Халқимиз даҳосининг тимсоли
  • 09 Апрель 2014

Халқимиз даҳосининг тимсоли

Ватанимиз тарихида энг улуғвор, бетакрор ва ёрқин из қолдирган, абадиятга дахлдор шахс, шак-шубҳасиз, соҳибқирон Амир Темурдир. Президентимизнинг “Юксак маънавият — енгилмас куч” асарида таъкидланганидек, тенгсиз азму шижоат, мардлик ва донишмандлик рамзи бўлган бу мумтоз сиймо буюк салтанат барпо этиб, давлатчилик борасида ўзидан ҳам амалий, ҳам назарий мерос қолдирди, илму фан, маданият, бунёдкорлик, дин ва маънавият ривожига кенг йўл очди.

Жаҳон тамаддуни ривожига муносиб ҳисса қўшган Амир Темур ҳаёти ва фаолияти бугун буюк давлат барпо этиш, озод ва обод Ватанни янада муаззам қилиш мақсадида дадил қадам ташлаётган юртдошларимиз учун ибрат ва намунадир. Истиқлол йилларида она-заминимизнинг фидойи, асл фарзанди Амир Темур номи таҳқир ва маломатлардан соқит этилиб, ўзининг шарафли рутбасига қайтди, бой мероси кенг ўрганилди. Тарихий давлатчилигимиз асосчиси сифатида Самарқанд, Шаҳрисабз ва Тошкент шаҳарларида ҳайкаллари ўрнатилди.
Бундан ўн саккиз йил муқаддам пойтахтимиз марказида Темурийлар тарихи Давлат музейи барпо этилди. Ушбу кошона темурийлар даври меъморчилигига замонавий архитектура анъаналари уйғунлаштирилгани билан Соҳибқирон давридаги саройларга монанд, десак, муболаға эмас. Бинонинг баландлиги 31, диаметри 70 метр. Унинг гумбазини ёритиб турган муаззам қандилнинг оғирлиги икки тоннадан ошади. Музей-кошона уч қаватдан иборат. Биринчи қаватда хазинахона, кутубхона, анжуманлар зали, маъмурият жойлашган. Иккинчи қаватдаги девор марказида давлатимиз раҳбари Ислом Каримов ғояси асосида “Буюк Соҳибқирон — буюк бунёдкор” деб номланган панно жойлаштирилган. Учинчи қаватдан Марказий Осиёнинг илк Уйғониш давридан то Соҳибқирон давригача ва темурийлар ҳаётидан ҳикоя қилувчи экспонатлар, ранг-баранг осориатиқалар ўрин олган.
Айтиш жоизки, жаҳоннинг кўплаб мамлакатларида ўтказилаётган халқаро кўргазмаларда музей нодир экспонатлари билан фаол қатнашаётгани юртимиз бой тарихи, қадимий маданияти ва буюк аждодларимиз меросини хорижда ҳам кенг тарғиб этишга хизмат қилмоқда. Хусусан, Франция, АҚШ, Германия, Австралия каби давлатларда ташкил этилган ана шундай кўргазмалар халқаро жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотди. Ўтган давр мобайнида музей халқимизнинг қутлуғ қадамжоларидан бирига айланди. Шунингдек, республикамизга ташриф буюраётган олий ва юқори мартабали меҳмонлар, расмий делегациялар вакиллари юртимизнинг бошқа диққатга сазовор жойлари қаторида Темурийлар тарихи давлат музейини ҳам катта эътибор билан томоша қилишади.
Бинонинг бутун айланаси бўйлаб жойлашган айвонни оқ устунлар кўтариб турибди. Ташқи деворига эса эзгуликка ундовчи — адолат, итоат, зарофат, маърифат, диёнат, оқибат, марҳамат, қадрият, садоқат, муваффақият, матонат, мурувват, шижоат ва машварат сўзлари битилган. 
Айни кунларда ушбу даргоҳга буюк давлат арбоби Амир Темур таваллудининг 678 йиллиги  муносабати билан кўплаб меҳмонлар ташриф буюрмоқда. Зеро, Президентимизнинг: “Амир Темур ким эди? У, биринчи навбатда улуғ бунёдкор шахс эди”, деган сўзлари ҳар биримизнинг қалбимизда акс садо бериб турибди.
Бинобарин, халқаро Амир Темур хайрия жамғармаси томонидан Соҳибқирон таваллудининг 678 йиллигига бағишлаб дастлаб  Самарқанд ва Қарши шаҳарларида илмий анжуманлар ташкил этилди. Ҳар икки тадбирда ҳам таниқли темуршунос олимлар, зиёлилар, ёшлар, кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди. 1996 йилдан  то шу кунга қадар мамлакатимизда ва турли жойларда ўтказилаётган бундай анъанавий мулоқотларнинг маърузалари ҳозиргача 10 та тўплам ҳолида нашр қилинди. Шунингдек, ўтган йилларда Амир Темур ва темурийлар ҳаёти билан боғлиқ 40 дан ортиқ илмий-оммабоп ва бадиий асарлар китобхонларга етиб борди.
2011 йилда “Темур тузуклари”нинг янги нашри тайёрланди ва чоп этилди. Китобга Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг сўзбоши берилгани улкан аҳамият касб этди.
Соҳибқирон Амир Темурдек буюк шахс жаҳон тарихида кам учрайди. У нафақат моҳир саркарда, шу билан бирга, илм-фан, маданият раҳнамоси, бунёдкор ҳукмдор сифатида ҳам халқаро миқёсда шуҳрат топган эди. Шу ўринда айрим тарихий маълумотларга мурожаат этсак. Бобокалонимиз 1381 йили Xуросонга юриши чоғида Мурғоб водийсида тўхтаб, дарёдан ариқлар қазиб сув чиқаришни буюради. Ҳиндистонга юриш чоғида эса тоғдан бир ариқ қаздириб, Кобул шаҳрига сув келтиради, етти йиллик юришида Озарбайжон ҳудудида Барлос каналини қаздириб, кўп жойларни обод қилади.
Йирик географ ва тарихчи Ҳофизи Абру ўзининг “География” асарида Самарқанд шаҳрида  оқар сув бемалол эканлиги, маҳаллалар, бозорлар, кўчалар ва аксар хонадонларда оқар  сувлар борлиги, ҳовлиларнинг бирортаси ҳовузсиз эмаслигини ёзади. Кўринадики, Амир Темур ободончилик ва маъмурликни барча юмушлардан кўра устун қўйган. Адолатни ўзига шиор қилиб олган.
Биз Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида қадим анъаналарнинг янгича мазмун-моҳиятда давом этаётганига, беқиёс бунёдкорлик ишларининг юксак самарасига гувоҳ бўлаяпмиз. Инсон қадрини улуғлаб, аждодларимизнинг хотирасини сарбаланд этишга, озод юртни обод, муаззам айламоққа қаратилган бундай оламшумул ўзгариш ва янгиланишлар замирида ёшларимиз қалбида Ватанга меҳру садоқат, фидойилик туйғуларини уйғотиш ва мустаҳкамлашдек эзгу мақсад-муддао мужассамдир.

Нозим ҲАБИБУЛЛАЕВ,
халқаро Амир Темур хайрия жамғармаси раиси,
Темурийлар тарихи Давлат музейи директори.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn