Хусусий сектор салоҳияти
  • 08 Июнь 2016

Хусусий сектор салоҳияти

ҳудудлардаги ишлаб чиқариш корхоналарининг самарали фаолиятида кўзга яққол ташланмоқда

Қулай ишбилармонлик муҳити — тадбиркорлик ривожида муҳим омил. Хусусий сектор вакилларига давлатимиз томонидан қатор имтиёзлар яратиб берилаётгани, уларнинг истиқболли лойиҳалари ҳар томонлама қўллаб-қувватланиб, ташқи бозорга чиқишларига яқиндан кўмаклашилаётгани замирида ҳам, аввало, мамлакатимиз иқтисодиётини либераллаштириш, кичик бизнеснинг мазкур соҳадаги иштирокини кенгайтириш каби эзгу мақсадлар мужассам.

Бугун аҳолининг импорт ўрнини босувчи маҳсулотларга бўлган эҳтиёжини -таъминлаш, ўз навбатида, юртимиз экспорт салоҳиятини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшаётган ишбилармонларимизнинг интилишу изланишларини кўриб, бунга ишончимиз янада ортади.

Хусусан, жорий йилнинг дастлабки чорагида биргина Андижон вилоятида саноат соҳасида 103 та лойиҳа рўёбга чиқарилиб, қарийб 19,8 миллиард сўмлик инвестициялар ўзлаштирилди. Натижада 1565 нафар кишининг бандлиги таъминланди. Қолаверса, ҳудудда 926,7 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари тайёрлашга эришилди. Эътиборлиси, ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 49,4 фоиз кўпдир. Бунда тижорат банклари томонидан ажратилган 3 миллиард сўмликдан зиёд кредит маблағларининг аҳамияти катта бўлди.

Албатта, ҳар қандай соҳа муваффақияти сон билан эмас, сифат билан ўлчанади. Бу вилоятдаги енгил саноат тармоқлари фаолияти мисолида ҳам кўзга яққол ташланади. Ҳозир ана шу корхоналарда табиий хом ашёдан ишлаб чиқарилаётган бежирим маҳсулотлар замонавий дизайни ҳамда саломатлик учун хавфсизлиги билан истеъмолчиларга манзур бўлаётир. Шу боис уларга нафақат ички, балки ташқи бозорда ҳам талаб ортмоқда. Айни кунда ҳудуддаги 25 та ишлаб чиқариш субъекти томонидан 45 турдаги тўқимачилик ашёлари хорижга йўналтираётгани сўзимиз тасдиғидир. Чунончи, -жорий йилнинг биринчи чорагида мазкур йўналишдаги экспорт кўрсаткичи 54,2 миллион АҚШ долларини ташкил этди.

Бунда Хўжаобод тумани тадбиркорларининг ҳам ҳиссаси катта. Мамлакатимиз мустақилликка эришгунга қадар ҳудудда қарийб юз нафар хотин-қиз меҳнат қилган атиги битта тўқимачилик фабрикаси фаолият кўрсатган бўлса, бугунги кунга келиб, шу соҳага ихтисослаштирилган йирик корхоналарнинг ўзи 5 тани ташкил этмоқда. Уларда жами 740 нафар мутахассис иш билан банд. Жорий йилнинг январь — март ойларида хўжаободлик чеварлар томонидан умумий қиймати 9,2 миллиард сўмлик кийим-кечаклар тайёрланиб, шундан 1 миллион 517,5 минг АҚШ долларилик қисми хорижга сотилди.

Тумандаги “Хўжаобод Файз-М” хусусий корхонаси ҳам юксак салоҳиятга эга экспортчи субъектлардан биридир. Бу ерда 180 нафар ишчи-мутахассис меҳнат қилмоқда. Жамоа жорий йилнинг биринчи чорагини сезиларли ютуқлар билан якунлади. Мавжуд қувватлардан фойдаланиш даражаси ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 10 фоиз ошди. Натижада 360 минг АҚШ долларилик маҳсулот чет эллик буюртмачиларга етказилди.

Истиқлолнинг илк йилларида ташкил этилган “Барчиной” хусусий корхонаси дастлаб 5 та тикув машинаси билан фаолият бошлаганди. Ўшанда бу ерда, бор-йўғи, икки турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилган. Давлатимиз томонидан тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган алоҳида эътибор “Барчиной”нинг муваффақиятларига асос бўлди. 2012 — 2015 йилларда олиб борилган кенг кўламли модернизациялаш тадбирлари натижасида Хитой ва Жанубий Корея давлатларидан 1 миллиард 90 миллион сўмлик дастгоҳлар харид қилиниб, 200 турдаги либосларни тикиш ўзлаштирилди. Ишлаб чиқариш самарадорлиги 70 фоиз ортди. Маҳаллийлаштириш дастури доирасидаги саъй-ҳаракатлар эса тўқув цехи ташкил этилишига сабаб бўлди. Эндиликда хом ашёни бўяш, матога гул босиш каби технологик жараён корхонанинг ўзида амалга оширилмоқда.

— Янги ускуналаримизнинг самарадорлиги юқори, — дейди корхона бош ҳисобчиси Мансурбек Исмоилов. — Улар кўмагида маҳсулот таннархини 20 фоиз арзонлаштиришга эришдик. Бинобарин, 95 миллион сўм миқдорида маблағ тежаб қолинди. Энг муҳими, кийим-кечакларимиз сифати янада яхшиланди. Бу эса чет эллик мижозларимизга ҳам маъқул тушмоқда. Ҳозир улар билан янги-янги шартномалар имзолаяпмиз. Бундан таш-қари, хориждаги “Савдо уйи”миз фаолиятини кенгайтираяпмиз.

Тумандаги тўқимачилик ҳамда тикувчилик йўналишидаги 200 га яқин кичик бизнес ва якка тартибдаги тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ҳам ана шундай юқори ўсиш суръатларини кузатиш мумкин.

Умуман, жорий йил якунига қадар 578,8 миллиард сўмлик инвестиция киритилиши натижасида вилоятда 18 минг 218 та иш ўрни яратилиши кўзда тутилган. Бу андижонликлар турмуш -фаровонлиги янада юксалади, деганидир.

Саминжон ҲУСАНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn