Тараққиётимизнинг асосий мезони
  • 07 Июнь 2016

Тараққиётимизнинг асосий мезони

Халқимиз энг улуғ, энг азиз байрам — Ватанимиз мустақиллигининг йигирма беш йиллигини кенг нишонлашга қизғин ҳозирлик кўрмоқда. Президентимизнинг шу йил 2 июндаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори энг улуғ, энг азиз айём бўлган мазкур қутлуғ санани муносиб кутиб олиш борасидаги дастурий ҳужжат сифатида барчамизни чексиз қувонтирди.

Давлатимиз раҳбарининг қарорида миллий истиқлолимиз тантанаси “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” эзгу ғоясини мужассам этиши алоҳида таъкидланди. Халқимиз асрлар давомида интилиб яшаган ҳамда курашган, мустақиллик деган бебаҳо неъматнинг қадр-қимматини теран идрок этиш, босиб ўтган машаққатли ва шарафли йўлимиз, улкан ютуқларимизнинг аҳамиятини юртимиз ҳамда жаҳон жамоатчилигига етказиш борасидаги вазифалар аниқ-равшан кўрсатиб берилди.

Қарорда қайд этилганидек, жамиятимиз ҳаётини бутунлай ўзгартирган Кадрлар тайёрлаш миллий дастури, Мактаб таълимини ривожлантириш ва бошқа умуммиллий дастурларимизни амалга ошириш натижасида мамлакатимизда ўн икки йиллик мажбурий ҳамда бепул, умумий ва ўрта махсус таълим тизимига, икки босқичли олий таълим тизимига асос солиниб, замонавий янги авлод кадрларини тарбиялаш учун мустаҳкам пойдевор яратилгани Ўзбекистонимизнинг жаҳон майдонида рақобатдошлигини таъминлашнинг ишончли замини сифатида хизмат қилмоқда.

Дарҳақиқат, қадимдан дунё цивилизацияси марказларидан бири ҳисобланган юртимизнинг илм-фан ҳамда маърифий салоҳиятини юксалтиришга бугун катта эътибор қаратилмоқда. Баркамол авлодни тарбиялаш, ёшларнинг дунёқарашини миллий ва умуминсоний қадриятлар асосида шакллантириш давлат сиёсати даражасига кўтарилган.

Айтиш жоизки, Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида Кадрлар тайёрлаш миллий дастурининг ҳаётга муваффақиятли татбиқ этилиши натижасида ҳаётимизда ижобий ўзгаришларга — ижтимоий-сиёсий иқлим барқарорлиги ҳамда халқимиз онгу тафаккурида янгиланишга эришилди. Бунинг далилини биргина мисол — кейинги йилларда ёшларимиз ўртасида олий таълим олишга интилишнинг кескин ошганида ҳам кўриш мумкин.

“Таълим тўғрисида”ги Қонун ва Кадрлар тайёрлаш миллий дастури мамлакатимизда малакали кадрлар тайёрлашнинг янги, бугунги кун талабларига тўла жавоб берадиган самарали миллий моделини яратишда муҳим омил бўлди. Бу тизим таълим соҳасини тубдан ислоҳ қилиш, уни собиқ тузум мафкураси асоратларидан тамомила халос этиш, таълимни ягона ўқув-илмий ишлаб чиқариш мажмуаси сифатида комплекс ривожлантиришни асосий мақсад қилиб олган эди.

Юртимизда изчил амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар, маънавий янгиланишлар жараёни билан кадрлар тайёрлашни уйғун олиб бориш, таълим-тарбиянинг ижтимоий аҳамияти ҳамда мавқеини юксалтириш, бу жараёнга малакали, фидойи инсонларни жалб этиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга алоҳида урғу берилди.

Кадрлар тайёрлаш миллий дастурида кўзда тутилганидек, таълимнинг барча босқичи узвийлигига эришиш, академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ҳамда олий ўқув юртлари ўртасида услубий-амалий ҳамкорлик, ахборот алмашинувининг йўлга қўйилгани ўзининг юксак самараларини бераётир.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари орасида биринчи бўлиб Ўзбекистонда олий таълимнинг замонавий икки босқичли — бакалавриат ва магистратура йўналишига ўтилгани тизимдаги энг муҳим ўзгаришлардандир. Бугунги кунда олий таълимнинг мазкур йўналишларидаги асосий мезон тайёрланаётган кадрларнинг илмий салоҳияти ҳамда амалий тажрибасига, иш берувчининг талабларига, яъни рақобатдошлигига мос келишига асослангандир.

Бугунги таълим жараёнини ахборот-коммуникация технологияларисиз тасаввур этиш мушкул. Зеро, юқори суръатлар билан ўсиб бораётган жаҳон ҳамжамиятига интеграциялашишга интерфаол педагогик ва ахборот технологияларини жорий қилиш орқали эришилади. Иқтисодиётнинг бошқа соҳаларидан фарқли равишда, бугун таълим жараёнларини мунтазам янгилаб бориш талаб этилмоқда.

Айни вақтда илғор ахборот технологиялари самарадорлигини кучайтиришда ёшларнинг компьютер воситаларидан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш, уларда интернет орқали олинаётган ахборотларни самарали қўллаш кўникмаларини шакллантиришда ахборот-ресурс марказларида электрон ахборот таълим ресурслари ҳажми ва сифатини юксалтиришга доир чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда.

Бугун юртимиздаги 12 йиллик узлуксиз таълим тизимида эришилаётган ютуқлар хорижликларнинг ҳам ҳавасини келтирмоқда. Бу турли халқаро конференцияларда Ўзбекистоннинг узлуксиз таълимнинг миллий моделини яратиш борасидаги тажрибаси БМТ, ЮНЕСКО, ЮНИСЕФ сингари нуфузли халқаро ташкилотлар, Буюк Британия, Германия, Италия, Хитой, АҚШ, Жанубий Корея, Япония каби ривожланган давлатларнинг таълим соҳаси бўйича йирик мутахассислари томонидан юксак баҳолангани мисолида тасдиғини топган.

Соҳадаги туб ислоҳотлар натижалари тайёрланаётган кадрларнинг сифати, билими, малакаси, маънавий-интеллектуал савиясида яққол намоён бўлмоқда. Бугун иқтидорли ёшларимиз юртимиздаги янги, энг замонавий талаблар асосида фаолият юритаётган тармоқларда мураккаб технологияларни бошқараяпти, илм-фан, маданият, спорт соҳаларида муайян ютуқларни қўлга киритаётир. Буларнинг барчаси, табиийки, истиқлолимиз шарофатидандир.

Бинобарин, биз, парламент аъзоларининг мустақиллик йилларида жамият ҳаётининг барча жабҳасида, хусусан, таълим тизимида қўлга киритилган муваффақиятларни тарғиб қилиш, забт этилаётган бу марралар замирида пухта ўйланган сиёсат ҳамда улкан меҳнат мужассамлигини жамоатчиликка атрофлича тушунтириш, ёш авлодни она-Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашда фаоллик кўрсатишимиз айни ҳаётий заруратдир.

Ўрол ҲАИТОВ,

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Қонунчилик

палатаси депутати.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn