Малакали бошқарув кадрлари
  • 23 Июнь 2016

Малакали бошқарув кадрлари

иқтисодиётимиз барқарорлигини таъминлашнинг муҳим омилидир

Пойтахтимизда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳамда Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) томонидан бошқарув кадрларини тайёрлаш дастури самараларига бағишланган анжуман ўтказилди.

Ўзбекистон ва Германия ўртасида йўлга қўйилган муносабатлар барча соҳада изчил ривожланиб бораётир. Савдо-иқтисодий, ишбилармон доиралар вакилларининг ўзаро тажриба алмашуви, менежерларнинг бошқарув малакасини ошириш борасидаги алоқалар тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Бунда 2007 йили икки давлат ўртасида Ўзбекистон Республикаси корхона ҳамда ташкилотлари бошқарув кадрларининг малакасини ошириш бўйича ҳамкорлик қилиш тўғрисида имзоланган англашув меморандуми муҳим аҳамият касб этаяпти.

Мазкур ҳужжатга кўра, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Германия халқаро ҳамкорлик жамияти томонидан юртимиз менежерлари учун Германияда ўқиш ҳамда иш ўрганишнинг йўлга қўйилгани айни муддао бўлди.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси бўлими бошлиғи Фаррух Омоновнинг билдиришича, дастур доирасида 370 нафарга яқин тадбиркорлик субъектлари менежерлари машинасозлик, тўқимачилик, енгил саноат, қурилиш материаллари, қишлоқ хўжалиги, логистика, муқобил энергия манбалари, меҳмонхона иши сингари йўналишларда Германияда малака ошириб қайтди. Айни кунларда яна 20 нафар ҳамюртимиз хорижда билим ва кўникмаларини мустаҳкамламоқда. Албатта, бу келгусида ушбу йўналишдаги тадбиркорлик субъектларида замонавий бошқарув усуллари, илғор -инновацион технологияларни кенг жорий этишда қўл келади.

— Ўзбекистон иқтисодиёти барқарор ривожланиб бораётган давлатлардан биридир, — дейди Германия халқаро ҳамкорлик жамияти Бошқарув кадрларини тайёрлаш дастури раҳбари Раймут Дюринг. — Бунда давлатингиз раҳбарининг кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш, қулай ишбилармонлик муҳитини яратишга алоҳида эътибор қаратаётгани муҳим ўрин тутаяпти. Бугунги анжуманда ҳамкорлигимизни яна уч йилга узайтириш бўйича икки томонлама келишув меморандуми имзонлангани, ўйлайманки, мамлакатларимиз ишбилармон доиралари ўртасидаги ҳамкорлик муносабатларини янада мустаҳкамлашга, савдо-иқтисодий ҳамда сармоявий алоқаларни бундан-да фаоллаштиришга хизмат қилади.

Тадбирда, шунингдек, ўзаро иқтисодий шерикликнинг долзарб масалалари, истиқболли режалар атрофлича муҳокама этилиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини қўллаб-қувватлашда интерактив платформаларнинг имкониятларига бағишланган тақдимот уюштирилди.

Раҳим ШЕРҚУЛОВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn