Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш — устувор вазифа
  • 14 Июнь 2016

Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш — устувор вазифа

БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ҳамда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига қараганда, ҳозирги вақтда дунёда 840 миллиондан ортиқ киши тўйиб овқатланиш имкониятига эга эмас. Бу жаҳон аҳолисининг деярли ҳар саккиз нафаридан бири, деганидир. Бундан ташқари, сайёрамиз нуфусининг 30 фоизидан зиёди тўлақонли равишда овқатланмаслик, энг асосий микроэлемент ва витаминлар етишмаслиги муаммосини бошидан кечирмоқдаки, буларнинг барчаси озиқ-овқат хавф-сизлигини таъминлаш нақадар долзарб масала эканлигини яққол кўрсатиб турибди. 

Аслида озиқ-овқат хавфсизлиги жуда кенг тушунча бўлиб, у, энг аввало, аҳоли эҳтиёжини физиологик меъёрларга мос равишда истеъмол товарлари билан таъминлашни назарда тутади. Бироқ кейинги пайтда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмининг ўсиши аҳоли сони ва эҳтиёжларининг ортишидан орқада қолаётгани, айниқса, қишлоқ хўжалиги ҳамда қайта ишлаш саноати ривожи учун етарли шароит мавжуд бўлмаган мамлакатларда муаммо тобора чуқурлашиб бораётгани ташвишланарлидир. 

Шундай мураккаб бир пайтда Ўзбекистонимизда аҳолининг муҳим кундалик истеъмол товарларига бўлган талаби тўлиқ қондирилибгина қолмай, катта миқдорда экспорт қилинаётгани таҳсинга лойиқ. 

Гап шундаки, юртимизда жон бошига қарийб 300 килограмм сабзавот, 75 килограмм картошка ва 44 килограмм узум тўғри келмоқда. Бу оптимал, яъни мақбул деб ҳисобланадиган истеъмол меъёридан уч баробар кўпдир. Қолаверса, 180 турдан ортиқ сархил мева-сабзавот ва уларни қайта ишлаш асосида тайёрланган маҳсулотлар дунёнинг 80 та давлатига экспорт қилинаётгани кимни қувонтирмайди дейсиз?!

БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти  бош директори Жозе Грациану да Силва 2014 йилнинг 5-6 июнь кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилган “Ўзбекистонда озиқ-овқат дастурини амалга оширишнинг муҳим захиралари” мавзуидаги халқаро -конференцияда сўзлаган нутқида мамлакатимизда мазкур жабҳада қўлга киритилаётган ютуқларга алоҳида тўхталиб, жумладан, шундай деган эди: “2000 йилларнинг бошларидан бугунги кунгача Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасида улкан тараққиётга эришди. 2000 йилдан бошлаб қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши ва ҳосилдорлик муттасил ошириб келинаётгани бундай ҳайратланарли ютуқларнинг бош омилидир”. 

Дарҳақиқат, Ўзбекистон — қишлоқ хўжалигида кўп йиллик бой тажриба ва юксак илмий салоҳиятга эга мамлакат. Бироқ мустабид тузум даврида пахта яккаҳокимлиги ҳалокатли даражада авж олиши оқибатида иқтисодиёт бирёқлама йўлдан кетди. Истиқлолга эришгач, соҳа тубдан ислоҳ қилиниб, юртимиз қишлоқ хўжалиги тарихида тамомила янги давр бошланди. Президентимиз Ислом Каримовнинг 1991 йил 29 ноябрдаги “Республикада деҳқон (фермер) хўжаликларини янада мустаҳкамлаш ва -тадбиркорлик фаолиятини давлат йўли билан қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги Фармони бунда тамал тоши бўлиб хизмат қилди. 

Республикамиз аграр соҳа ходимларининг бугунги меҳнатлари замирида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш орқали халқимизнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, турмуш фаровонлигини ошириш, иқтисодиётни янада ривожлантиришдек юксак вазифалар мужассам. Соҳа равнақига қаратилаётган эътибор, қишлоқ одамларига яратиб берилаётган муносиб меҳнат шароитлари туфайли ушбу эзгу мақсадга тўлиқ эришилмоқда. Бундай дейиш учун асосларимиз етарли, албатта. Масалан, 1990 йилда юртимиз аҳолисининг озиқ-овқат маҳсулотлари, жумладан, гўшт, сут ва қандолат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжи, асосан, импорт ҳисобига қондирилган бўлса, бугунги кунда уларнинг деярли барчаси ўзимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар эвазига қопланмоқда. Ўтган даврда аҳоли сони 11 миллиондан зиёд ўсганига қарамай, жон бошига гўшт истеъмоли 1,4 баробар, сут ва сут маҳсулотлари 1,5 карра, картошка 1,9 марта, сабзавот 2,6 баробардан зиёд, мева 6,3 марта ортгани кўп нарсани англатади. 

Шубҳасиз, бу муваффақиятлар негизи Юртбошимиз  ташаббуси билан 1989 йилда, яъни собиқ иттифоқ давридаёқ, қишлоқ аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилиш, уларнинг даромадларини ошириш ва озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш мақсадида кўплаб оилаларга томорқа берила бошланганига бориб тақалади. Узоқни кўзлаган ҳолда бошланган ушбу саъй-ҳаракатлар Президентимизнинг 1991 йил 11 январдаги “Колхозчилар, совхозларнинг ишчилари ва қишлоқ жойларида яшовчи бошқа фуқароларнинг шахсий ёрдамчи хўжаликларини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, янада кенг қулоч ёзди. 

Мазкур тарихий ҳужжатда 1991 йилнинг сентябрига қадар ажратиб бериладиган томорқа участкалари расмийлаштирилишини таъминлаш, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 1989-1990 йилларда ажратиб берилган барча томорқа ерларини қайта рўйхатга олиш, фойдаланилмаётган участкаларни муҳтож оилаларга бериш, ер участкалари ажратишда ижтимоий адолатга риоя этилишини қатъий назоратга олиш каби вазифалар белгилаб олинган эдики, бу юрти, халқи учун ҳар қандай хизматга тайёр турган давлат раҳбарининг қаҳрамонлиги ва юксак жасорати намунаси бўлди, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. 

Амалга оширилган бундай оқилона тадбирлар натижасида 1,5 миллион оила ўз томорқа майдонларини кенгайтириш, 500 мингдан ортиғи янги томорқа олиш имкониятига эга бўлди. Шу маънода айтганда, бу мазкур ислоҳот туфайли республикамиздаги 2 миллиондан ортиқ оила, яъни ўртача 10 миллиондан зиёд қишлоқ аҳолисининг ижтимоий-иқтисодий муаммоси ижобий ҳал этилди, дегани эмасми?! 

Таъкидлаш керакки, мамлакатимизда ерни ҳақиқий эгасига бериш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажмини кўпайтириш йўлидаги ана шундай йирик сиёсий-ижтимоий-иқтисодий тадбирлар такомиллаштирилиб, жамоа ва ширкат хўжаликларининг ерларини хусусий мулкчилик шаклидаги фермер хўжаликларига узоқ муддатга ижарага бериш амалиёти бошланди. 

Бугунги кунда юртимизда 160 мингдан зиёд фермер хўжаликлари фаолият кўр-сатаётган бўлиб, уларнинг 36 мингдан ортиғи кўп тармоқли йирик субъектлардир. Уларда деҳқончилик ёки чорвачилик билангина чекланиб қолмасдан, балки замонавий технологиялар, ихчам қайта ишлаш ускуналари жалб этилган ҳолда, қўшимча тармоқлар ўзлаштирилган. Бу аҳоли, айниқса, қишлоқ одамларининг бандлигини таъминлаш, даромадини ошириш, ички бозорни арзон ва юқори сифатли маҳсулотлар билан тўлдиришда муҳим омил бўлмоқда. 

Озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши ҳақида гап кетганда, истиқлол йилларида экин майдонларининг таркиби ўтган асрнинг 90-йилларидагига нисбатан тамоман ўзгарганини алоҳида таъкидлаш ўринлидир. Агар ўша пайтларда асосий майдонларда ғўза парваришланган бўлса, ҳозирги пайтда  пахта майдонлари деярли 2 баробар қисқартирилиб, уларнинг ўрнига дон, сабзавот, полиз, мойли экинлар экилиб, боғ ҳамда токзорлар барпо этилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2008 йил 20 октябрдаги “Озиқ-овқат экинлари экиладиган майдонларни оптималлаштириш ва уларни етиштиришни кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бу жараёнда дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир. Унга асосан, 2009 йил ҳосилидан эътиборан 75,8 минг гектар, 2012 йил ҳосилидан эса яна 30,1 минг гектар пахта майдонлари қисқартирилган бўлса, Асака, Жомбой ҳамда Янгийўл туманларида бу экин ўрнига тўлиғинча мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари етиштирила бошланди.

Президентимизнинг 2015 йил 29 декабрда қабул қилинган “2016 — 2020 йиллар даврида қишлоқ хўжалигини қайта шакллантириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги ислоҳотларнинг узвий давоми бўлди. Унга кўра, 2016 — 2020 йиллар мобайнида 170,5 минг гектар пахта ва 50 минг гектар ғалла майдонлари ўрнига озиқ-овқат экинлари экилиши белгиланиб, жорий йилнинг ўзида пахта майдонлари 30,5 минг гектарга қисқартирилди. Буларнинг самараси ўлароқ, мустақиллик йилларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажми 2 баробардан зиёд ошди, хусусан, картошка 7 марта, мева қарийб 4,1 марта, сабзавот 2,8 марта, сут ва сут маҳсулотлари 1,7 марта, гўшт 1,3 баробар ўсди. 

Энг муҳими, Ўзбекистон жуда қисқа вақт ичида ғалла мустақиллигини қўлга киритиб, дон ва дон маҳсулотларини экспорт қилувчи давлатлар сафидан мустаҳкам ўрин эгаллади. Эътибор қилинг: 1990 йилда атиги 

1 миллион тоннадан зиёдроқ ғалла ҳосили етиштирган деҳқон ва фермерларимиз 2000 йилда 4,1 миллион тонна, 2015 йилда эса 7 миллион 300 минг тоннадан зиёд сара дон йиғиштириб олиб, ўзбек деҳқонларининг ҳеч кимдан кам эмаслигини амалда исботладилар.  

Ўзбекистон ўзининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашдан ташқари, мева-сабзавот ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш орқали хорижий давлатларнинг озиқ-овқат таъминотига муносиб ҳисса қўшаётгани халқаро ҳамжамият томонидан юксак эътироф этилмоқда. БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг 2015 йил июнь ойида Италиянинг Рим шаҳрида бўлиб ўтган 39-конференциясида Мингйиллик ривожланиш мақсадларига эришган давлатларни тақдирлаш маросимида Ўзбекистон 14 та давлат қаторида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда эришган мислсиз ютуқлари учун махсус мукофот билан тақдирлангани фикримиз тасдиғидир. 

Мамлакатимизда сабзавот, полиз, картошка экинлари, шунингдек, боғ ва токзорлар майдонлари кенгайтирилиши билан бирга, ушбу тармоқларда ишни тўғри ташкил қилиш орқали унинг самарадорлигини ошириш учун барча зарурий шарт-шароит яратиб берилган. Яъни деҳқон ва фермер хўжаликлари, аҳоли томорқаларида экинлар экилиши бўйича мониторинг юритиш механизми йўлга қўйилиб, зарурий миқдордаги уруғлик, минерал ўғит, ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари, мевали дарахтлар кўчатлари етказиб беришнинг мақбул тизимига асос солинган. 

Юртимизда озиқ-овқат маҳсулотлари захиралари фақат экин майдонларини кенгайтириш ҳисобигагина эмас, балки жаҳоннинг илғор тажрибалари, замонавий ва интенсив агротехнологиялар татбиқ қилинаётгани, истиқболли навлар яратилиб, -амалиётга жорий қилинаётгани туфайли мустаҳкамланаётир. Биргина академик М. Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти олим ҳамда мутахассислари томонидан мева ва узумнинг 28 та серҳосил нави яратилиб, Давлат реестрига киритилган бўлса, олма, нок, шафтоли, ўрик, гилос, бодом, ёнғоқ, қорағат (смородина) ҳамда қулупнайнинг яна 36 та янги нави яратилиб, Ўзбекистон Республикасида экиш учун тавсия этилган қишлоқ хўжалиги экинлари давлат реестрига киритиш ва районлаштириш учун тақдим этилгани диққатга сазовордир.    

Шу билан бирга, Ўзбекистон сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институтининг селекционер олимлари томонидан ҳар хил муддатда пишадиган ҳосилдор, юқори сифатли ҳамда касалликларга чидамли сабзавот экинларининг 41, полизнинг 5 та, картошканинг 6 та янги нави яратилди.

Кейинги йилларда дунё бўйича иқлим ўзгариши оқибатида юзага келаётган экологик омиллар селекционерлар олдига янги талабларни қўймоқда. Илмий асосланган, таж-рибада синалган, сув танқислиги ва қурғоқчил шароитга мослашувчан, турли  -зараркунандаю касалликларга чидамли, юқори ҳосилли навларни кўпайтиришни ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда. Шу маънода, ўтган йили академик М. Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институтида Марказий Осиёда ягона бўлган “Инвитро” лабораторияси ишга туширилгач, вируслардан холи бўлган мева ва узум кўчатларини етиштириш имконияти юзага келди. 

Умуман олганда, уруғчилик тизимини ривожлантириш, мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш, сақлаш бўйича илғор технологиялар жорий этилиши ҳисобига охирги 5 йилда қайта ишланган маҳсулотлар ҳажми қарийб 5 маротаба ошди.

Маълумки, аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини таъминловчи асосий тармоқлардан яна бири чорвачиликдир. Чунки ишлаб чиқарилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 42,2 фоизи мазкур соҳа ҳиссасига тўғри келади. Ушбу жабҳада эркин бозор механизмлари шакллантирилгани, кўплаб имтиёзлар тақдим этилаётгани натижасида чорва моллари сони ҳамда гўшт ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми муттасил равишда ортиб бораяпти. 2015 йил якунларига кўра, барча тоифадаги хўжаликларда қорамоллар сони 1991 йилдагига нисбатан 2,4 баробарга, жумладан, сигирлар сони 2 баробар, паррандалар сони 1,8 марта кўпайгани шундай дейишимизга тўла асос бўла олади.

Мамлакатимизда чорвачилик фермер хўжаликларини ривожлантириш, уларда наслли қорамоллар подасини кўпайтириш мақсадида биргина кейинги ўн йил мобайнида Польша, Австрия, Голландия, Германия каби Европа мамлакатларидан 60 мингдан ортиқ наслли сигирлар келтирилди. Бу, ўз навбатида, маҳсулдорликнинг ошишига катта туртки бўлди.

...Истиқлолдан аввал юртдошларимиз бугунги дориламон кунлар, фаровон ҳаёт, беқиёс имконияту ғамхўрликлар ҳақида тасаввур ҳам қила олмасди. Ахир илгари улар умр бўйи далада меҳнат қилиб, косаси оқармай, бири икки бўлмай, амаллаб рўзғор тебратган, холос. Бугун-чи?  Яратиб берилган қулай шарт-шароитлардан оқилона фойдаланиб, фидокорона меҳнат қилаётган деҳқон ва фермерлар нафақат жамиятимизга наф келтираяпти, балки ўзлари катта манфаат ҳамда рағбат кўраётир. Уларнинг ишлаб топган даромади оила аъзоларининг фаровон турмуш кечириши, дастурхони тўкинлиги, юртимиз тараққиётининг кафолати бўлиб хизмат қилмоқда.

Бу Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мустақиллик йилларида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар, аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш мақсадида ҳар томонлама пухта ўйланган ва узоқни кўзлаган сиёсат, ҳаётий -дастурларнинг беқиёс самарасидир.

Муҳаммаджон ҚОСИМОВ,

Ўзбекистон Республикаси 

Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги бошқарма 

бошлиғи.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn