Матбуот маркази саммитга тайёр
  • 21 Июнь 2016

Матбуот маркази саммитга тайёр

Тошкент шаҳрида 23-24 июнь кунлари Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтади. ШҲТга Ўзбекистон Республикасининг раислиги доирасида саммит олдидан кенг кўламли тайёргарлик ишлари амалга оширилди.

ШҲТ саммитини ёритишда Хитой, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, -Туркманистон, Афғонистон, Ҳиндистон, Покистон, Беларусь, Эрон, Мўғулистон ва бошқа давлатлар оммавий ахборот воситаларидан икки юзга яқин вакил, мамлакатимиздан қарийб икки юз журналист қатнашади.

ШҲТнинг халқаро майдондаги аҳамияти ва нуфузи юксалиб, фаолияти самарадорлиги ошиб бораётгани жаҳонда катта қизиқиш уйғотмоқда. ШҲТнинг Тошкент саммитини нафақат мазкур ташкилотга аъзо, кузатувчи, мулоқот бўйича шерик ҳамда меҳмон сифатида таклиф этилган мамлакатлар, балки бошқа кўплаб давлатларнинг оммавий ахборот воситалари, нуфузли халқаро нашрлар, ахборот агентликлари, интернет нашрлари ва телеканаллар вакиллари ҳам ёритиб бориш истагини билдиргани бунинг далилидир.

Саммит доирасидаги тадбирларни кенг, сифатли ҳамда тезкор ёритиш учун “Ўзэкспомарказ”да барча қулайликка эга халқаро матбуот маркази ташкил этилди. Саммит кунлари журналистлар иш олиб борадиган ушбу марказ энг юксак талабларга жавоб берадиган замонавий техника — электрон намойиш стендлари, компьютерлар, принтерлар ва бошқа кўп функцияли қурилмалар, телефон билан жиҳозланган, юқори -тезликдаги Wi-Fi ҳамда симли тизимлар орқали интернетга уланиш имконияти яратилган. 

Матбуот марказида саммит арафасида ва анжуман кунлари журналистларнинг тўлақонли ҳамда самарали фаолият кўрсатиши учун барча зарур шароитлар яратилган.

ЎзА.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn