Тадбиркорлар ҳуқуқи ва  хусусий мулк муҳофазаси
  • 20 Июнь 2016

Тадбиркорлар ҳуқуқи ва  хусусий мулк муҳофазаси

Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан тадбиркорларнинг ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда хусусий мулкни муҳофаза қилиш соҳасида ижтимоий шерикликни ривожлантиришнинг долзарб масалаларига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда бозор тамойиллари ва бошқарув механизмларини амалиётга йўналтириш, қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш мақсадида узоқни кўзлаб олиб борилаётган сиёсат самарасида бугунги кунда хусусий сектор иқтисодиётимизнинг муҳим таянчига айланди. Давлат органларининг хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолиятига аралашувини чеклашга доир чоралар кўрилмоқда, кенг кўламли имтиёз ҳамда преференциялар тизими яратилаяпти, шунингдек, мазкур соҳанинг жадал ривожланишини таъминлашга йўналтирилган қонуний асос изчил такомиллаштирилаётир. Жаҳон банки рейтингида Ўзбекистон кейинги йилларда тадбиркорлик фаолияти учун ишбилармонлик муҳитини яратишда энг яхши натижаларга эришган дунёдаги ўнта давлат қаторидан жой олгани бежиз эмас, албатта.

Тадбир қатнашчилари давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 15 майда қабул қилинган -“Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони хусусий тадбиркорликнинг иқтисодиётимиздаги роли ҳамда ўрнини тубдан ошириш, тадбиркорлик фаолиятини ташкил қилиш йўлидаги тўсиқ ва чекловларга барҳам бериш борасидаги ишларни янги босқичга олиб чиққанини эътироф этдилар. Ушбу ҳужжат ижроси доирасида тадбиркорлик субъектлари фаолияти соҳасини тартибга солувчи қирқдан зиёд қонун ҳужжатларига ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритилди.

Тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари устуворлигини кафолатлашда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш миллий институтлари ҳамда жамоат ташкилотлари ҳамкорлиги муҳим ўрин тутади. Айтиш жоизки, улар томонидан тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисидаги қонунчилик талабларининг рўёбга чиқарилиши юзасидан комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Фуқароларнинг тадбиркорлик билан шуғулланишга оид конституциявий ҳуқуқини ҳимоя қилиш Омбудсман фаолиятининг устувор йўналишларидан бири саналади. Тадбирда мазкур институт томонидан олиб борилаётган тизимли ишлар ҳақида маълумот берилиб, ўтган йили тадбиркорлик фаолиятига оид мурожаатлар сони сезиларли даражада камайгани, ишбилармонларнинг давлат томонидан тақдим этилаётган имтиёзлар ва афзалликлар борасида хабардорлигини ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда жойларда “Тадбиркорлар куни” тадбирини ташкил қилиб, шу орқали бизнес субъектларини ўйлантираётган муаммоларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш саъй-ҳаракатларини изчил олиб бормоқда. Жорий йилнинг биринчи чорагида ўтказилган “Тадбиркорлар куни” тадбирига 34 минг 800 дан зиёд ишбилармонлик субъекти жалб қилинди.

Давра суҳбатида шулар хусусида батафсил сўз юритилди. Тадбиркорларнинг ҳуқуқ-ларини таъминлаш ва хусусий мулкни муҳофаза этиш соҳасида ижтимоий шерикликни ривожлантириш бўйича давлат ҳамда жамоат ташкилотлари томонидан ишлаб чиқилган таклифлар муҳокама қилинди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди.

Фарида МАҲКАМОВА,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn