Ишчан, ташаббускор ва фаол
  • 14 Июнь 2016

Ишчан, ташаббускор ва фаол

юртдошларимиз фуқаролар йиғинлари органлари таркибига киритилмоқда

Аввал хабар қилинганидек, мамлакатимизнинг сайлов бўлиб ўтган маҳаллаларида фуқаролар йиғинларининг органларини — фуқаролар йиғини кенгаши, фаолият -йўналишлари бўйича жамоатчилик комиссиялари ҳамда тафтиш комиссияларини тузиш ва уларнинг таркибини шакллантириш жараёни давом эттирилмоқда.

Зеро, маҳалла зиммасидаги кенг қамровли устувор вазифаларни муваффақиятли тарзда амалга ошириш ушбу тузилмаларга ташаббускор ҳамда фаол фуқароларни жалб қилишни тақозо этади.

Маълумки, истиқлол йилларида маҳалла институти кучли фуқаролик жамияти барпо қилишнинг асосий омили ва пойдеворига айланди. Маҳалла билан боғлиқ қадриятлар, удум-анъаналаримиз қайта тикланиб, замон талаблари асосида бойиб бораётир. -Президентимизнинг “Юксак маънавият — енгилмас куч” асарида таъкидланганидек, “...биз маънавий ҳаётимизни, миллий онг ва қадриятларимиз, эътиқод ва тафаккуримиз, урф-одат ва анъаналаримизни асраб-авайлаш, маънавий оламимизни юксалтиришга интилар эканмиз, буларнинг барчаси маҳалла идорасига янада кўпроқ имконият бериш, унинг ҳуқуқий ва амалий ваколатларини кенгайтириш билан бевосита алоқадор эканини ўзимизга яхши тасаввур қиламиз. Шу орқали биз ўзимизнинг эзгу мақсадимиз бўлмиш эркин фуқаролик жамияти барпо этиш йўлида, ҳеч шубҳасиз, улкан қадам қўйган бўламиз”.

Шу нуқтаи назардан, айни чоғда бўлиб ўтаётган фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайловида номзодларнинг шахсий фазилатлари алоҳида ҳисобга олинаяпти.

— Сайлов жараёнида ҳудудимиз бўйича 660 нафар раис ва уларнинг 6 минг нафардан ортиқ маслаҳатчиси сайланиши режалаштирилган, — дейди фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи Қашқадарё вилояти комиссияси раиси И. Аброров. — Айни пайтда сайлов бўлиб ўтган маҳаллаларда фуқаролар йиғинлари органларини шакллантириш ишлари авжида. Бу жараёнда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари кенгашлари, жамоатчилик ҳамда тафтиш комиссиялари ташкил этилмоқда.

ўузор туманидаги “Мустақиллик” маҳалла фуқаролар йиғинида ишчи гуруҳ томонидан фуқаролар вакиллари сайлови бўйича ҳовлилар, уйлар, кўчаларда уюштирилган аҳолининг умумий йиғилишларида сайланган вакиллар иштирокида йиғин раислиги ва унинг маслаҳатчилигига номзодлар аниқлаб олинди. Бунда, албатта, уларнинг маълумоти, ташкилотчилик қобилияти, ҳаётий тажрибаси, шунингдек, аҳоли ўртасида обрў ҳамда ҳурматга эгалигига аҳамият берилди.

Йиғин раислигига номзодларнинг келгуси фаолият дастурларидан ўрин олган масалалар, хусусан, маҳалла ободлиги, аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш, оилавий бизнесни ривожлантириш, ёшлар таълим-тарбияси, ҳудудда маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш вазифалари вакилларни бефарқ қолдирмади. Улар овоз бериш жараёнида буни амалда тасдиқладилар. Вакиллар таклифига биноан, муқобиллик асосида, очиқ овоз бериш йўли билан амалга оширилган сайловда кўпчилик ишонган номзодлар фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчилари этиб сайланди.

— Маҳалламизда сайлов йиғин вакилларининг фаоллигида ўтказилди, — дейди мазкур фуқаролар йиғини раиси маслаҳатчиси, Хотин-қизлар билан ишлаш комиссияси раиси Ч. Ражабова. — Яқинда 13 кишидан иборат фуқаролар йиғини кенгашини туздик. Шу билан бирга, 8 та жамоатчилик ҳамда тафтиш комиссияси аъзолигига 130 нафарга яқин фаол фуқароларни киритдик. Ишонамизки, улар ёрдамида зиммамиздаги долзарб вазифаларни рўёбга чиқариб, маҳалланинг жамият ҳаётида тутган ўрни ва нуфузини бундан-да оширишга ҳиссамизни қўшамиз.

Ўзим бошқарадиган комиссия ҳақида гапирадиган бўлсам, олдимизда қатор вазифалар турибди. Хусусан, хотин-қизларга керакли маслаҳатларни бериш, оилаларда тинчлик-хотиржамликни сақлаш, қизлар тарбияси, уй ҳамда кўчалардаги тозалик, ободончилик юмушларида уларнинг фаоллигини кучайтириш, шунингдек, аёллар бандлигини таъминлашга кўмаклашиш ана шулар жумласидандир.

Фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайлови очиқ-ошкоралик, қонунийлик асосида ташкил этилиши ҳамда ўтказилишидан барча бирдек манфаатдор. Зеро, маҳалла ободлиги, у ерда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолининг бандлиги, турмуши фаровонлигини таъминлаш, кўп жиҳатдан, сайлов натижаларига ҳам бевосита боғлиқ. Шу боис Андижон вилоятида ҳам фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари лавозимларига эл-юрт орасида ҳурмат-эътибор қозонган, катта ҳаётий тажрибага эга ҳамда бошқаларни орқасидан эргаштира оладиган фуқаролар сайланишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Муҳими, бунга эришилаётир. Шунга мос равишда сайлов бўлиб ўтган маҳаллаларда фуқаролар йиғинлари органлари изчил ташкил этилаяпти.

— Ҳудудимиз бўйича 968 нафар фуқаролар йиғини раиси ва уларнинг 10 минг 100 дан ортиқ маслаҳатчиси сайланди, — дейди вилоят сайловга кўмаклашувчи комиссия раиси М. Йўлдошев. — Улар ҳудудларни ободонлаштириш, миллий қадриятларни сақлаш ҳамда ривожлантириш, ёшлар тарбиясига оид тадбирларда бош-қош бўлиш, жамиятда хотин-қизлар фаоллигини ошириш, улар бандлигини таъминлаш, табиатни муҳофаза этиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш каби масалаларни илгари сургани билан кўпчилик эътирофига сазовор бўлди. Айни чоғда жойларда фуқаролар йиғини кенгаши, фаолият йўналишлари бўйича жамоатчилик комиссиялари ва тафтиш комиссиялари тузилиб, улар таркиби тасдиқланаётир.

Самарқанд вилоятида 1245 та фуқаролар йиғинида сайлов ўтказиш кўзда тутилган.

Вилоят кўмаклашувчи комиссияси маълумотларига кўра, шу кунга қадар Каттақўрғон шаҳри, Булунғур, Иштихон, Нуробод, Оқдарё, Пайариқ, Пастдарғом, Ургут, Қўшработ туманларидаги фуқаролар йиғинларида сайловлар ўтказиб бўлинди. Айни чоғда сайлов якунланган маҳаллаларда фуқаролар йиғинлари органлари уюшқоқлик билан ташкил этилиб, уларнинг таркиблари тасдиқланмоқда.

Жумладан, Пастдарғом туманининг “Турон” маҳалла фуқаролар йиғини вакиллари йиғилишида асосий фаолият йўналишлари бўйича комиссиялар ва тафтиш комиссияси таркиби, маҳалла фуқаролар йиғинлари масъул котибига кўрсатилган номзод, маҳалла фуқаролар йиғини ҳузуридаги тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга кўмаклашиш бўйича маслаҳат марказини ташкил этиш ҳамда унинг таркибини тасдиқлаш, маҳалла фуқаролар йиғини кенгашини шакллантириш тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилди. Якунда ушбу тузилмалар таркиби шакллантирилди.

— Ташаббускор ва фидойи маҳалладошларимиздан 120 нафарга яқинини кенгаш ҳамда комиссияларга сайладик, — дейди мазкур фуқаролар йиғини раиси маслаҳатчиси Б. Қиёмов. — Ўзим Маърифат ва маънавият масалалари бўйича комиссияга раис бўлдим. Фаоллар кўмагида аҳоли, хусусан, ёшларда миллий қадриятларга ҳурмат руҳини ўстиришга алоҳида эътибор қаратамиз. Ибратли ҳаёт йўлига эга инсонлар иштирокида учрашувлар ташкил этиб, уларга ёшларни жалб қилиш режамиз ҳам бор. Бундан ташқари, меҳр-оқибат, тинч ҳамда осойишта ҳаёт, дўстлик, тотувликни қадрлаш каби ибратли қадриятларимизнинг моҳияти ва аҳамиятини тарғиб этиш чораларини ишлаб чиқаяпмиз.

Умуман, мамлакатимизнинг барча ҳудудида фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайлови баробарида, ушбу тадбир бўлиб ўтган маҳаллаларда фуқаролар йиғинлари органларини ташкил қилиш жараёни уюшқоқлик билан давом эттирилмоқда.

Аҳад МУҲАММАДИЕВ,

Саминжон ҲУСАНОВ,

Мамадиёр ЗИЁДИНОВ,

«Халқ сўзи» мухбирлари.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn