Навқирон авлод анжумани
  • 02 Июнь 2016

Навқирон авлод анжумани

Тошкент вилоятида “Биз — буюк юрт фарзандларимиз!” шиори остида ёшлар фестивали бошланди.

Ушбу акция олдидан ташкил этилган матбуот анжуманида мамлакатимизда ҳеч кимдан кам бўлмаган авлодни камолга етказиш борасида ҳаётга татбиқ этилаётган изчил ислоҳотлар юксак самаралар бераётгани таъкидланди. Президентимизнинг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.

Мазкур ҳужжатда белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, юртимиз бўйлаб уюштирилаётган ушбу анъанавий фестиваль ёшларни Ватанимиздаги ижтимоий-иқтисодий янгиланишлар, демократик ўзгаришлар билан яқиндан таништириш, уларда бу жараёнларга дахлдорлик туйғусини кучайтириш, навқирон авлодни ватанпарварлик ва миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, “оммавий маданият” ҳамда бошқа турли иллатлар таъсиридан асрашга хизмат қилмоқда.

— Фестиваль доирасида вилоятнинг барча туман ва шаҳарларидаги таълим муассасалари, маҳаллалар, ҳарбий қисмлар, маданият ҳамда истироҳат боғлари, аҳоли дам олиш масканларида 20 га яқин тадбирлар ўтказиш кўзда тутилган, — дейди “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Тошкент вилояти кенгаши раиси Музаффар Ражаббоев. — Жумладан, депутатлар, таниқли ёзувчи ва шоирлар, маънавият тарғиботчилари, актёрлар, халқаро танловлар, фан олимпиадалари, спорт мусобақалари ғолиблари иштирокида учрашувлар, давра суҳбатлари, китоб фестиваллари ташкил қилинаётгани эртамиз эгаларига кўтаринки кайфият, қувонч улашмоқда. 

Тарғибот гуруҳи аъзолари дастлаб Чирчиқ шаҳридаги 14-Меҳрибонлик уйига ташриф буюриб, бу ерда “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!” лойиҳасини ўтказдилар. Мулоқотларда, айниқса, жажжи ўғил-қизларнинг ўз келажакларини қандай тасаввур этишлари ҳақидаги фикр-мулоҳазалари барчага манзур бўлди. Ўз навбатида, театр актёрлари томонидан намойиш этилган қизиқарли саҳна асарлари болаларда катта таассурот қолдирди.

Чирчиқ тиббиёт коллежида уюштирилган “Сиз севган қаҳрамонлар” номли тадбир ҳам навқирон авлод вакиллари кўнглидан жой олди. Чунки унда қатнашган шоир ва -ёзувчилар, таниқли санъаткорлар эртамиз эгалари томонидан мусиқа ҳамда кино -йўналишига оид саволларга жавоб беришди.  

Фестивалнинг биринчи кунидаги лойиҳалар Паркент туманидаги 31-умумтаълим мактабида давом этди. Ушбу таълим масканида “Диний экстремизм ва терроризм ёшлар келажагига таҳдид” мавзуида анжуман ўтказилди. Ёт ғоялар навқирон авлод истиқболига нечоғли салбий таъсир кўрсатиши ўқувчиларнинг саҳна кўринишлари орқали очиб берилди.

Шу куни Бўстонлиқ ва Оҳангарон туманларидаги “Ватанимга хизмат қиламан!” ҳамда “Оммавий маданият” ва ёшлар маънавияти” каби анжуманлар ҳам зўр уюшқоқлик билан ташкиллаштирилди.

Фестиваль тадбирлари давом этмоқда.

О. ЛУТФУЛЛАЕВ. 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Ёшлик баҳори Беғубор болалик завқи »