Юртимиз сарҳадларининг жасур посбонлари
  • 21 Июнь 2016

Юртимиз сарҳадларининг жасур посбонлари

Халқимиз тинчлиги ва осойишталигини сақлаш, турмуш фаровонлигини таъминлаш давлатимиз сиёсатининг энг муҳим устувор йўналиши ҳисобланади. Айниқса, бугун яқин ҳамда узоқ атрофимизда кузатилаётган турли қарама-қаршиликлар, зиддиятлар, тўқнашувлар, низо-адоватлар кучайиб бораётган ғоят қалтис бир шароитда ушбу масала янада долзарб аҳамият касб этмоқда. Бундан тўғри хулоса чиқариш, тинчликнинг нақадар улуғ неъмат эканлигини теран англаб, ҳушёр ва огоҳ бўлиб яшаш, қўлга киритилаётган улкан ютуқ ҳамда муваффақиятларимизни қадрлаш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир.

Дарҳақиқат, истиқлол йилларида юртимизда тараққиётнинг “ўзбек модели” асосида мустақиллигимизни янада мустаҳкамлаш, демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, иқтисодиётимизни ривожлантириш, шаҳару қишлоқларимизда замонавий шарт-шароит-лар яратиш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилаётир. Бу, албатта, мамлакатимиздаги тинчлик-осойишталик билан бевосита боғлиқ. Бу борада, шубҳасиз, Қуролли Кучларимизнинг ҳам алоҳида ўрни бор. Чунки миллий армиямиз юртимиз мустақиллиги ва хавфсизлиги ҳамда ҳудудий яхлитлигининг ишончли кафолатига айланди.

Ўзбекистонимиз ўзининг йигирма беш йиллик мустақил тараққиёт йўли давомида -замонавий, ихчам, ҳаракатчан, яхши тайёрланган, мамлакатимиз хавфсизлиги ва сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлаш, халқимизнинг тинч ҳамда осойишта ҳаётини ҳимоя қилишга қодир миллий армиясига эга бўлди. Чуқур ўйланган, узоқ муддатга мўлжалланган комплекс дастурларни изчил амалга ошириш асосида Қуролли Кучларни бошқаришнинг замонавий тизими яратилди. Қўшинларнинг тузилиши, жанговар таркиби, ташкилий-штат қурилиши ҳам тубдан янгиланди. Пировардида юртимизнинг мудофаа қобилияти янада мустаҳкамланди, сарҳадларимиз қалқонларининг жанговар салоҳияти, ҳарбий қисм ва бўлинмаларнинг ҳаракатчанлик даражаси юксалди.

Шуларга мос равишда Ватан посбонларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, қулай турмуш шароитларини яратиб бериш давлатимизнинг доимий эътиборида турибди.

Замонавий уй-жойлар, ҳарбий шаҳарчалар барпо этилгани ҳамда реконструкция қилингани, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оилалари эҳтиёжларига жавоб берадиган -инфратузилма яратилгани бунинг яққол тасдиғидир.

Бундай кенг кўламли ислоҳотлар самарасини МХХ Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчиларини уй-жой билан таъминлаш борасидаги чора-тадбирлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Бунда Президентимизнинг 2007 йил 14 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларини уй-жой билан таъминлаш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилаяпти.

Ўтган даврда мазкур ҳуқуқий ҳужжат ижроси доирасида кенг кўламли ишлар рўёбга чиқарилди. Хусусан, МХХ Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари ҳамда улар оила аъзолари учун кўплаб замонавий уй-жойлар, ётоқхоналар, таълим муассасалари, спорт мажмуалари ва бошқа объектлар қурилиб, фойдаланишга топширилди.

МХХ Чегара қўшинларидан тақдим этилган маълумотларга кўра, 2009 — 2013 йиллар давомида 800 дан ортиқ ҳарбий шаҳарча барпо этилган, 1800 нафардан зиёд ҳарбий хизматчи ҳамда уларнинг оила аъзолари уй-жой билан таъминланган. 2014 йил давомида 12 та ҳарбий иншоот қурилиб, 436 та замонавий хонадон калитлари ўз эгаларига топширилди.

Сўнгги икки йилда эса 29 та ҳарбий объект ва шаҳарча, чегара пости мажмуалари бунёд қилинди. Шунингдек, 448 нафар чегарачининг оила аъзолари янги уй-жойга эга бўлди. Бундан ташқари, замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланган ҳарбий госпиталь ва Санитар-эпидемиологик назорат маркази ишга туширилди.

Табиийки, соҳанинг моддий-техника базаси тобора мустаҳкамланаётгани ҳарбий хизматчиларнинг масъулиятли ҳамда шарафли вазифани муваффақиятли бажаришларида катта аҳамиятга эга. Бинобарин, МХХ Чегара қўшинлари ҳарбий қисмларининг бирида ўтган йили бугунги кун талабларига жавоб берадиган янги чегара пости мажмуаси ўз фаолиятини бошлади. Эътиборлиси, бу ерда чегарачиларнинг жанговар тайёргарлиги, билим ва малакасини янада ошириши ҳамда хизмат бурчини бекаму кўст бажариши учун барча шарт-шароит мавжуд. Айни чоғда шартнома асосида хизмат қилувчи ҳарбийлар ўз оилалари билан шинам хонадонларда истиқомат қилмоқдалар.

— Бизга берилган уй барча қулайликка эга бўлиб, шаҳардагилардан сира қолишмайди, — дейди катта лейтенант Б. Абдуллаев. — Бундан хурсандмиз. Айниқса, -ёнимизда жойлашган мажмуада спорт иншоотлари ҳамда майдончалар борлиги айни муддао бўлди. Биз учун ана шундай кенг имкониятлар яратиб берилган экан, Ватан олдидаги бурчимизни садоқат билан бажариб, юртимиз тинчлиги ва сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлаш орқали мамлакатимиз равнақига муносиб ҳисса қўшиш йўлида барча куч-ғайратимизни сарфлаймиз.

Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳридаги “Нуробод” қўрғонида ҳарбийлар шаҳарчаси барпо этилганига ҳали кўп бўлмади. Муҳими, бу ерда чегарачилар ҳамда уларнинг оила аъзолари учун ҳамма қулайлик муҳайё қилинган. Замонавий болалар майдончаси айни -чоғда ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари билан гавжум.

— Ҳарбийлик болалик орзуим эди, — дейди сержант Ш. Бобомуродов. — Мана, орзуим ушалиб, саккиз йилдан буён чегарачилар сафида хизмат қилаяпман. Сир эмас, бу биздан катта масъулият, доимо ҳушёрлик ва огоҳликни талаб этади. Зеро, чегара ҳар қандай вазиятда, кечаю кундуз қўриқлашни тақозо қилади. Биз учун яратилган энг қулай шароитлар бу борада қўшимча куч бағишлаяпти. Масалан, бир гуруҳ сафдошларим қаторида менга ҳам замонавий уй насиб этди. Ҳозир у ерда турмуш ўртоғим ҳамда фарзандларим билан бахтли ҳаёт кечираяпмиз.

Ҳарбийларни уй-жой билан таъминлаш бўйича қабул қилинган давлат дастури ижроси Сурхондарё вилоятида ҳам изчиллик билан таъминланаяпти. Хусусан, ўтган йили воҳанинг Термиз шаҳри ва Жарқўрғон туманида 100 га яқин янги уй ўз эгаларига топширилган эди. Жорий йилда эса Узун туманида 40 та оилага мўлжалланган тураржой қурилиши бошлаб юборилган бўлса, яқинда Музработ туманида қад ростлаган 48 хонадонли янги бино ҳарбий хизматчилар ҳамда уларнинг оила аъзоларига топширилди. -Иншоотда нимаики зарур бўлса, барчаси муҳайё қилинган. Хоналар кенг ва ёруғ, замонавий усулда жиҳозланган. Шаҳарча ҳудудига мевали ҳамда манзаралари дарахт кўчатлари, турли гуллар экилган. Бу эса ҳудудда ёқимли микроиқлимни ҳосил қилган. Замонавий болалар майдончаси ҳам барчага бирдек манзур бўлди.

— Ўн йилдан буён МХХ Чегара қўшинларида шартнома асосида хизмат қиламан, — дейди кичик сержант Д. Юсупов. — Ўтган давр мобайнида ушбу соҳа ҳаётим мазмунига айланди. Турмуш ўртоғим Лобархон ва икки нафар фарзандим масъулиятли вазифамда менга кўмакчи. Яқинда уч хонали уйга кўчиб кирдик. Бундан уларнинг қувонганини кўрсангиз эди. Фаровон ҳаёт кечиришимиз учун барча қулайлик тақдим этилган. Бизга ана шундай шароит яратиб бераётган Юртбошимиздан беҳад миннатдормиз.

Умуман, истиқлол йилларида ҳарбий хизматчилар ҳамда уларнинг оилаларини ижтимоий муҳофаза қилиш, хусусан, замонавий уй-жойлар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ана шундай ғамхўрликка муносиб бўлиш йўлида чегарачиларимиз сарҳадларимиз мустаҳкамлиги, осмонимиз мусаффолиги, кўнгилларимиз хотиржамлигини таъминлаш йўлида сидқидилдан, жонкуярлик ва фидойилик кўрсатиб хизмат қилмоқда. Зотан, тинчлик ҳамда осойишталик ҳукмрон юрт гуллаб-яшнайди, дориламон кунлар бардавом, аҳоли турмуши эса фаровон бўлиб бораверади.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn