Биз — буюк юрт фарзандларимиз!
  • 08 Июнь 2016

Биз — буюк юрт фарзандларимиз!

Ўзбекистон — ёшлар мамлакати. Чунки юртимиз аҳолисининг 60 фоизидан зиёдини навқирон авлод вакиллари ташкил этади. Шу боис Президентимиз раҳнамолигида изчил амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида эртамиз эгаларини маънан ва жисмонан етук, касб-ҳунар сирларини пухта эгаллаган, мустақил ҳамда ижодий фикрлашга қодир, интеллектуал салоҳияти юксак инсонлар қилиб камол топтириш мақсади мужассам.

Айтиш жоизки, бугун республикамизда ёшлар сиёсати мустаҳкам ҳуқуқий асосга эга. Бу, аввало, Асосий Қонунимизда, қолаверса, мазкур соҳага доир 22 та қонунда ифодасини топган. Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг дастлабки муҳим ҳужжатлардан бири сифатида 1991 йил 20 ноябрда “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги Қонун қабул қилинганида ҳам чуқур рамзий маъно бор. Бинобарин, давлатимиз раҳбарининг қатор Фармон ва қарорлари вояга етаётган фарзандларимизни миллий ҳамда умуминсоний қадриятлар, Ватанимиз ва халқимизга муҳаббат ҳамда садоқат руҳида тарбиялашга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир. 

Мустақиллик йилларида демократик бозор ўзгаришлари талабларига мос равишда таълим-тарбия тизимида туб янгиланишлар юз берди. Ушбу ислоҳотлар жараёнида Юртбошимиз ташаббуси билан 1997 йил 29 августда қабул қилинган “Таълим тўғрисида”ги Қонун ҳамда Кадрлар тайёрлаш миллий дастури муҳим дастуриламал бўлмоқда. Қолаверса, Президентимизнинг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни янада юқори босқичга кўтарди. Хусусан, шу асосда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида келажагимиз ворислари истеъдодини юзага чиқариш ҳамда муносиб рағбатлантиришга қаратилган турли кўрик-танловлар, фестиваллар, акциялар, байрамлар ўтказилмоқда, белгиланган долзарб вазифалар ижроси изчиллик билан таъминланаяпти.

Мустақиллигимизнинг йигирма беш йиллиги муносабати билан “Биз — буюк юрт фарзандларимиз!” шиори остида жойларда ташкил этилаётган ёшлар фестиваллари ана шундай эзгу ишлар давомийлигини кўрсатиб турибди. Кеча пойтахтимизда бошланган анъанавий тадбирнинг Тошкент шаҳри босқичи қизиқарли дастурлари билан барчага завқу шавқ улашмоқда. 

“Камолот” ЁИҲ Марказий кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари, Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими вазирликлари ҳамда бошқа ташкилот, муассасалар ҳамкорлигида беш йилдан буён ўтказиб келинаётган мазкур акция ўғил-қизларимиз орасида тобора оммалашиб бораяпти.

— Мустақиллик йилларида эришилган ютуқларни ёшларга ҳаётий ва аниқ мисоллар орқали тушунтириш, иқтидор эгаларини кашф этиб, уларнинг қобилиятини юзага чиқаришда ушбу тадбирнинг аҳамияти беқиёс, — дейди “Камолот” ЁИҲ Тошкент шаҳар кенгаши раиси Муроджон Зуфаров. — Фестиваль доирасида пойтахтимиз туманларида “Бу менинг Ватаним!”, “Депутат ва ёшлар”, “Замонамиз қаҳрамонлари”, “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!”, “Нуронийлар эъзозимизда” каби йигирмага яқин мавзулар бўйича учрашувлар ўтказилмоқда.

Ёшлик байрамининг илк кунида санъаткорлар, спортчилар, фаол ёшлардан иборат тарғибот гуруҳи пойтахтимиздаги қатор таълим муассасаларига ташриф буюришди. Жумладан, Тошкент педиатрия тиббиёт институти қошидаги академик лицейда “Оммавий маданият” ва ёшлар маънавияти” мавзуида тадбир уюштирилди. Яшнобод қурилиш касб-ҳунар коллежида эса “Биз соғлом турмуш тарафдоримиз” лойиҳасига мувофиқ, интерактив мулоқот ташкил қилинди.

Уч кун давом этадиган мазкур акцияда, навқирон авлод вакиллари талаб ва таклиф-ларидан келиб чиқиб, Президентимизнинг “Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш — энг олий саодатдир” номли асари мазмун-моҳиятини ўрганишга бағишланган давра суҳбатлари, кино ҳамда театр санъатини тарғиб этишга қаратилган “Кичик фильмдан — катта кинога”, “Талабалар театр студиялари” каби лойиҳалар доирасида учрашув ва мулоқотлар уюштирилиши кўзда тутилган.

Омонулла ФАЙЗИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Хусусий сектор салоҳияти Маҳалла институти »