимизнинг минтақада ва халқаро миқёсда тинчликни, хавфсизликни таъминлаш, башариятга таҳдид солаётган хатарларга қарши курашиш, умумий тараққиёт ҳамда фаровонлик йўлида ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган таклиф ва ташаббуслари жаҳон ҳамжамияти томонидан юксак баҳоланмоқда. Шу боисдан ҳам нуфузли экспертлар Тошкентни ҳақли равишда “Осиёнинг сиёсий пойтахти”, деб аташмоқда. Буни ХХР -Раисининг парламентимиздаги нутқи, қолаверса, дунё сиёсатида янги саҳифа очган ШҲТнинг Тошкент саммити мисолида ҳам кўриш мумкин.

Шу кунларда юртимизнинг ҳар бир гўшасида мустақилликнинг йигирма беш йиллигини нишонлашга кенг ҳозирлик кўрилаяпти, одамлар байрам шукуҳи билан яшамоқда. Бу кайфият биз, парламент аъзоларидан эришилган ютуқ ҳамда марраларни чуқур таҳлил қилиш асносида мамлакатимизда кечаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларда янада фаол бўлишни, жонбозлик, фидойилик кўрсатишни талаб этади. Зотан, давлатимиз раҳбари парламентдаги учрашувда ҳаммамизнинг олдимизда ўта муҳим ва долзарб масалалар турганлигини, халқ вакиллари одамлар ишончини оқлаш учун астойдил ҳаракат қилиши лозимлигини таъкидлади. Ҳақиқатан ҳам, халқнинг биз, депутат ҳамда сенаторлардан умиди катта, -бизга овоз берган халқ амалий ишларни кутади.

Президентимиз Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг биринчи мажлисида таъкидлаганидек, “сенаторлар, шуни яхши тушуниб олишингиз керакки, биринчи навбатда сизларга ишонч билдириб, депутат этиб сайлаган ўз сайловчиларингиз олдида масъул ва жавобгарсиз... Шу маънода, қабул қилинаётган қонунларнинг сифати ва таъсирчанлигини оширишда Сенатнинг ўрни ва аҳамияти, шу билан бирга, масъулияти нечоғли катта эканини доимо ёдда сақлашингиз лозим. Чунки биз қаерда, қайси лавозимда ишламайлик, қайси сиёсий партияга аъзо бўлмайлик, умумдавлат манфаати, Ўзбекистон келажаги барчамизни бирлаштиради”.

Сенаторларимиз, албатта, қонунчиликда белгиланган барча ваколатдан, айниқса, парламент назорати, шу жумладан, парламент эшитувлари, сенатор сўрови институтларидан самарали фойдаланиш борасидаги фаолиятларини янада кучайтирадилар.

Зайниддин НИЗАМХОДЖАЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси.

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn