Ёшлик баҳори
  • 02 Июнь 2016

Ёшлик баҳори

Ўзбекистон давлат консерваториясида Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ҳамда “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий кенгаши ҳамкорлигида опера ижрочиларининг “Ёшлик баҳори” республика фестивали бўлиб ўтди.

Унинг очилиш маросимида таъкидланганидек, мамлакатимизда санъатнинг бошқа турлари қаторида опера ривожига ҳам катта эътибор қаратилаётир. Бу борада турли -танловлар, фестиваллар, айниқса, “Competizione dell Opera” итальян операси ёш ижрочилари халқаро танловининг Ўзбекистонда ўтказилиши операчиларимиз санъати довруғини янада юксакларга кўтарди. 2014 йилдан буён уюштирилаётган “Ёшлик баҳори” тадбири ҳам ушбу соҳада изланаётган йигит-қизлар учун кенг имконият -яратишга хизмат қилмоқда. 

Кўрик-фестивалда 18 ёшдан 32 ёшгача бўлган 100 дан зиёд профессионал ижрочилар қатнашиш истагини билдирган бўлса-да, ҳакамлар ҳайъати томонидан улардан 41 нафари танлаб олинди. Бир босқичда ўтказилган мазкур фестиваль иштирокчиларининг чиқишлари омма олдида уюштирилди. 

— Ушбу кўрик-фестиваль катта саҳналарда куйлаш имконини берди, — дейди танловнинг “Ёш ва умидли опера ижрочиси” номинацияси ғолиби Бахтиёр Баҳодиров. — Саҳна устозлар ижод қилган муқаддас даргоҳ. У ерда куйлаш улкан масъулиятни ҳис этиш баробарида, изланишларимизни устозлар назаридан ўтказишга берилган имкониятдир.

Қатнашчиларнинг ижроси опера хонандалари, бастакорлар, етук мусиқачилардан иборат ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланади. Якунда Рустам Алимардонов танловнинг биринчи мукофотини қўлга киритди. Иккинчи ва учинчи ўринлар Ширин Маматова ҳамда Хўжаназар Жумаевга насиб этди. Шунингдек, энг фаол иштирокчилар учун ҳам совринлар тақдим этилди. 

Тадбир давомида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта -театрида кўрик-фестиваль доирасида истиқлол йилларида ўзбек опера санъатининг ривожи ва истиқболлари мавзуига бағишланган  анжуман ташкил қилинди. 

Мавжуда ХОЛМАТОВА.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn