Табиий ресурслардан самарали фойдаланиш — долзарб масала
Версия для печати
  • 17 Июнь 2016

Табиий ресурслардан самарали фойдаланиш — долзарб масала

Ҳозирги кунда сайёрамизда кечаётган қурғоқчилик ҳамда чўлланиш жараёни халқаро жамоатчиликнинг доимий диққат-эътиборида турган глобал муаммолар сирасига киради.

Бу бежиз эмас. Чунки чўлланиш, ер деградацияси ва қурғоқчилик жиддий иқтисодий, ижтимоий ҳамда экологик муаммо сифатида дунёнинг кўплаб мамлакатлари озиқ-овқат хавфсизлигига, инсонлар саломатлигига салбий таъсир кўрсатаяпти.

Бугунги кунда 100 дан зиёд давлатнинг 1,2 миллиард аҳолиси ана шундай ҳолатдан азият чекаётгани фикримиз тасдиғидир. Қолаверса, 1994 йилда БМТ томонидан ушбу долзарб масалага жаҳон ҳамжамияти эътиборини кенгроқ жалб этиш, экологик муаммога қарши курашда ҳамкорликни кучайтириш мақсадида Қаттиқ қурғоқчиликни бошдан кечираётган ва/ёки чўлга айланиб бораётган мамлакатларда, айниқса Африкада чўлга айланиб боришларга қарши кураш бўйича Конвенция қабул қилингани ҳам муаммонинг нечоғли жиддий эканлигини англатади. Бинобарин, мазкур Конвенция уни ратификация қилган давлатлар ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш, бу борада аҳоли хабардорлигини ошириш, шунингдек, қурғоқчилик оқибатларини бартараф этиш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишни назарда тутади.

Статистик маълумотларга кўра, дунё миқёсида чўлланиш ҳамда қурғоқчилик оқибатида ҳар йили 42 миллиард АҚШ долларига тенг қишлоқ хўжалиги экинлари нобуд бўлади. Қолаверса, келгусида иқлимнинг тобора исиши ва чўлларнинг кенгайиши сабабли озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш ҳажми камайиши баробарида, ҳайвонот ҳамда ўсимлик дунёсида ҳам кенг кўламли кўчишлар кузатилиши мумкин. Бу эса фаоллиги сустроқ бўлган турлар янги шароитга мослаша олмай, бутунлай йўқ бўлиб кетиш хавфи бор, деганидир.

БМТ Бош Ассамблеяси 2010 йилнинг январь ойидан 2020 йилнинг декабрь ойига қадар “БМТнинг чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш 10 йиллиги” деб эълон қилишидан мақсад ҳам мазкур муаммони бартараф этишга қаратилган саъй-ҳаракатларни бирлаштиришдан иборатдир.

Шу ўринда юртимизда чўлланишга сабаб бўлувчи айрим омиллар хусусида тўхталиб ўтсак. Маълумки, Қизилқум чўлида бир пайтлар қоракўлчиликни ривожлантириш ва чорва туёғини мувофиқлаштириш мақсадида қудуқлар бунёд қилинган эди. Эндиликда эса ушбу қудуқларнинг аксарияти ўз фаолиятини тугатган ёки таъмирталаб бўлиб қолганлиги, шунингдек, жуда камсонли қудуқлар атрофида чорва туёғи сонининг ошиб кетиши яйловдан самарали фойдаланишнинг издан чиқишига олиб келди.

Бундан ташқари, айрим ҳудудларда ўзлаштирилган майдонларда ҳам чўлланиш жараёни кучайиб, бундай жойлар сув танқислиги ҳамда тупроқнинг ўта шўрланиши оқибатида ташландиқ ҳудудларга айланиб бормоқда. Буларнинг барчаси собиқ иттифоқ даврида пухта ўйланмасдан амалга оширилган ишларнинг нохуш оқибатларидир, албатта.

Таъкидлаш жоизки, истиқлол йилларида Ўзбекистонда ушбу йўналишда муайян ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 1999 йилда Конвенция мажбуриятлари бажарилишини таъминлаш мақсадида Миллий ҳаракатлар дастури ишлаб чиқилгани, чўл экотизимлари барқарорлигига эришиш, ўрмонларни тиклаш, ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар бунга ёрқин мисол бўла олади.

Шунингдек, бугунги кунга келиб, юртимизда қишлоқ хўжалигининг кўп сув талаб этувчи тармоқлари сезиларли даражада қисқартирилди, соҳага юқори технологиялар жорий қилинмоқда. Юртбошимиз ташаббуси билан Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармаси тузилиб, манзилли дастур доирасида амалга оширилган ишлар натижасида республика бўйича 1 миллион 200 минг гектардан ортиқ суғориладиган майдонларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланди.

Ўз навбатида, 2013 — 2017 йиллар давомида жами 25 минг гектар майдонда томчилатиб суғориш тизими, 45,6 минг гектар майдонда плёнка тўшаб суғориш усули ҳамда 34 минг гектар майдонда эса ўқариқлар ўрнига кўчма эгилувчан қувурлар ёрдамида суғориш усуллари жорий этилиши белгиланган.

Эътиборлиси, бундай саъй-ҳаракатлар ўз самарасини бермоқда. Айни пайтда мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида фойдаланилаётган сувнинг умумий миқдори ўтган асрнинг 80-йилларидагига нисбатан йилига қарийб 13 млрд. куб метргача камайтирилди. Жумладан, мустақилликнинг дастлабки йилларида бир гектар суғориладиган майдонга 18 минг куб метр обиҳаёт ишлатилган бўлса, эндиликда бу кўрсаткич 10,5 минг куб метрни ташкил қилмоқда.

Ўрмонларни, хусусан, иҳотазорларни барпо этиш ҳам чўлланишга қарши курашишда асосий чоралардан бири ҳисобланади. Шу боис ўрмонларни кенгайтириш, янги дарахтзорлар барпо этиш ишларини такомиллаштириш, соҳада фаолият юритишга бел боғлаган юридик ва жисмоний шахсларга ҳар тарафлама кўмак кўрсатиш муҳим аҳамиятга эга.

Мутахассисларнинг фикрича, биохилмахилликни сақлаш, чўлланиш ҳамда қурғоқчиликка қарши курашишда биологик ресурсларни муҳофаза қилиш талабларига тўлиқ риоя этилишини таъминлаш, шамол ва сув эрозиясига қарши курашиш самарадорлигини ошириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилишда давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда кенг жамоатчилик билан ҳамкорликни ривожлантириш ижобий самара беради. Шунингдек, сув ва ер ресурсларини бошқаришдаги иқтисодий механизмлар ҳамда ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига қатъий риоя этилиши устидан назоратни кучайтириш каби масалаларга ҳам эътибор қаратиш зарур. Зеро, айнан ер ҳамда сув ресурсларини барқарор бошқариш йўли билан биохилмахилликни сақлаш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, иқлимнинг ноқулай оқибатларига мослашиш мумкин.

Ф. ҚУВВАТОВ,

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати,

Экоҳаракат депутатлар

гуруҳи аъзоси.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn