Файзли кунлар шукуҳи
  • 17 Июнь 2016

Файзли кунлар шукуҳи

Истиқлолимизнинг йигирма беш йиллиги кенг нишонланадиган жорий йилда мамлакатимизнинг мустақил тараққиёт йўлига яна бир карра назар ташлар эканмиз, бугунги ёруғ кунларга, ютуқ ва марраларга қандай омиллар эвазига эришганимиз кўз ўнгимизда гавдаланади.

Ўтган тарихан қисқа, мазмунан бой йилларда Президентимизнинг узоқни ўйлаб олиб борган оқилона ҳамда одилона сиёсати туфайли асрларга татигулик ўзгаришлар амалга оширилди. Зеро, халқимизнинг кечаги кўрган кунию бугунги ёрқин ҳаёти ўртасида катта фарқ борлиги айни ҳақиқат. Қийинчилик билан эришилган ҳурлик, йиллар мобайнида орзу қилинган мустақиллик нашидаси қалбларимизга ҳузур бағишлаётгани бугунги фаровон ҳаётимизда яққол намоён бўлмоқда. Бинобарин, давлатимиз раҳбарининг яқинда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорида қайд этилганидек, олдин тасаввур қилиш ҳам мушкул бўлган бундай оламшумул натижаларнинг асосий омилини, авваламбор, тараққиёт йўлимизда тўсиқ бўлган турли қийинчилик, етишмовчилик, оғир ҳамда машаққатли синовларни енгиб ўтишда одамларимиз, бутун халқимизнинг дунёқараши, меҳнатга, ҳаётга муносабати ўзгариб, уларнинг сиёсий онги, ижтимоий фаоллиги, ён-атрофдаги воқеаларга дахлдорлик ҳисси тобора кучайиб бораётганида кўриш даркор.

Дарҳақиқат, Истиқлол халқимизга янги тараққиёт эшикларини очиб берди. Юртимизга барқарорлик, халқимизга фаровонлик, ҳаётимизга тинчлик-осудалик, кўнглимизга хотиржамлик, кучимизга куч, қалбимизга шижоат бағишлаган бу неъмат диёримизнинг кўркамлашиб бораётган қиёфасида ҳам бўй кўрсатмоқда.

Айниқса, сўнгги йилларда қишлоқларимизда барпо этилаётган инфратузилмалар, коммуникация тармоқлари, ижтимоий объектлар одамларимизнинг турмуш фаровонлигини янада юксалтиришга замин бўлаётгани, уларга шаҳардагидек шарт-шароитларни яратиб бераётганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Хусусан, Президентимиз раҳнамолигида намунавий лойиҳалар асосида қурилаётган уй-жойлар обод манзилларимиз чиройига чирой қўшиб, халқимиз дунёқарашини, турмуш тарзини тубдан ўзгартириб юборди, десак, асло муболаға бўлмайди. Зотан, бу ташаббус илгари сурилган дастлабки йилларда юртимизда намунавий лойиҳалар асосида 847 та уй-жой барпо қилинган бўлса, 2015 йили мазкур кўрсаткич 12 мингтага етди. Хусусан, ўтган йилларда кўплаб автомобиль йўллари, электр энергияси, газ тармоқлари ҳамда ичимлик суви қувурлари тортилди. Маҳалла гузарлари, болалар боғчалари, спорт майдончалари, мактаблар, қишлоқ врачлик пунктлари, минибанклар, қисқаси, инсон кундалик ҳаёти учун зарур бўладиган барча шарт-шароит муҳайё этилди. Эътиборли жиҳати, бу борадаги саъй-ҳаракатлар кўлами тобора кенгайиб бормоқда. Чунончи, Президентимизнинг шу йил 29 январдаги “2016 йил учун тураржой мавзеларини қуриш ва қишлоқ жойларда намунали лойиҳалар бўйича якка тартибдаги тураржойлар қурилиши индустриал базасини янада ривожлантириш ва маҳаллийлаштириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги қарорига кўра, жорий йилда мамлакатимиздаги 150 дан ортиқ қишлоқ туманларида умумий майдони 1823,7 минг квадрат метр бўлган 13 мингта уй-жойлар барпо этилиши режалаштирилган. Бу эзгу юмушлар, шубҳасиз, минглаб хонадонларнинг турмуш сифати янада яхшиланишига хизмат қилади.

Бундай янгиланишларни чорвадорлар юрти — Томди тумани мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Боиси, ҳудудимиз мустақиллик туфайли Қизилқум қўйнидаги мўъжизага айланди. Ўз меҳнати билан юрт равнақига ҳисса қўшиш истагида чўл кезган чўпон-чўлиқларга эътибор кучайди, уларнинг меҳнати қадрланиб, юксак давлат мукофотларига муносиб кўрилмоқда. Шунинг баробарида, олис овулларда яшаб, Ватан қадрини баланд тутиб келаётган фуқароларнинг турмуш тарзи тубдан яхшиланди. Янги Томди қўрғонида бири-биридан муҳташам бинолар қад ростлаётгани бунинг бир тасдиғидир. Яқин тарихгача фақатгина чорвачилик ҳудуди сифатида қараб келинган туманда бугун кўплаб ишлаб чиқариш субъектлари, ижтимоий объектлар, корхонаю ташкилотлар фаолият юритаётгани, айниқса, қувонарли.

Овулларимиздаги катта янгиланишларни айтмайсизми?!. Болаларимизнинг билим олишлари учун замонавий таълим масканлари қурилиб, илғор ўқув жиҳозлари, энг сўнгги русумдаги компьютерлар билан таъминланди. Фуқароларнинг саломатлиги мунтазам тиббий кўрикдан ўтказилмоқда. Марказлардан анча олис бўлган ҳудудларда шундай қулайликлар яратилганки, буларнинг барчаси истиқлол шарофатидандир.

Мустақиллик бизга ниҳоятда катта имкониятлар туҳфа этди. Мамлакатимизда яшаётган ҳар бир инсоннинг қадр-қиммати, шаъни бебаҳо қадрият сифатида эъзозланмоқда. Истиқлол боис қаддимиз тикланди. Осуда ва фаровон ҳаёт, ободлик, тўкинлик эса истиқлолимизнинг энг олий неъматларидир. Бинобарин, юртимиздаги бундай юксалишлар тинчлик туфайли таъминланаётганини барчамиз юксак қадрлашимиз, уни мустаҳкамлаш учун интилишимиз, буларнинг аҳамиятини, эришилган ютуқ ҳамда марраларни кенг жамоатчилик, айниқса, ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилишимиз айни заруратдир.

Алим МЕНЛИҚУЛОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn