Бир болага етти маҳалла ҳам ота, ҳам она
  • 17 Июнь 2016

Бир болага етти маҳалла ҳам ота, ҳам она

Мамлакатимизда ҳар жиҳатдан баркамол авлодни тарбиялашда оиланинг ўрнини кучайтириш, мазкур институтнинг фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда таълим-тарбия муассасалари билан ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашга доимий эътибор қаратиб келинмоқда.

Шу йил апрель — май ойларида барча туман ва шаҳарларда Халқ таълими вазирлиги, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси, “Камолот” ЁИҲ томонидан ташкил этилган “Оила — маҳалла — таълим муассасаси” ҳамкорлиги механизмини татбиқ қилишнинг амалий жиҳатлари” мавзуидаги ўқув-семинарлар ушбу мақсадга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.

Айтиш жоизки, жисмонан соғлом, маънавий етук ҳамда ҳар томонлама баркамол авлодни тарбиялашда оила институти, ота-оналар ва фуқаролар йиғинларининг таълим муассасалари билан ўзаро ҳамкорлигини янада кучайтиришга йўналтирилган ўқув-семинарлар аввалига республикамизнинг 14 та ҳудудида намунали тарзда ташкил этилди. Шундан сўнг бундай тадбирлар 193 та туман ҳамда шаҳарда бўлиб ўтди. Уларда 42,4 мингдан ортиқ фаоллар, хусусан, туманлар ва шаҳарлардаги тегишли давлат ҳамда жамоат ташкилотлари вакиллари, жумладан, умумтаълим мактаблари, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари раҳбар-ходимлари, фуқаролар йиғинлари раислари, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар қатнашди.

Тадбирларда фарзандларимизни Ватан ҳамда миллий истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялашда Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 19 июндаги “Баркамол авлодни тарбиялашда оила институти ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг таълим муассасалари билан ўзаро ҳамкорлигини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори дастуриламал бўлиб хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди.

Айни чоғда мазкур ҳужжат асосида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигида “Оила — маҳалла — таълим муассасаси” ҳамкорлиги жамоат кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳамда вилоятлар халқ таълими бошқармаларида тузилган жамоат кенгашлари самарали фаолият юритаяпти.

Уларнинг саъй-ҳаракатлари билан оила, умумтаълим мактаблари, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ва маҳаллалар ҳамкорлиги тобора мустаҳкамланиб бораётир. Ота-оналарнинг фарзанд тарбиясидаги ролини ошириш, ёш авлод тарбияси билан боғлиқ ҳуқуқий ҳамда маънавий-ахлоқий, физиологик билим ва кўникмаларини мустаҳкамлашга кўмаклашиш, таълим-тарбия сифатини ўрганиш ҳамда янада яхшилаш борасида ҳам муҳим чора-тадбирлар кўрилмоқда. Қолаверса, таълим тизимидаги ислоҳотлар билан ота-оналар ва жамоатчиликни атрофлича таништириш, ўқувчиларнинг зарарли таъсирларга кириб қолишига сабаб бўладиган омилларга қарши профилактик тадбирларни кучайтириш ҳамда ҳудудий жамоат кенгашлари фаолиятини мувофиқлаштириш ишлари юқори даражада давом эттирилмоқда.

Ўқув-семинарларда тегишли идора ва ташкилотлар мутахассисларининг мавзу билан боғлиқ чиқишлари қатнашчиларга манзур бўлди. Хусусан, “Оила — маҳалла — таълим муассасаси” ҳамкорлиги механизмининг моҳияти ҳамда аҳамияти, бу борада фуқаролар йиғинлари олдида турган долзарб вазифалар, оилалардаги маънавий муҳит ушбу механизм самарадорлигини оширишда муҳим омил бўлиши, ёшларни баркамол қилиб тарбиялаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва бошқа қатор долзарб масалалар батафсил муҳокама қилинди.

— Фарзандларимизнинг таълим-тарбияси биргина муассасанинг иши эмас, — дейди Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги жамоат кенгаши масъул котиби Жамолиддин Камолов. — Бунда барча ташкилот ҳамда муассасалар, кенг жамоатчилик иштироки талаб этилади. Шу боис оила, маҳалла, таълим муассасаси ҳамкорлигини мустаҳкамлаш мақсадида турли вазирлик ва идоралар билан ўзаро алоқалар йўлга қўйилган. Айни чоғда “Оила — маҳалла — таълим муассасаси” ҳамкорлиги механизмини янада кучайтиришга доир ишлаб чиқилган муҳим чора-тадбирларнинг амалиётга татбиқ қилиниши бўйича мониторинг олиб борилаётир.

Ўқувчиларнинг таълим-тарбияси, машғулотларга қатнашиш давоматини таъминлаш нафақат ўқув муассасаси раҳбарлари ҳамда ўқитувчиларига, шу билан бирга, ота-оналар, маҳалла фаолларига ҳам бевосита боғлиқ. Бунда маҳалла, оила ва таълим муассасалари ҳамкорлиги қўл келади. Шу мақсадда умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежларида ёшлар тарбиясига оид давра суҳбатлари, учрашувлар ҳамда ўқувчилар давомати бўйича мониторинглар ўтказилмоқда. Шунингдек, 9-синфни тамомлаган ёшларни таълимнинг кейинги босқичига қамраб олиш, коллеж битирувчиларини иш билан таъминлаш доимий эътиборда. Шуларга мос равишда маҳалла фаоллари ва ҳудуддаги ички ишлар бўлимлари томонидан ўтказилаётган рейдлар ҳамда жойларда ташкиллаштирилаётган маънавий-маърифий тадбирлар, ота-оналар билан учрашувлар мавжуд муаммоларни ҳал этишда муҳим омил бўлмоқда. Хусусан, жорий йилнинг биринчи чорагида маҳаллаларда маслаҳатчилар иштирокида “Оила — маҳалла — таълим муассасаси” ҳамкорлиги доирасида 36 мингдан зиёд турли тадбирлар ўтказилган.

Маълумки, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, ёшларни миллий урф-одат, анъана ҳамда қадриятларимизга ҳурмат руҳида камол топтириш, спорт билан шуғулланиши, замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллашлари учун зарур шарт-шароит яратиш, бандлигини таъминлаш ҳамда тадбиркорликка кенг жалб қилиш орқали улар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтиришда маҳалланинг ўрни ва таъсири тобора ошмоқда. Зеро, “Бир болага етти маҳалла ҳам ота, ҳам она”, деган мақол бежиз айтилмаган.

— Ҳар бир ота-онанинг барча эзгу ниятида фарзандларини ҳам жисмоний, ҳам маънавий жиҳатдан соғлом ўстириш, уларнинг бахту саодати, фаровон келажагини кўриш орзуси мужассамдир, — дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви раисининг ўринбосари Дилшода Мирзажонова. — Шу мақсадда мамлакатимизда ёшлар тарбиясига устувор аҳамият қаратилиб, унга давлат ҳамда жамоат ташкилотлари кенг жалб этилгани таҳсинга лойиқ. Айниқса, оила, маҳалла ва таълим муассасалари ҳамкорлиги доирасида ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, уларни турли зарарли таъсирлардан, “оммавий маданият” ниқоби остидаги таҳдиду хатарлардан асраш, Ватанга муҳаббат, садоқат руҳида тарбиялаш учун унинг қалби ҳамда онгида мафкуравий иммунитетни янада кучайтириш, турли фан ва спорт тўгаракларига кенг жалб қилиш, бўш вақтини мазмунли ташкил этишни таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.

Мисол учун, ўқувчиларнинг дарсга тўлиқ қатнашишини назоратга олиш, масъулларни бириктириш, уларнинг бўш вақтини самарали ташкил қилиш, турли тўгаракларга жалб этиш чоралари кўрилмоқда. Фуқаролар йиғинларидаги 9046 та “Ота-оналар университети” томонидан ота-оналарнинг ҳуқуқий билимини мустаҳкамлаш бўйича ўтказилаётган тадбирлар бунда муҳим омил бўлаётгани, айниқса, эътирофга молик.

Шунингдек, қиз болаларни тарбиялаш, уларнинг замонавий билим ҳамда касб-ҳунарларни эгаллашига ёрдам бериш, эрта никоҳ ва оилавий низоларнинг олдини олиш, урф-одат ҳамда турли маросимларни ихчам ва тартибли ўтказиш мақсадида мактаб, касб-ҳунар коллежи ҳамда академик лицейлар ҳамкорлигида турли тадбирлар уюштирилмоқда.

— Бола, аввало, оила бағрида униб-ўсади, шахс сифатида камол топади, — дейди Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси мутахассиси Саодат Боймирзаева. — Қизларимиз маънавиятини шакллантиришда оиладаги муҳит, она тарбияси, оталар ўгити, кейинчалик маҳаллада, умумтаълим мактабларида, касб-ҳунар коллежлари ва олий ўқув юртларида бериладиган таълим-тарбия муҳим ўрин тутади.

Қўмитамиз томонидан ўқувчи-қизлар ўртасида шахсий гигиеник соғлом турмуш тарзини шакллантириш, уларда хонадони, маҳалласи ҳамда атроф-муҳит тозалигига эътиборни кучайтириш, экологик ва тиббий маданиятни ошириш, эрта турмушга чиқишнинг олдини олиш, оилавий ҳаёт ҳақидаги тушунча ҳамда билимларини бойитиш мақсадида таълим муассасаларида “Ораста қизлар” тўгараклари фаолияти йўлга қўйилди. Мактабгача таълим муассасаларида эса қиз болаларни гўдаклигидан соғлом турмуш тарзига ўргатиш, улар руҳига миллий қадриятлар, одоб-ахлоқ қоидаларини, онгу шуурига миллий тушунчаларимизнинг энг ноёб жиҳатларини сингдириш мақсадида “Зумрадойлар давраси” ташкил қилинди.

Эришаётган ютуқларимизда “Оила — маҳалла — таълим муассасаси” ҳамкорлиги механизми муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу маънода, бу ҳамкорликни янада кенгайтириш ҳаракатидамиз. Бўлиб ўтган ўқув-семинарлар бу борада жуда фойдалидир.

Семинарларда ҳамкорлик доирасида амалга оширилаётган, ёшлар ўртасида спортни, айниқса, болалар спортини ривожлантиришга қаратилган муҳим чора-тадбирлар алоҳида айтиб ўтилди. Бунда ҳар йили анъанавий тарзда ташкил қилинаётган “Футболимиз келажаги”, “Маҳалламиз паҳлавонлари”, “Отам, онам ва мен — спортчилар оиласи”, “Биз ақл-идрокли оилалармиз” каби спорт мусобақаларининг ўрни салмоқли бўлмоқда. Кези келганда айтиш керакки, шу кунларда мазкур баҳсларнинг қуйи босқичлари юқори савияда ўтказилаяпти.

— Ўқув-семинарда фаолиятимиз билан боғлиқ зарур маълумотларга эга бўлдик, — дейди Навоий вилоятининг Кармана туманидаги 4-умумтаълим мактаби директори Гулчеҳра Сатторова. — Хусусан, бизга “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, “Оила” илмий-амалий маркази билан ҳамкорликда нашр қилинган “Оила — маҳалла — таълим муассасаси ҳамкорлиги” номли қўлланма манзур бўлди. Зеро, унда шу ҳамкорликни кучайтиришдан кўзланган асосий мақсад ҳамда вазифалар, уни амалга оширишнинг шакл ва усуллари, фуқаролар йиғинлари ходимлари, -фуқаролар йиғини фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича комиссияларнинг вазифалари ҳамда жамоат кенгаши томонидан ижро мониторингини юритиш тартиби кўрсатиб берилган. Бу эса мактабимиздаги жамоат кенгаши фаолиятини янада кучайтириш имконини яратади.

Умуман, жойларда бўлиб ўтган ўқув-семинарларда “Оила — маҳалла — таълим муассасаси” ҳамкорлиги механизмини янада такомиллаштириш, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкиллаштиришга оид тарғибот ишларини изчил давом эттириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотлари ўртасидаги шерикликни бугунги кун талабларига мос равишда мустаҳкамлаш, маҳаллалардаги жамоатчилик комиссиялари ишини кучайтириш билан боғлиқ қатор тавсиялар берилдики, бу иштирокчилар учун айни муддао бўлди.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn