Талабаларнинг энг намунали тураржойи
  • 10 Апрель 2014

Талабаларнинг энг намунали тураржойи

Пойтахтимизда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Хотин-қизлар қўмитаси томонидан ташкил этилган «Энг намунали талабалар тураржойи» танлови ғолибларини тақдирлашга бағишланган маросим бўлиб ўтди.

Тегишли давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорлари, талаба-ёшлар қатнашган мазкур тадбирда таъкидланганидек, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир. Хусусан, «Таълим тўғрисида»ги Қонун, Кадрлар тайёрлаш Миллий дастурининг қабул қилиниши ҳамда узлуксиз таълим тизимидаги уч босқичли оммавий спорт мусобақаларининг мунтазам ўтказилаётгани бунинг ёрқин исботидир. Президентимизнинг жорий йил 6 февралдаги «Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ҳам юртимиз  таянчи ва келажаги ҳисобланган баркамол авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш йўлидаги яна бир эзгу ҳаракат бўлди.
— Мазкур танловдан кўзланган асосий мақсад талабалар тураржойларида ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлаштириш, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, уларнинг яшаш шароитини янада яхшилашдан иборатдир, — дейди  Хотин-қизлар қўмитаси масъул ходими Г. Асқарова. — Қўмитамиз таклифига асосан, Тошкент шаҳрида жойлашган олий таълим муассасаларининг 94 та талабалар тураржойидаги аҳвол ўрганиб чиқилди. Танловда «Энг намунали талабалар тураржойи», «Энг намунали маънавият хонаси», «Энг намунали қизлар хонаси», «Энг намунали йигитлар хонаси» каби ўнга яқин номинациялар бўйича ғолиблар аниқланиб, уларга эсдалик совғалари топширилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э. Боситхонова сўзга чиқди.

Омонулла ФАЙЗИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn