Беғубор болалик завқи
  • 02 Июнь 2016

Беғубор болалик завқи

Пойтахтимиздаги Fафур Fулом номидаги маданият ва истироҳат боғида Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига бағишлаб ўтказилаётган “Ҳар бир болага меҳр ва эътибор!” ҳафталиги доирасида байрам тадбири бўлиб ўтди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссия, шаҳар халқ таълими, маданият ва спорт ишлари, адлия бошқармалари ҳамда қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирда пойтахтимизда истиқомат қилаётган кам таъминланган оилалар фарзандлари, Меҳрибонлик уйлари, махсус мактаб-интернатлар, умумтаълим мактаблари ўқувчилари ва ота-оналар қатнашди.

Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ўсиб келаётган ўғил-қизларимизнинг ҳар -томонлама соғлом, билимли, кучли ва албатта, бахтли ҳаёт кечиришини таъминлашга йўналтирилганини таъкидлади. Бинобарин, республикамизнинг барча ҳудудида барпо этилган замонавий таълим муассасалари, болалар-ўсмирлар спорт мактаби ҳамда бошқа ўқув масканлари, улардаги энг илғор шарт-шароитлар ёшларимизнинг ҳеч кимдан кам бўлмай камол топиши, юксак иқтидор ва истеъдодини кенг намоён қилишида муҳим аҳамият касб этаётир. 

“Ҳар бир болага меҳр ва эътибор!” ҳафталиги доирасидаги тадбирларда ҳам давлатимизнинг фарзандларимизга кўрсатаётган юксак ғамхўрлиги, меҳру эътиборини ҳис қилиш мумкин.

Сўлим боғда болажонлар учун махсус байрам дастури, санъаткорлар томонидан концерт намойиш этилди. Шунингдек, “Баркамол авлод” болалар марказлари аъзолари, -болалар мусиқа ва санъат мактаблари ўқувчиларининг кўргазмалари, Ўзбекистон давлат цирки томошалари, Республика қўғирчоқ театрининг чиқишлари кичкинтойларга олам-олам завқ улашди. 

Қолаверса, мутахассислар иштирокида юртимизда бола ҳуқуқлари бўйича қабул қилинган қонунчилик ҳужжатларига оид викториналар уюштирилди. Бадиий гимнастика, Шарқ яккакурашлари шахмат-шашка, стол тенниси мусобақалари, “Отам, онам ва мен” мавзуида расм чизиш бўйича ўтказилган кўрик-танлов жуда қизиқарли бўлди.

— Келажакда етук спортчи бўлмоқчиман, — дейди таэквондо бўйича ёшлар ўртасида республика очиқ чемпионати совриндори Собир Одилов. — Ҳозир Шайхонтоҳур туманидаги 1-болалар ва ўсмирлар спорт мактабида машғулотлар олиб бораяпман. Масканимизда барча шарт-шароит етарли. Яратилган имкониятлардан унумли фойдаланиб, келажакда жаҳон чемпиони бўлмоқчиман.

Таъкидлаш керакки, мазкур ҳафталик Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳридаги маданият масканларида байрамона тарзда ўтказилмоқда.

Дилмурод СОДИҚОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn