Тадбиркор ёшлар —  мамлакат тараққиётини белгиловчи куч
  • 21 Июнь 2016

Тадбиркор ёшлар —  мамлакат тараққиётини белгиловчи куч

Юртимизда ёшларнинг орзу-ниятлари, эзгу мақсадларини рўёбга чиқариш учун барча имконият мавжуд. Билим олишга иштиёқманд йигит-қизларга замонавий таълим масканлари мунтазир, касби бўйича меҳнат қилишлари учун энг илғор технологиялар билан жиҳозланган корхонаю ташкилотларнинг эшиги очиқ. Буларнинг барчаси, ўз навбатида, келажагимиз эгаларининг тараққиётимиз йўлида ғайрат-шижоат кўрсатишлари, ўз иқтидору истеъдодларини намоён этишларига хизмат қилмоқда.

Эндиликда соғлом, маънан баркамол, интеллектуал салоҳиятли ёшларимиз дунёнинг тараққий топган мамлакатларидаги тенгдошлари билан барча соҳада бемалол баҳслаша -оладилар. Бинобарин, бу Юртбошимиз таъбири билан айтганда, ҳеч кимдан кам бўлмаган ва кам бўлмайдиган навқирон авлод — Мустақиллик ёшларини вояга етказиш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарасидир.

Бу борада амалга оширилаётган ишлар нечоғли тўғри ҳамда оқилона эканлиги ўтган вақт мобайнида амалда ўз исботини топди. Президентимизнинг мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида қайд этилганидек, Жаҳон банкининг “Бизнесни юритиш” рейтингига кўра, Ўзбекистон “Кичик бизнес субъектларига кредит бериш” деб номланувчи кўрсаткич бўйича сўнгги уч йилда дунё мамлакатлари орасида 154-ўриндан 42-ўринга кўтарилиб, ўтган йилнинг ўзида рейтингини 63 поғона яхшилаб олди. Ана шу йўналишдаги ислоҳотлар натижасида республикамиз ялпи ички маҳсулотида кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорликнинг улуши 2000 йилдаги 31 фоиздан 56,7 фоизга етиб, мазкур соҳадаги жами саноат маҳсулотларининг учдан бир қисми, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 98 фоизи ишлаб чиқарилишини таъминламоқда. Жами аҳолининг 77 фоиздан ортиғи эса ушбу тармоқда банд.

Эътиборлиси шундаки, оиласи фаровонлиги ва мамлакатимиз тараққиёти йўлида меҳнат қилаётган ишбилармонлар сафи касб-ҳунар коллежлари ёки олий ўқув юртларини битирган ёш мутахассислар ҳисобига йил сайин кенгайиб бораётир. Бу эса ҳар биримизда фахр-ифтихор туйғуларини уйғотмоқда. Чунки улар — ўзбек фарзанди, Ўзбекистон номли муқаддас Ватаннинг келажаги, юрт равнақига ҳисса қўшаётган баркамол авлод вакилларидир.

Мазкур жараёнда давлатимиз раҳбарининг 2006 йил 5 майдаги “Микрокредитбанк” акциядорлик тижорат банкини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармони асосида ўз фаолиятини йўлга қўйган ушбу молия муассасасининг алоҳида ўрни бор. Бинобарин, ўтган вақт мобайнида банк кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасининг юксалиши, хотин-қизлар, шу жумладан, тадбиркор ёшларни қўллаб-қувватлашга ихтисослаштирилган йирик молия муассасаси сифатида шаклланди. Ҳозирги кунда унинг 85 та филиали, 142 та минибанки орқали 200 мингдан зиёд хўжалик юритувчи субъектлар ҳамда жисмоний шахсларга кенг кўламдаги банк хизматлари таклиф этилаяпти.

Банк фаолият бошлаганидан буён ўтган ўн йилни сарҳисоб қиладиган бўлсак, тадбиркорлик субъектларига 3 триллион сўмдан зиёд кредит ажратилиб, 1,6 триллион сўмлик микромолиявий хизматлар кўрсатилди. Пировардида қарийб 1 миллионта янги иш ўрни яратилди. Ёш тадбиркорларга берилган имтиёзли кредитлар ҳажми эса 300 миллиард сўмга етди. 

Банк Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати билан ҳамкорликда кўплаб лойиҳаларни амалиётга татбиқ этиб келмоқда. Сабаби, ҳар қандай касб-ҳунарга ёшликдан меҳр қўйиб, унинг сир-асрорлари пухта ўрганилсагина, соҳанинг чинакам билимдонига айланиш мумкин. Шу маънода, банк тадбиркорликка билиму маҳорати, куч-ғайратини астойдил сафарбар қилишни истаган ёшлар билан ишлашни ўзининг муҳим вазифаси, деб билади. Бу йўналишда “Камолот” ЁИҲ билан бирга “Ёш тадбиркор — юртга мададкор” лойиҳаси, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда касб-ҳунар коллежлари ва академик лицей битирувчилари бандлигини таъминлаш, уларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, якка тартибдаги меҳнат фаолиятини йўлга қўйишга кўмаклашувчи “Менинг бизнес ғоям” танлови ўтказилаётгани бежиз эмас.

Қолаверса, олий ўқув юртлари битирувчиларининг тадбиркорликка қизиқишини кучайтириш мақсадида ташкил этилаётган “Диплом билан — бизнесга” мавзуидаги ўқув-семинар кўмагида кўпгина йигит-қизларимиз ўз бизнесларини йўлга қўйиб олишмоқда.

— Ёшлик инсон умрининг шижоатли, орзу-умидларга лиммо-лим палласидир, — дейди Оқолтин маиший хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи битирувчиси Ҳилола Исмоилова. — Бу чоғда олинган билим ёки ҳунарни тошга ўйилган нақшга қиёслашлари бежиз эмас. Ҳозирги кунда юртимизда ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилаётган эътибор миқёси шунчалик кенгки, тенгдошларимнинг аксарияти мазкур имкониятлардан самарали фойдаланишмоқда. Демак, ёшлар ҳаётда ўз ўрнини топиб, жамиятга фойда келтиришга интилаяпти. Хусусан, ўзим ҳам коллежда ўқиш давомида ҳунар сирларини пухта ўргандим. Яратилган имтиёзлар туфайли ёнимга бир неча тенгдошларимни олиб, маҳалламизда “Гўзаллик салони” очдим. Орзуларим рўёбга чиқаётганидан ниҳоятда мамнунман.

Айни пайтда банк томонидан Президентимизнинг 2010 йил 28 июлдаги “Таълим муассасаларининг битирувчиларини тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони талабларидан келиб чиқиб, барча ҳудудда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида анъанавий тарзда “Микрокредитбанк” сармоялари — тадбиркорлик, бунёдкорлик ва тараққиёт хизматида!” шиори остида семинарлар уюштирилмоқда.

Ушбу тадбирдан кўзланган мақсад касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг банк хизматларидан фойдаланиш имкониятини янада кенгайтиришдан иборатдир.

— Бир неча йиллардан буён кулоллик корхонасини ташкил қилиш ғоясини ўйлаб -юрардим, — дейди Шаҳрихон туманидаги Янги ҳаёт маҳалласида яшовчи ёш тадбиркор Азизбек Аҳмаджонов. — Банк кўмаги билан ниятим амалга ошди. Устахонамизда тайёрланаётган сопол буюмларга талаб ортиб, буюртмачилар сони тобора кўпаймоқда. Ҳунаримни тенгдошларимга ҳам ўргатаяпман.

Оқолтин туманидаги “Аҳиллик” қишлоқ фуқаролар йиғини аҳли Маъмурахон Жамоловани “Қишлоқнинг илғор тадбиркори” деб атайди. Чунки аслида чеварлар оиласида тарбия олган бу қиз раҳбарлик қилаётган корхонада тикилаётган кийим-кечаклар ўзининг юқори сифати билан ажралиб турса, “Гўзаллик салони”да кўрсатилаётган хизматлардан аҳоли хурсанд. Ваҳолонки, илгари бундай хизматлардан фойдаланиш учун узоқ йўл босиб, туман марказига боришга тўғри келарди.

Бундан йигирма беш йил муқаддам, яъни Ўзбекистон эндигина мустақилликни қўлга киритган пайтларда республикамиз ҳукумати ҳамда Марказий банк олдида макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, миллий валютани муомалага киритиш, шу орқали мустақил пул ва сифат жиҳатидан янги банк тизимини яратишдек ўта масъулиятли вазифалар турар эди. Уларни ҳал этиш, ўз навбатида, улкан билим, етук салоҳият ҳамда жасоратни талаб қиларди.

Мана шундай мураккаб вазиятда давлатимиз раҳбарининг шижоати ва бевосита -раҳбарлиги билан бошланган иқтисодий ислоҳотлар ўз самарасини берди. Банклар ўртасида соғлом рақобат шаклланиб, мижозлар билан ишлаш тажрибаси юксак даражага етмоқда. Молия-банк тизимини ривожлантириш ҳамда ислоҳ этишга қаратилган тизимли чора-тадбирлар иқтисодиётимизни тараққий топтириш билан бирга, юртдошларимизнинг ҳаёт даражасини юксалтириш, турмуш шароитини тубдан яхшилашга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир. Буни мамлакатимизда қулай ишбилармонлик ва инвестиция муҳити яратилгани, тадбиркорлик фаолияти ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани мисолида яққол кўриш мумкин.

Шигер КАШИВАГИ, Япониянинг Кэйо университети профессори:

— Ўзбекистонда тадбиркорлик фаолиятини юритиш шароитларини тубдан яхшилаш борасида қабул қилинган Фармон ҳамда қарорлар туфайли соҳа вакилларига банк хизматларидан фойдаланишда кўплаб енгилликлар тақдим қилинган. Уларнинг ижроси -доирасида кўрилган чора-тадбирлар натижасида сўнгги ўн йил мобайнида тижорат -банкларининг тадбиркорлик субъектларини кредитлаш ҳажми қарийб 20 баробар ўсиб, 45 триллион сўмга етгани ана шундан далолат беради.

Яна бир эътиборли жиҳати, ёшлар бандлигини таъминлашда ҳам банкларингиз фаол иштирок этмоқда. Яъни юртингиз молия муассасалари касб-ҳунар эгаллаб, ҳаётга эндигина қадам қўяётган навқирон авлод вакилларига кредит маблағлари ажратиб, уларнинг жамиятда ўз ўрнига эга бўлишини таъминлаш учун ўзига хос ҳисса қўшиб келаяпти. Бунда, айниқса, ёш тадбиркорларнинг ҳақиқий кўмакчисига айланган “Микрокредитбанк” акциядорлик тижорат банкининг ўрни беқиёслигини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Буларнинг барчаси Президент Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилган ва дунё миқёсида тараққиётнинг “ўзбек модели” сифатида тан олинган ислоҳотлар самарасидир.

Очиғи, истиқлолга қадар, асосан, тадбиркорлик соҳасини қўллаб-қувватлашга ихтисослаштирилган махсус молия муассасасини ташкил қилиш ҳеч кимнинг тасаввурига сиғмасди. Бевосита Президентимиз ташаббуси билан фаолият бошлаган “Микрокредитбанк” айнан мазкур соҳа вакилларига кўмак бериш орқали аҳолини, айниқса, ёшларни иш билан таъминлашга муносиб улуш қўшмоқда. Қолаверса, молия муассасаси томонидан таклиф этилаётган кредитлар бошқа молия институтларидагига нисбатан энг паст фоизлилиги билан ҳам ажралиб туради. Бундай қулай шартли ҳамда -имтиёзли маблағ тадбиркорлик билан шуғулланувчилар сафи тобора кенгайишида айни муддао бўлаяпти.

Бошқача айтганда, кичик сармоялар одамларни катта орзу-мақсадлар сари етакламоқда. Ёшларимизнинг иқтисодиётимиз барқарорлиги, элу юртимиз -фаровонлигини таъминлаш йўлидаги интилишларига кенг йўл очаяпти. Шу маънода, бугун ёшларимиз ҳал қилувчи куч бўлиб ҳаётга дадил кириб келмоқдаки, бунинг амалий самаралари кўзга яққол ташланаётир.

Алишер СУЮМОВ,

«Микрокредитбанк» акциядорлик тижорат банкининг Кредитлаш департаменти директори.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn