Ютуқларимизнинг мустаҳкам пойдевори
  • 13 Июнь 2016

Ютуқларимизнинг мустаҳкам пойдевори

Ўзбекистон сиёсий барқарор, иқтисодиёти жадал ривожланаётган давлат сифатида халқаро майдонда муносиб ўрин ҳамда нуфузга эга бўлиб бормоқда. Истиқлолимизнинг илк йилларидан босқичма-босқич амалга оширилаётган,  машҳур беш тамойилга асосланган тараққиётнинг “ўзбек модели” дунё миқёсида эътироф этилмоқда, намуна қилиб кўрсатилмоқда.

Барчамизга чексиз ғурур ва мамнуният бахш этадиган бундай муваффақиятга, давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, кўпни кўрган, меҳнаткаш ҳамда олижаноб халқимизнинг мардлиги ва матонати эвазига эришилаётгани сир эмас. Қолаверса, 25 йил олдин ўзимизга хос ҳамда ўзимизга мос, тўғри йўлни танлаб, ундан оғишмай, қатъият билан одимлаётганимиз, ҳамма соҳада миллий манфаатларимизга тўла жавоб берадиган ислоҳотларнинг амалиётга изчил татбиқ этилаётгани, юртдошларимизда мустақилликни мустаҳкамлаш, тинчлик-осойишталикни кўз қорачиғидек асраш, Ватан тақдири ва келажаги учун масъуллик ҳисси юксалиб бораётганининг натижаси бу. Шу маънода, Президентимизнинг жорий йил 2 июндаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори халқимиз томонидан зўр қизиқиш ҳамда қувонч билан кутиб олинганини жамиятимиздаги якдилликнинг яна бир ёрқин ифодаси, дейиш мумкин.

Дарҳақиқат, бугун мустақиллик йилларида босиб ўтилган, осон кечмаган йўлимизни, давлат ва жамият ҳаётидаги янгиланишларни, қўлга киритилаётган оламшумул ютуқ ҳамда марраларни сарҳисоб қилиб, истиқболдаги устувор вазифаларимизни белгилаб олаяпмиз.

Собиқ тузум даврида иқтисодиёти бир ёқлама ривожланган, асосан, хом ашё етказиб берувчи, қолоқ, аграр республикалардан ҳисобланган Ўзбекистоннинг атиги чорак асрда беқиёс ўзгаришларга юз тутганини, иқтисодиётнинг барча тармоғи йил сайин тараққий этаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Мустақиллик йилларида  мамлакатимиз иқтисодиёти қарийб  6 баробар ошгани, унда саноатнинг улуши 34 фоизга етиб, аҳоли жон бошига тўғри келадиган реал даромадлар 12 баробардан ортгани,  экспорт таркибида тайёр маҳсулотлар ҳажми 70 фоиздан зиёдни ташкил этаётгани оқилона ислоҳотларнинг беқиёс самарасидир. Ёки юртимизда хусусий секторни ривожлантиришга улкан эътибор қаратилиб, бу борада мустаҳкам ташкилий-ҳуқуқий асос яратилгани, шунинг баробарида, мулкдорлар манфаатини ишончли ҳимоя қилиш механизми тобора такомиллашаётганини олиб кўрайлик. Айнан мана шундай аниқ мақсадли саъй-ҳаракатлар туфайли ҳозирги пайтга келиб, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари қисқа даврда миллий иқтисодиётимизнинг чинакам таянчига айланди. Аҳоли бандлиги ҳамда турмуш фаровонлигини оширишда уларнинг ҳиссаси тобора кўпаяётгани, айниқса, қишлоқ жойларда ишлаб чиқариш, сервис соҳаларини равнақ топтиришда хусусий сектор вакиллари фаоллик кўрсатаётгани эътирофга молик. Қарорда келтирилганидек, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 56,5 фоизга етиб, айни шу тармоқда иш билан банд аҳолининг 77,9 фоизи меҳнат қилаётгани қувонарли, албатта. 

Давлатимизнинг куч-қудрати, иқтисодий салоҳияти, ўз навбатида, хорижий инвесторларни жалб этмоқда. Йирик ҳамда -нуфузли хорижий компаниялар Ўзбекистонда қулай инвестициявий муҳит, шунингдек, барча зарур имкониятларнинг мавжудлигини ўрганиб, ўз сармояларини ишонч билан автомобилсозлик, нефть ва газ кимёси, замонавий қурилиш материаллари саноати, маиший электроника, фармацевтика, юқори технологияларга асосланган озиқ-овқат ва тўқимачилик саноати каби ғоятда муҳим соҳаларга киритаётир. 

Кези келганда айтиш керакки, халқимиз эришаётган бу ютуқларни мустаҳкамлаш, мамлакатимизнинг халқаро майдонда рақобатдошлигини ошириш олдимизга қатор вазифаларни қўймоқда. Жумладан, 2030 йилга қадар ялпи ички маҳсулот ҳажмини икки баробардан зиёд кўпайтириш, иқтисодиётимиз таркибида саноатнинг улушини янада ошириш бўйича белгиланган режа ва дастурларни рўёбга чиқариш, ҳамон давом этаётган жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозининг салбий таъсирларига қарамай, қатъийлик билан илгарилаш барчамиздан масъулият, фидойилик, илғор ташаббусларни талаб этади. 

Айни пайтда қутлуғ сана — давлатимиз мустақиллигининг йигирма беш йиллиги олдидан жойларда кенг жамоатчилик ўртасида ташкил этилаётган, “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” деган эзгу ғояни ўзида мужассам этган маънавий-маърифий тадбирларда нафақат иқтисодиётимиз, балки барча жабҳада кузатилаётган юксалиш омиллари ҳамда мезонларини чуқур тушунтириш биз, депутатлар зиммасига катта масъулият юклайди. Айниқса, аҳолининг салмоқли қисмини ташкил этувчи ёшлар орасида бундай тадбирлар қамровини янада кенгайтириш даркор. Чунки озод ва обод юртимиз эртаси, истиқболдаги мақсаду режаларимиз уларнинг ҳар жиҳатдан баркамол бўлиб вояга етишига, мустақиллик, тинчлик аталмиш бебаҳо неъматларни, миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш ҳисси ёш авлод онгу шуурида янада чуқур жо бўлишига бевосита боғлиқдир.

Раҳматилла КАРИМОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn