Етуклик ва қатъий ишонч
  • 08 Июнь 2016

Етуклик ва қатъий ишонч

Бугун мамлакатимизнинг қай гўшасига бормайлик, юртдошларимиз энг улуғ, энг азиз айём — давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллигини муносиб равишда нишонлаш мақсадида баҳамжиҳатликда қизғин тайёргарлик кўришаётганига гувоҳ бўламиз. Президентимизнинг яқинда эълон қилинган “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори ана шу хушнудлик ҳамда кўтаринкилик кайфиятини янада кучайтирди.

Мустақиллик халқимизга тинч, осуда, озод ҳамда фаровон ҳаёт, буюк келажакка ишонч туйғусини инъом этгани билан ниҳоятда қадрлидир. Таъкидлаш жоизки, барқарор суръатлар билан ривожланиб, жаҳон майдонида обрў-эътибори ортиб бораётган Ўзбекистоннинг ўзига хос тараққиёт стратегиясини жаҳон аҳли тан олмоқда. Давлат ва жамият ҳаётидаги демократик ўзгариш ҳамда янгиланишлар, инсон манфаатлари устуворлиги йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар халқаро жамоатчилик томонидан юксак даражада эътирофини топаётир. Атиги чорак аср мобайнида бундай улкан муваффақиятларга, албатта, осонликча эришилгани йўқ. Қарорда белгиланганидек, илгари тасаввур қилиш ҳам қийин бўлган оламшумул натижаларнинг асосий омилини авваламбор тараққиёт йўлимизда учраган турли қийинчилик, етишмовчилик, оғир ва машаққатли синовларни енгиб ўтишда халқимизнинг дунёқараши, меҳнатга, ҳаётга муносабати ўзгариб, сиёсий онги, ижтимоий фаоллиги, ён-атрофдаги воқеаларга дахлдорлик ҳисси тобора юксалиб бораётганида кўриш даркор.

Хусусан, истиқлол берган бемисл имкониятлар соғлом ҳамда баркамол вояга етаётган навқирон ўғил-қизларимиз тимсолида кўзга яққол ташланади. Ўтган қисқа даврда Кадрлар тайёрлаш миллий дастури, Мактаб таълимини ривожлантириш ва бошқа умуммиллий дастурларнинг ҳаётга изчил татбиқ этилиши натижасида мамлакатимизда ўн икки йиллик мажбурий ҳамда бепул умумий ва ўрта махсус таълим, шунингдек, икки босқичли олий таълим тизимига асос солиниб, давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, замонавий янги авлод кадрларини тарбиялаш учун мустаҳкам пойдевор яратилди. Шу билан бирга, ёшларга оид давлат сиёсатининг ажралмас қисми ҳисобланган болалар спортини ривожлантириш, фарзандларимизнинг нафақат жисмонан соғлом, балки маънавий-руҳий жиҳатдан етук, кенг дунёқараш, қатъий ҳаётий позицияга эга бўлиб улғайиши учун барча шарт-шароит муҳайё қилинди. Бугун шаҳару қишлоқларимизда қад ростлаган, замон талабларига тўла жавоб берадиган таълим, спорт, санъат масканлари келажагимиз эгалари бахту иқболи йўлида амалга оширилаётган изчил саъй-ҳаракатларнинг ёрқин ифодасидир.

Ёки “Соғлом она — соғлом бола” тамойилига мувофиқ рўёбга чиқарилаётган дастурларни олиб кўрайлик. Аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, оналик ҳамда болалик муҳофазасини кучайтириш, миллат генофондини яхшилаш мақсадларига қаратилган бу эзгу ишлар пировардида ҳар томонлама соғлом авлодни вояга етказишга хизмат қилмоқда. Ҳозирги кунда мамлакатимизда болаларнинг 92 фоизи ривожланиш кўрсаткичлари бўйича Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти стандартларига тўлиқ мос келади. Ваҳолонки, мустабид тузум даврида мазкур соҳада аҳвол аянчли бўлганини, ёш авлод тақдири эътибордан четда қолганини ўша кунларни бошидан ўтказган халқимиз яхши эслайди.

Не бахтки, эртанги кунимиз таянчи ва суянчи бўлмиш ёш авлод ҳеч кимдан кам бўлмай улғаймоқда. Президентимиз қарорида урғу берилганидек, айни шундай ёшларни, айтиш мумкинки, ҳал қилувчи куч сифатида тайёрлаш устувор вазифа сифатида кун тартибига қўйилгани вақт ўтиши билан нақадар узоқни кўзлаган тарихий қадам бўлгани тобора аён бўлмоқда.

Умуман, мамлакатимизда барча соҳадаги юксалиш негизи саналмиш мустақилликни, бебаҳо неъмат — тинчлик ва осойишталикни асраш, жамиятимиздаги дўстлик, ҳамжиҳатлик, якдиллик муҳитини янада мустаҳкамлаш ҳозирги глобаллашув замонида ғоятда долзарб бўлиб қолмоқда. Бу эса миллий манфаатларимиз муҳофазасига қаратилган тарғибот ишларини янги босқичга кўтаришни тақозо қилаяпти.

Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ҳам мустақилликнинг қутлуғ йигирма беш йиллиги муносабати билан “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” деган эзгу ғояни ўзида мужассамлаштирган кенг қамровли тадбирларни ўтказишда фаол қатнашишлари -лозим. Уларда ҳаётимиздаги ўсиш ҳамда тараққиётнинг барча асосини аҳоли, айниқса, ёшларимизга янада чуқур тушунтириш бош мақсад сифатида белгиланган. Зеро, мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, мана шундай фаровон, тароватли ҳаётнинг қадрига етиш ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиздир.

Айсанем АЛЛИЯРОВА,

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Сенати аъзоси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn