Фуқаро муҳофазаси: салоҳият, самарадорлик, амалиёт
  • 25 Июнь 2016

Фуқаро муҳофазаси: салоҳият, самарадорлик, амалиёт

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда амалга оширилган изчил ислоҳотлар, иқтисодий-ижтимоий соҳаларнинг жадал ривожи, улкан бунёдкорлик ишлари самараси ўлароқ шаҳару қишлоқларимиз буткул янгиланиб, ободликка юз тутди. Халқимиз турмуш фаровонлиги юксалди.

Бинобарин, мустақил Ўзбекистонимиз ўзининг тараққиёт стратегиясида инсон ва унинг манфаатлари устуворлигидан келиб чиқиб, биринчи навбатда, фуқароларимиз муҳофазасини, уларнинг тинчлик, омонликда муносиб ҳамда бахтли ҳаёт кечиришдек олий ҳуқуқини юксак даражада таъминламоқда. Хусусан, ўтган чорак асрда юртимиз аҳолисини ва ҳудудларини табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза этишга йўналтирилган тизим қайта ислоҳ қилинди, босқичма-босқич такомиллаштирилди.

Бугунги кунда барча жабҳада эришаётган залворли ютуқларимиз қаторида, фуқаро муҳофазаси соҳасидаги илғор ёндашув халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилаётгани бежиз эмас. Унинг замирида чуқур ўйланган ислоҳотлар, тизим моддий-техника таъминотини замонавий илм-фан ютуқларига ҳамоҳанг равишда ривожлантиришга, пировардида аҳоли ҳаёти ва саломатлигини асрашга берилаётган юксак эътибор ҳамда ғамхўрлик мужассамдир.

Ер юзида кузатилаётган глобал иқлим ўзгаришлари, инсониятнинг табиатга салбий таъсири оқибатида кўпайиб бораётган экологик муаммолар, баъзи минтақалардаги эпидемиологик беқарорлик ҳар бир давлат олдига фуқаролар муҳофазасига доир муҳим вазифаларни қўймоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маълумотларига кўра, охирги йигирма йил ичида дунёда фавқулодда вазиятлар туфайли 600 минг нафардан зиёд киши ҳалок бўлган. Табиий офат, техноген ва экологик хусусиятли талафотлардан жабр кўрган ҳамда бошпанасиз қолган инсонлар эса 4 миллиард нафардан ортиқни ташкил қилади.

Мамлакатимизда ўтган йилларда фуқароларни эҳтимолий фавқулодда вазиятлардан муҳофаза этиш бўйича ишончли миллий тизимни яратиш йўлида салмоқли ишлар амалга оширилгани юксак натижаларини бермоқда. Шу ўринда истиқлолнинг илк кунлариданоқ республикамиздаги Фуқаро мудофааси штаби ва унинг жойлардаги бўлинмалари қайта кўриб чиқилиб, фуқаро муҳофазаси тизимига айлантирилганини таъкидлаш жоиз. Дастлаб мазкур тизим Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги таркибида Фуқаро мудофааси ва фавқулодда вазиятлар бошқармаси сифатида фаолият кўрсатган бўлса, -давлатимиз раҳбарининг 1996 йил 4 мартдаги Фармонига биноан, ушбу бошқарма негизида Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ташкил қилингани соҳа ривожида янги саҳифани очди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ташкил этилганининг ўн беш йиллиги муносабати билан Президентимизнинг соҳа ходимларига йўллаган табригида таъкидланганидек, юртимизда ҳамда илғор хорижий мамлакатларда тўпланган кўп йиллик тажрибага таянган ҳолда, фуқаро мудофааси қурилиши бўйича ўз умрини ўтаб бўлган эскича ёндашув ва қолиплардан тубдан фарқ қиладиган, ҳар томонлама пухта ўйланган, замонавий комплекс дастур асосида мутлақо янги, фавқулодда вазиятларда уларнинг олдини олиш ҳамда ҳаракат қилиш давлат тизими ва унинг мувофиқлаштирувчи органи фаолияти йўлга қўйилди. Бугунги кунда миллий хавфсизликнинг муҳим таркибий қисми бўлган мазкур тизим қирқдан ортиқ турли вазирлик ҳамда идораларни қамраб олган.

Ўтган йигирма йил мобайнида вазирлик томонидан аҳоли ҳаёти ва саломатлигини сақлаш, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ҳамда оқибатларини бартараф этиш борасида давлат сиёсатини юритиш, фуқаро муҳофазасига раҳбарлик қилиш, вазирликлар, идоралар, маҳаллий давлат органларининг ушбу йўналишдаги фаолиятини мувофиқлаштириб бориш мақсадида аниқ, кенг кўламли вазифалар изчил рўёбга чиқарилди ва бу жараён барқарорлик касб этмоқда. Албатта, шу вақт ичида фуқаро муҳофазаси соҳасидаги қонунчиликнинг такомиллаштирилгани мазкур йўналишдаги ишларга замин яратаяпти. Жумладан, “Фуқаро муҳофазаси тўғрисида”ги, “Аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Қутқарув хизмати ва қутқарувчи мақоми тўғрисида”ги каби қатор қонунлар амалиётга татбиқ қилиниб, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш билан боғлиқ масалаларни, шунингдек, қутқарув хизматлари ҳамда қутқарувчилар фаолиятини тартибга соладиган зарур меъёрий-ҳуқуқий база шакллантирилди.

Буларга мос равишда, тизимнинг моддий-техника таъминоти бутунлай янгилангани яна бир эътиборли жиҳатдир. Юртимиз ва минтақаларимиз даражасида ташкил этилган ҳаракатчан авария-қутқарув, сувда-қутқарув, радиацион-кимёвий ва биологик муҳофаза гуруҳлари барча турдаги хавфли табиий ҳодисалар ҳамда техноген ҳалокатлар, трансчегаравий кўринишдаги фавқулодда вазиятларга қарши чора-тадбирларни тезкор ва самарали амалга ошириши учун энг илғор “Holmatro”, “Scubapro” қутқарув ускуналари, махсус транспорт ҳамда техникалар билан таъминланди. Қутқарув автомашиналари жаҳон стандартларига жавоб берувчи транспорт воситаларига алмаштирилди.

Қувонарлиси, бугунги кунда тизимда фойдаланилаётган тезкор авария-қутқарув транспортларининг қарийб 60 фоизи -Самарқанд, Андижон ва Хоразмда ишлаб чиқарилган “Isuzu”, “MAN”, “Damas” автомобилларидан ташкил топган. Махсус жиҳозланган бундай машиналар Фавқулодда вазиятлар вазирлиги буюртмаси асосида илк маротаба 2011 йилда синов тариқасида ишлаб чиқарилган бўлиб, ўтган вақт мобайнида миллий автомобилсозлик саноати маҳсулотлари барча стандартга жавоб бериши ҳамда ҳар томонлама қулайлигини намоён қилди. Дарвоқе, мазкур қутқарув автомашиналаримизга дунё миқёсида қизиқиш ортиб бормоқда. Кўплаб халқаро ташкилотлар, Марказий Осиё ва Европа давлатларининг Ўзбекистон қутқарув-транспорт воситаларини харид этиш учун шартномалар имзолаётгани ҳамда улардан андоза олиш таклифини билдираётгани бунинг яққол исботидир.

Дарҳақиқат, мустақиллик йилларида мамлакатимиз қутқарув хизмати ҳам сон, ҳам сифат жиҳатидан мустаҳкамланди. Қутқарувчилар сафига малакали спортчилар, довюрак, шижоатли ёшлар жалб қилинди. Мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиш ҳисобига Тез ҳаракат қилиш республика кўп тармоқли маркази, Чирчиқ шаҳрида махсус қидирув-қутқарув қисми, “Қамчиқ” довони қидирув-қутқарув отряди ташкил қилинди. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳридаги авария-қутқарув гуруҳлари кенгайтирилди. Барча бўлинмадаги шарт-шароит янгиланди. Кинология, сувда қутқариш хизматлари, республика ғаввослар мактаби очилди. Махсус ўқув миноралари ва спорт тренажёрлари яратилди.

Ўтган даврда авария-қутқарув отрядлари томонидан аҳолига ёрдам кўрсатиш бўйича ўн мингдан ортиқ чиқишлар амалга оширилиб, мингдан зиёд фуқаролар ҳаёти ҳамда соғлиғига хавф солган таҳдидларнинг олди олинди.

Айтиш керакки, фуқаро муҳофазаси соҳасида юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш, шу билан бир қаторда, фавқулодда вазиятлар юзага келганда, аҳолини тез ва тўғри ҳаракат қилишга ўргатиш тизимини ривожлантириш билан боғлиқ масалаларга ҳам жиддий ёндашилди. Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Фуқаро муҳофазаси институтида 30 мингга яқин, Қутқарувчиларни тайёрлаш ҳамда малакасини ошириш марказида қарийб минг нафар, ҳудудий Аҳоли ва раҳбарлар таркибини тайёрлаш марказларида эса 661 минг нафардан ортиқ тингловчилар соҳа йўналишлари бўйича қайта тайёрлаш курсларида ўқитилди. Қолаверса, корхоналар, ташкилотлар, таълим муассасаларида, маҳаллаларда 500 мингга яқин фуқаролар билан суҳбатлар ўтказилиб, табиий ҳамда техноген офатлар оқибатларини бартараф этиш бўйича батафсил тушунчалар берилди.

Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари қошидаги қайта тайёрлов марказлари томонидан ишлаб чиқаришда хавфли кимёвий моддалар, ёнғин-портлаш хавфи мавжуд бўлган иқтисодий объектлар атрофидаги маҳаллаларда истиқомат қилувчи аҳоли ўртасида вужудга келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятлар таснифи, ана шундай вазиятларда тўғри ҳаракатланиш мавзуларида доимий ўқув-машғулотлар ўтказиб келинаётир. Шунингдек, фавқулодда вазиятларда уларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат тизимига кирувчи хизматларнинг куч ҳамда воситалари ва қутқарув тузилмаларининг профессионал маҳоратини ошириш учун тегишли тартибда қўмондонлик-штаб ҳамда махсус-тактик ўқув машқлари ташкил этилмоқда. Охирги беш йилнинг ўзида вилоятларда 177 та қўмондонлик-штаб, республикамиздаги йирик иқтисодиёт объектларида 3 минг 200 дан ортиқ махсус-тактик ўқув машқлари ўтказилди.

Чиндан ҳам, фавқулодда вазиятлар оқибатларини енгиллаштириш аҳоли кенг қатламининг тайёргарлик даражаси билан узвий боғлиқ. Шу маънода, юртимиздаги мактабгача таълим муассасаларида тарбияланувчилар билан фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга ўргатувчи ўйин тарзидаги машғулотлар йўлга қўйилгани, умумтаълим мактабларида “Ҳаёт хавфсизлиги”, ўрта махсус ва олий таълим муассасаларида “Ҳаёт хавфсизлиги асослари” курслари ўқув дастурларига киритилгани мақсадга мувофиқдир.

Бундан ташқари, ўтган йиллар мобайнида вазирликнинг ҳудудий бошқармалари, “Ўзгидромет” маркази, Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси ҳамда маҳаллий ҳокимликлар ходимлари билан ҳамкорликда республикамиздаги сув тошқинлари, сел оқимлари ва кўчки хавфи мавжуд ҳудудлар ўрганиб чиқилди. Хавфли ҳудудлардаги вазиятни назорат қилиш мақсадида республика бўйича назорат-кузатув постлари ташкил этилиб, улар зарур алоқа воситалари билан таъминланди. Шунинг баробарида, юртимиз ҳудудидан оқиб ўтувчи дарёларнинг заиф қирғоқларини мустаҳкамлаш ишлари ҳам изчил олиб борилди. Бунга Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманидан оқиб ўтувчи Оҳангарон, Андижон вилоятининг Қўрғонтепа туманидаги Қорадарё, Наманган вилоятидаги Сирдарё ҳамда Норин дарёларининг, Сурхондарё вилоятининг Термиз порти қирғоқларида мустаҳкам ҳимоя дамбалари барпо қилинганини мисол сифатида келтириш мумкин.

2010 — 2015 йилларнинг ўзида маҳаллий давлат органлари балансида бўлган дарё ва сойларнинг қирғоқларини маҳкамлаш мақсадида катта ҳажмдаги ишлар бажарилди. Аҳоли хонадонлари, экин майдонлари ҳамда бошқа ижтимоий объектларни муҳофаза этиш имкониятлари тикланди.

Юқорида айтиб ўтилганидек, фуқаро муҳофазаси тизимининг ривожланиши натижасида кўплаб талафотларнинг олди олиниб, юзлаб инсонларни хавф-хатардан асрашга эришилмоқда. Бунинг далили сифатида 2012 йил 18-19 февраль кунлари Жиззах вилоятининг ўаллаорол туманида юз берган фавқулодда вазиятни ёдга олайлик. Ўшанда кўп ёғингарчилик сабабли қир-адирликлардаги қорларнинг тез эриши оқибатида юзага келган сел оқими Қорасарой сойининг тошишига сабаб бўлиб, тумандаги Жума, Қоризқудуқ, Оқтош ва Ўрта қишлоқларининг сой бўйида жойлашган аҳоли уй-жойлари ҳамда экин майдонларига жиддий зарар етказган эди. Муҳими, ўз вақтида кўрилган тезкор саъй-ҳаракатлар натижасида одамлар ҳаёти сақлаб қолинди. Маҳаллий аҳоли хавфсиз ҳудудларга кўчирилиб, уларнинг турмуш фаолияти учун зарур барча шарт-шароит яратиб берилди.

Маълумки, мамлакат иқтисодий юксалишини йўлларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. “Тошкент — Ўш” автомобиль йўналишидаги “Қамчиқ” довони эса Буюк Ипак йўлининг асосий “қон томир”ларидан бири саналади. Мазкур довон республикамизни хориж мамлакатлари билан боғлабгина қолмай, муҳим сиёсий-иқтисодий ва стратегик аҳамиятга ҳам эгадир.

Бу довон йўли йил давомида серқатнов бўлиб, ёз кунлари автомагистрал йўналиши бўйлаб бир кеча-кундузда ўн беш мингтадан йигирма беш минггача турли русумдаги транспорт воситалари қатнови кузатилади. Қиш мавсумида ушбу ҳудудда оппоқ қорли тоғлар чўққисидан қуёшнинг заррин нур сочиб турганини кўрсангиз, зум ўтмай, қуёшли лаҳзалар қаҳратон изғиринига, қор бўронига айланиши мумкин. Натижада йўлларнинг қор билан қопланиши, улкан қоялар устидан қор кўчкиларининг ўпирилиб тушиши билан боғлиқ фавқулодда вазиятлар хавфи юзага келади. Шу нуқтаи назардан, вазирлик томонидан эҳтимолий фавқулодда вазиятларда фуқароларга зарур кўмак бериш мақсадида довоннинг энг баланд қисми (“Тошкент — Ўш” йўлининг 173 километри)да “Қамчиқ” қидирув-қутқарув отряди фаолияти йўлга қўйилди.

Тоғликлар ёнбағрида Фавқулодда вазиятларда уларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат тизимига кирувчи вазирлик ҳамда идоралардан тузилган механизациялашган гуруҳлар кечаю кундуз иш олиб бормоқда. Бу ерда 2014 йили “Идоралараро бирлашган штаб” биноси фойдаланишга топширилиб, довон орқали автомобиллар ва йўловчиларнинг хавфсиз ҳаракатланишини таъминлаш чора-тадбирларига эътибор янада кучайтирилди.

Сўз фуқаро муҳофазаси самарадорлигини ошириш ҳақида борар экан, бу борада энг замонавий услублар ҳаётга татбиқ қилинаётганини эътироф этмоқ керак. Хусусан, вазирликнинг Фуқаро муҳофазаси институтида зилзилани симуляция қилиш мажмуасининг ишга туширилиши тизимнинг катта муваффақиятларидан бири бўлди.

Аҳамиятлиси шундаки, ўқув синфларидан ташқари, зилзила тарихи музейи, намойишлар зали, тиббиёт ҳамда релаксация хоналарини ва энг асосийси, сунъий равишда 9 баллгача бўлган зилзила тебранишларини ҳосил этувчи ускунани ўз ичига олган бундай мажмуа Марказий Осиёда ягона бўлиб, дунёда саноқли давлатлардагина мавжуд, холос.

Қутқарув тизимининг таркибини сифат жиҳатидан янада яхшилаш, профилактика ишларини такомиллаштириш жараёнида халқаро ҳамкорликнинг роли ҳамда аҳамияти беқиёс. Шунга кўра, мамлакатимизда фуқаро муҳофазаси соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга эътибор ошиб бораётгани айни муддао бўлаётир. Жумладан, ҳозирги кунга қадар элликдан зиёд ходимларимиз турли давлатларда ўтган халқаро семинарлар, ўқув курслари ва анжуманларда қатнашдилар. Ўзбекистонлик кинологлар Германияда пухта тайёргарликдан ўтдилар.

Мамлакатимизда ёш авлоднинг она-Ватанга бўлган меҳр-муҳаббати ҳамда садоқатини мустаҳкамлаш, уларни соғлом ва баркамол қилиб вояга етказиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимида ҳам бу борадаги саъй-ҳаракатларга кенг ўрин ажратилаётир. Мисол учун, юртимиздаги умумий ўрта, ўрта махсус ҳамда касб-ҳунар таълими муассасаларида “Ёш қутқарувчи” кўнгиллилар клублари ташкил этилиб, клублар ўртасида уч босқичли мусобақалар йўлга қўйилди. Бундай тадбирлар ёшларимизда экстремал вазиятларда тўғри ҳаракат қилиш, нафақат ўзларининг, балки ўзгаларнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун тезкор қарор чиқариш, мустақил фикрлаш, керак бўлса, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш кўникмасини ривожлантириш билан бирга, қутқарув тузилмалар захирасини яратиш имконини бераяпти.

Бугун фахр билан айтиш мумкинки, Ўзбекистонда фуқаро муҳофазаси соҳасидаги ишларнинг қамрови ҳам, салмоғи ҳам йил сайин юксалмоқда. Айниқса, соҳадаги кадрлар салоҳияти ошиб бораётгани диққатга сазовор. Мардлик ва матонат, ўз ишининг профессионал негизини чуқур билиш, тезкор ҳаракатланиш ҳамда сафарбарлик ҳарбий хизматчиларимиз фаолиятининг энг муҳим мезони ва хусусияти бўлиб қолмоқда.

Юртбошимиз таъкидлаб ўтганидек, ўзгалар дардига бефарқ одам ҳеч қачон қутқарувчи бўла олмайди. Чунки қутқарувчилик — оддий касб эмас, балки инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш учун ўзини қурбон қилишга, жасорат кўрсатишга ҳамиша тайёр туриш демакдир. Шуниси аниқки, давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири — аҳоли ҳамда ҳудудларни турли табиий ва техноген тусдаги фавқулодда вазиятлардан муҳофаза этиш самарадорлиги мазкур соҳа ходимларидан янада масъулият ҳамда фидойиликни талаб қилади. Миллий тараққиётимизнинг муҳим омили ҳисобланган тинчлик ва осойишталикни асраш ниҳоятда долзарб ҳамда асосий вазифага айланган ҳозирги мураккаб замонда буни чуқур ҳис этиб, фуқароларимиз муҳофазаси ва она-Ватанимиз равнақи йўлида хизмат қилишдек олий бурчимизни шараф билан адо этмоғимиз шарт.

Турсинхан ХУДАЙБЕРГЕНОВ,

Ўзбекистон Республикаси фавқулодда вазиятлар вазири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn