Маҳалла институти
  • 08 Июнь 2016

Маҳалла институти

тадбиркорликни ривожлантиришга кўмаклашишда муҳим аҳамият касб этмоқда

“Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви томонидан маҳаллаларни хусусий тадбиркорлик ҳамда оилавий бизнесни ривожлантириш марказларига айлантиришга қаратилган чора-тадбирларга бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.

Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида маҳаллани хусусий тадбиркорлик ҳамда оилавий бизнесни ривожлантириш марказига айлантириш ғояси илгари сурилган бўлиб, ўтган даврда бу борада кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Хусусан, “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги Қонун қабул қилиниб, соҳанинг ҳуқуқий асоси яратилди. Шу тариқа бизнесни ташкил этишда юзага келган миллий анъана ва хўжалик юритиш фаолиятининг мавжуд ҳолатига мос кафолатлар кучайтирилди. Муҳими, бугунги кунда ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжат асосида маҳаллаларда хусусий тадбиркорлик ҳамда оилавий бизнес жадал ривожланмоқда. Янги иш ўринлари очилиб, аҳоли турмуш даражаси юксалишига эришилаётир.

Анжуманда Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ, асосий фаолият йўналишлари бўйича комиссиялар, жумладан, Тадбиркорлик фаолияти ва оилавий бизнесни ривожлантириш масалалари бўйича комиссиянинг Намунавий низоми тасдиқланиб, амалиётга татбиқ этилаётгани маҳаллаларни кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорлик марказларига айлантириш борасида муҳим дастуриламал бўлаётгани хусусида ҳам алоҳида сўз борди.

Маҳаллаларда фаолият юритаётган ушбу йўналишдаги комиссияларнинг аъзолари ҳудудда яшаётган аҳолининг мавжуд имконияти, муайян фаолият тури билан шуғулланиш истагини инобатга олиб, тадбиркорликни қонун ҳужжатлари талабларига биноан самарали ташкил қилиш ва амалга ошириш, белгиланган тартибда кичик корхона, сартарошхона, пойабзал таъмирлаш устахоналари ҳамда халқ ҳунармандчилиги цехларини ва аҳолига маиший хизмат кўрсатувчи бошқа корхоналарни ташкил этиш, самарали фаолият юритишига кўмаклашиш бўйича манзилли чора-тадбирларни қўллаб келмоқда.

Пировардида юртимиздаги 6 мингдан зиёд фуқаролар йиғинида умумий овқатланиш, новвойхона, қандолатчилик, сартарошлик, тикувчилик ҳамда бошқа хизмат кўрсатиш шохобчалари фаолият кўрсатиб келаяпти.

Анжуман иштирокчилари маҳаллаларда тадбиркорлик фаолиятини кенг ривожлантиришда фуқаролар йиғинларида ташкил қилинган 8500 га яқин маслаҳат марказларининг ўрни ва аҳамиятини эътироф этишди. Ушбу марказлар ҳудудлардаги тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган фуқароларни, мавжуд тадбиркорлик субъектларини қонун ҳужжатларида белгиланган имтиёз ҳамда преференциялардан -хабардор қилиш, улар учун қисқа муддатли ўқув курсларини ташкил этиш, ёшларимизни корхона, ташкилот ва муассасаларга ишга жойлаштиришга кўмаклашиш ҳамда малакали ҳунармандларга бириктиришдек масъулиятли вазифаларни муваффақиятли бажариб келмоқда.

Эътиборлиси, оилавий бизнес ва тадбиркорлик ривожланиб бораётган маҳаллаларда ишбилармонлар кўмагида аҳолининг эҳтиёжманд қатламини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, шунингдек, кўкаламзорлаштириш ҳамда бунёдкорлик ишлари кенг қулоч ёзаяпти.

Тадбирда маҳалла фаолларининг ҳамкор ташкилотлар билан олиб бораётган саъй-ҳаракатлари, тарғибот ишлари натижасида аҳоли томорқаларидан оқилона фойдаланиш йўналишида сезиларли ютуқларга эришилаётганлиги қайд этилди. Чунончи, айни пайтда республика бўйича 9764 маҳалладаги 4 миллион 660 мингдан ортиқ хонадонга қарашли 412 минг 436 гектардан зиёд томорқада сабзавот, картошка, полиз, дуккакли экинлар ҳамда турли мевалар етиштирилмоқда.

Анжуманда мамлакатимизда бўлиб ўтаётган фуқаролар йиғини раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайлови ҳамда ушбу муҳим тадбир жараёнида “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг фаол иштироки ҳақида ҳам атрофлича маълумот берилди.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn