Хотин-қизлар манфаатлари — эътиборда
  • 14 Июнь 2016

Хотин-қизлар манфаатлари — эътиборда

Мамлакатимизда аёлларнинг оила ва жамиятдаги мавқеини юксалтириш, уларни ижти-моий ҳамда маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилишга йўналтирилган қонунлар, давлат дастурлари ҳамда бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни амалиётга татбиқ этишда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси алоҳида ўринга эга.

Мустақиллик билан тенгдош мазкур жамоат ташкилотининг ўтган даврда нуфузи, давлат ва жамият ҳаётидаги роли ошди. Ташкилот томонидан аёлларга оид давлат сиёсатини кенг жамоатчиликка етказишда, хотин-қизларга ҳар томонлама кўмаклашишда давлат ҳамда фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликни кенгайтириш бўйича самарали чора-тадбирлар рўёбга чиқарилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2004 йил 

25 майдаги “Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси Фармон ижроси доирасида қуйи тизим фаолиятини ривожлантириш мақсадида ўқув-семинар ўтказди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, шаҳар ва туманлар хотин-қизлар қўмиталарининг бош мутахассислари иштирок этди.

Бош мутахассисларнинг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий ҳамда маънавий-маърифий соҳалардаги билим ва кўникмаларини мустаҳкамлашга қаратилган тадбир олдинда турган асосий вазифаларни яна бир карра аниқлаб олиш, фаолият самарадорлигини кучайтириш омилларини таҳлил қилиш, ўзаро фикр ҳамда тажриба алмашиш имконини берди.

Таъкидланганидек, хотин-қизлар манфаатларини кафолатлаш, уларнинг турмуш даражаси ва сифатини янада яхшилаш, шунингдек, қизларнинг — бўлғуси оналарнинг таълим-тарбиясини такомиллаштириш айни пайтда амалга оширилаётган “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурининг устувор йўналишларидан биридир. Ушбу ҳужжатга кўра, дастурий чора-тадбирларни бажаришда жойлардаги ҳокимликлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, хотин-қизлар ҳамда ёшлар ташкилотлари ўртасида ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ҳаётий зарурат ҳисобланади.

Тадбирда шулар хусусида атрофлича сўз юритилиб, Хотин-қизлар қўмитаси томонидан маҳаллаларда йўлга қўйилган “Оилага кириш”, “Саломатлик”, “Бандлик”, “Таълим-тарбия”, “Жиноятчиликнинг олдини олиш” секторлари фуқаролар йиғинларидаги комиссиялар, давлат ва жамоат тузилмалари билан ҳамкорликни ривожлантиришда, оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганишда ҳал қилувчи аҳамият касб этаётганига урғу берилди.

— Шаҳримиздаги маҳаллаларда ана шундай жамоат секторлари самарали иш олиб бораётир, — дейди Бекобод шаҳар хотин-қизлар қўмитаси бош мутахассиси Дилдора Исмоилова. — Бу ёшларни, айниқса, қизларни оилага тайёрлаш, меҳнатга лаёқатли аёлларнинг доимий иш жойи ҳамда даромад манбаига эга бўлиши учун кўмаклашиш, оилавий низоларнинг олдини олиш борасидаги саъй-ҳаракатларимизни мувофиқлаштиришга хизмат қилаяпти. Хусусан, бу йил ҳудуддаги олтита касб-ҳунар коллежини мингдан зиёд қизлар битирмоқда. Тўрт томонлама тузилган шартномаларга мувофиқ, аксарият битирувчи қизларнинг иш жойи аниқ, иш жойи ноаниқ қизларни эса қайта касб-ҳунарга ўқитиш мақсадида туман меҳнат бўлими Бандлик марказидаги ўқув курсларига жалб қилиш, ишбилармонлик салоҳиятига эга қизларга ўз бизнесини ташкил этишга ёрдамлашиш чоралари кўрилаётир.

Ўқув-семинарда хотин-қизлар қўмиталарининг давлат органлари, маҳалла институти, нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ижтимоий шериклигини янада жадаллаштириш, аёллар манфаатлари, оналик ва болалик муҳофазасига тааллуқли давлат дастурлари ижросини таъминлаш, бу жараённинг доимий таҳлил ҳамда мониторингини юритиш масалалари муҳокама қилинди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э. Боситхонова сўзга чиқди.

Фарида МАҲКАМОВА,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn