Жисмоний ва маънавий етуклик асоси
  • 23 Июнь 2016

Жисмоний ва маънавий етуклик асоси

Мамлакатимизда олимпизм тамойиллари изчил ривожланмоқда. Болалар ва хотин-қизлар, имконияти чекланган инсонлар ўртасида спорт, олимпия ҳамда -паралимпия ҳаракати оммалаштирилиб, кенг тарғиб қилинаётир.

Албатта, бу борада Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний тарбия ва спорт -тўғрисида”ги, “Таълим тўғрисида”ги, “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги, -“Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги ҳамда бошқа қатор ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар мустаҳкам пойдевор бўлаётир.

Ўзбекистон спорт делегациялари ёшлар ўртасидаги қитъа чемпионатлари, олимпиадаларда, бутунжаҳон универсиадаларида, жаҳон биринчиликлари ва бошқа нуфузли турнирларда муносиб қатнашиб келмоқда. Ўз навбатида, Миллий олимпия қўмитаси (МОҚ), Олимпия шон-шуҳрати музейи, ўнлаб спорт турлари бўйича республика федерациялари ҳамда ассоциациялари ташкил этилди. Маданият ва спорт ишлари -вазирлиги МОҚ билан ҳамкорликда ёзги Олимпиада ўйинлари дастурига киритилган 

28 спорт турининг 26 таси (гольф ҳамда елканли қайиқда сузишдан ташқари)ни, шунингдек, қишки Олимпиада таркибидаги учта спорт турини комплекс ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Шуларга мос равишда 1996 йилдан бери ўтказилган бешта олимпия мусобақасида 333 нафар ўзбе-кистонлик спортчи юртимиз шарафини ҳимоя қилди. Уларнинг 82 нафари хотин-қизлардир.

Бинобарин, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов мамлакатимизда -олимпия ҳаракати тараққиёти ва унинг ғояларини юқори суръатларда оммалаштиришни таъминлашга қўшган улкан ҳиссаси учун Халқаро олимпия қўмитаси, Осиё Олимпия кенгаши, Миллий олимпия қўмиталари ассоциациясининг юксак мукофотлари билан тақдирланган.

Зеро, мазкур салмоқли ишлар замирида ҳар томонлама баркамол, жисмонан соғлом, маънан ҳамда ахлоқан етук, илғор билим ва кўникмаларни, замонавий касб-ҳунарларни эгаллаган, давр талабларига жавоб берадиган, мустақил ҳамда ижодий фикрлашга қодир, юқори интеллектуал салоҳиятга эга авлодни тарбиялашдек эзгу мақсад мужассамдир.

Замонавий олимпизм асосчиси Пьер де Кубертен спортга жамиятни соғломлаштирувчи восита, дея таъриф берганди. Спорт нафақат юқори натижалар кўрсата оладиганлар учун, балки ҳамма хоҳловчилар учун очиқ бўлиши керак, деганди у. Зеро, спорт рақиб устидан зафар қучиш эмас, балки инсон ўзидаги турли иллатларни енгиб, иродани тоблаш ва камолот сари интилишдир. Спорт шахсда юксак ахлоқни шакллантириш, жисмонан ҳамда руҳан бақувват бўлиш, ўзаро ҳамкорлик ва ижобий рақобатга асосланган тинчликпарварлик фаолиятини олиб боришда катта роль ўйнайди. Кубертен ҳам халқлар ўртасидаги дўстлик ҳамда ҳамжиҳатлик, уларнинг маданий алоқаларини мустаҳкамлаш, турли мунозаралар, келишмовчиликлар ва тушунмовчиликларни тўхтатиш, қатор муаммоларни енгиб ўтишда спортдан фойдаланишни таклиф этган. Мазкур олижаноб орзуларни рўёбга чиқаришда эса олимпия ҳаракати институциясини яратиш, тараққий топтириш ташаббусини илгари сурган. Бу эса спортнинг ижтимоий-маданий мавқеини нафақат маҳаллий, балки дунё миқёсида ҳам юқори даражага олиб чиқди.

Қайд этиш жоизки, “спорт” ҳамда “олимпизм” атамалари маъноси турлича бўлса-да, моҳияти муштаракдир. Спорт, деганда, тайёргарлик жараёнлари ва инсонлардаги жисмоний ҳамда интеллектуал хусусиятларни таққослаб, синовдан ўтказиш тушунилса, олимпизм моҳиятида спорт фаолиятининг ахлоқий ибтидоси ва маънавий қадриятлар ётади. Яъни унинг мақсади тинч-тотув жамият қуришга камарбаста бўлувчи, эзгу фазилатларни сақлаб қолиш йўлида қайғурувчи баркамол инсонни вояга етказишда спортни муҳим омилга айлантиришдир.

Глобаллашув, молиявий-иқтисодий инқирозлар, ижтимоий ўзгаришлар, умумбашарий ҳамда миллий ахлоқий қадриятларни “тузатиш”га уринишлар бўлаётган, зўравонлик тарғиб қилинаётган, тартибсизликлар кузатилаётган бугунги кунда бундай ёндашув жуда долзарбдир. Боиси, айни пайтда ёшларнинг ахлоқий-маънавий характери билан боғлиқ муаммолар кун тартибига чиққан. Жамиятда нигилизм (ҳар қандай меъёрларни тан олмаслик), индивидуализм ва “оммавий маданият”нинг таъсирлари тарқалишини бартараф этишда минг йиллар давомида синовдан ўтган умумбашарий ҳамда миллий қадриятларни оммалаштиришнинг ўрни тобора ортмоқда. Шубҳасиз, бу борада замонавий олимпизм асослари, унинг “ҳалол ўйин” — “fair play” қоидаларида ўз ифодасини топган асосий мақсадлар ҳамда принциплар улкан аҳамият касб этади.

Хусусан, сўнгги йилларда соғлом турмуш тарзи, ижтимоий-ахлоқий тамойилларга қатъий риоя қилиш ва бу борада бошқаларга намуна кўрсатиш имкониятини намойиш этишга асосланган спорт машғулотлари ҳамда мусобақаларини ноанъанавий тарзда ташкил қилишга бўлган қизиқиш кучайиб бораётгани диққатга сазовор. Ўқув машғулотлари, олимпизм ғояларини тушунтириш ва тарғиб этишга қаратилган маданий--маърифий тадбирлар кўламини кенгайтириш ҳам бунда муҳимдир. Мазкур жабҳадаги ишлар самарадорлигини оширишда эса методик материаллар, жумладан, видео ҳамда кинофильмлар, аудиоёзувлар, плакатлар, китоблар, фотоиллюстрациялардан фойдаланиш айни муддаодир.

Бу борада олимпия ҳаракати тарихи, асосий спорт турларига оид қизиқарли маълумотлар, уларнинг тимсоллари, айниқса, томонлар тенглиги, рақиб, ўйин қоидалари ва ҳакамлар қарорини ҳурмат қилиш, зўравонлик ёки ёлғон, допинг ҳамда бошқа стимулятор истеъмолига йўл қўймаслик, ўз-ўзини назорат қилиш мезонларига асосланган “ҳалол ўйин принциплари”га алоҳида эътибор бериш мақсадга мувофиқ.

Юртимизда 23 июнь — Бутунжаҳон олимпия кунини спорт ва таълим муассасаларида кенг нишонлаш, унинг аҳамиятини ОАВда  ёритиш олимпия ҳаракатини янада равнақ топтириш, Олимпиада шоҳсупаларини забт этадиган янги авлод атлетларини вояга -етказишга қаратилган чора-тадбирлар самарадорлигини оширишга туртки беради.

Нодир ҒАФФОРОВ,

Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институти проректори.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn