Ўзликни англаш саодати
  • 02 Июнь 2016

Ўзликни англаш саодати

Мустақиллик — улуғ неъмат. Зотан, қўлга киритилаётган барча муваффақиятларимиз, мамлакатимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътибори, шубҳасиз, ана шу омилга боғлиқ.

Истиқлолимиз туфайли миллий қадриятларимиз қайта тикланиб, ўзликни англаш сари дадил қадамлар қўйилди. Асосий Қонунимизда виждон эркинлиги кафолатланди. Бугун юртимизда турли миллат ва элат вакиллари дини ҳамда эътиқодидан қатъи назар, аҳил-иноқ ҳаёт кечираётир. Ҳар бир фуқаро шу азиз юрт менинг Ватаним, унинг истиқболи менинг, фарзандларимнинг ёрқин келажагидир, деган фикру ўй билан яшаяпти. Юртимизда кечаётган ўзгаришлар, янгиланишлар эндиликда ҳар биримизнинг ҳаётимизга, турмушимизга ўзгача шукуҳ олиб кираётганини барчамиз кўриб, билиб турибмиз. Бу, ҳеч шубҳасиз, мустақилликнинг илк йилларида ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилаётган тараққиётнинг “ўзбек модели” самараларидир. Унинг асосида рўёбга чиқарилаётган ислоҳотлар эса изчиллиги ва узвийлиги билан янада аҳамиятлидир. Хусусан, истиқболимиз учун муҳим саналган ҳар бир масалани йиллар давомида босқичма-босқич муфассал амалга ошириш тажрибаси бугун халқаро жамоатчилик -томонидан ҳам юқори баҳоланмоқда.

Шу жиҳатдан айтганда, жорий йилнинг “Соғлом она ва бола йили” деб номланишида чуқур рамзий маъно бор. Ҳақиқатан ҳам, болажонлар — истиқлолимиз таянчи, бизнинг келажагимиз. Улар тимсолида Ватанимизнинг эртанги кунини кўрамиз. Бинобарин, ўсиб келаётган ёшларимизни баркамол этиб тарбиялаш бугуннинг энг долзарб масалаларидан биридир.

Мамлакатимизда ана шундай устувор вазифалар ижроси юзасидан изчил чора-тадбирлар олиб борилаётир. Хусусан, айни кунларда юртимизнинг барча шаҳару қишлоқларида ўтказилаётган “Ким эдигу ким бўлдик, эртага қандай юксак марраларни эгаллашимиз керак?” мавзуидаги тарғибот тадбирлари ҳам жамиятимизда ёшлар фаоллигини янада ошириш, уларнинг юрт тараққиётида нечоғли муҳим мавқега эга эканлигини англатишга хизмат қилади.

Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари, “Ўзбекнаво”, “Ўзбектеатр” бирлашмалари, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Ёзувчилар уюшмаси, Республика Маънавият тарғибот маркази, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамкорлигида ташкил этилаётган ушбу тадбирларга қизиқиш катта. 

Республика Ишчи гуруҳи томонидан белгиланган тартибга мувофиқ, санъаткорлар, театр ва кино намояндалари, шоир-ёзувчилар, маънавият тарғиботчиларидан иборат гуруҳлар умумтаълим мактаблари, академик лицей, касб-ҳунар коллежлари ҳамда олий таълим муассасаларида бўлиб, ёшларга истиқлолнинг мазмун-моҳияти, бугун эришилаётган тарихий муваффақиятларимизнинг асл негизи ҳақида қизиқарли суҳбатлар уюштирмоқда. Бундан кўзланган эзгу мақсад эртамиз эгаларида ватанпарварлик ҳиссини кучайтириш, уларга тинчликнинг қадрига етиш, мустақиллик улуғ неъмат эканини, уни асраб-авайлаш лозимлигини, турли бузғунчи ғояларга қарши маърифат билан курашиш кераклигини тушунтиришдан иборатдир.  Ўтказилган тадбирлар давомида шу нарса аён бўлдики, ёшларимиз жамиятда кечаётган жараёнларга асло бефарқ эмас. Аксинча, улар эришилаётган ғалабалар, турмушимиздаги ўзгаришлар, маънавий-маданий соҳалардаги юксалишлар ҳақида тўлқинланиб гапиришдики, бу ҳар биримизга фахру ғурур бағишлади.

Чиндан ҳам, замонавий тарихимиздаги энг нурли ва шонли воқеалар айнан мустақиллик билан боғлиқ. Истиқлол бизга ўзликни англаш саодатини туҳфа этди. Ўзлигини англаган инсон эса ўз қадр-қимматини ҳам теранроқ тушуниб етади. Шу маънода, биз тарихнинг бурилиш даврида яшамоқдамизки, бу ҳар биримиздан дунёқарашимиз, тафаккуримизни ўзгартиришни талаб қилади. Зеро, мустақиллик осонликча қўлга киритилгани йўқ. Миллий истиқлолга машаққатли ҳамда шарафли -курашлар эвазига эришилди. Яқин тарихимизда бўлиб ўтган ана шу долғали воқеаларни ҳар томонлама ўрганиш навқирон авлод учун жуда муҳим.

Тарих — чин мураббий. Кечаги кунини унутган, ўтмишини билмайдиган инсон, жамият эртанги улуғ мақсадларига етолмайди.

Мамлакатимизда қўлга киритилаётган ютуқлар кўламини тасаввур этиш, моҳиятини англаш учун бугунги ҳаётимизни кечаги кунларимиз билан таққослаб кўришнинг ўзи кифоя. Ҳар биримиз ўз ҳаётимиз, оиламиз, қишлоғимиз, шаҳримиз миқёсидаги ўзгаришларни кўз олдимизга келтирсак, муваффақиятларимизнинг барчаси юртимизда олиб борилаётган оқилона сиёсат, қолаверса, бунёдкор халқимизнинг фидокорона меҳнати натижаси экани аён бўлади.

Албатта, Ватанимиз тараққиёти йўлида сидқидилдан меҳнат қилиб, улуғвор мақсадлар рўёбига ҳисса қўшиш, мустақиллигимизни кўз қорачиғидек асраш ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиздир. Буни юртдошларимиз, хусусан, ёшларимиз онгига чуқур сингдириш эса ўзбек зиёлиларининг энг долзарб вазифалари сирасига киради.

Нодир ҚОСИМОВ,

Республика Маънавият

тарғибот маркази раҳбари вазифасини бажарувчиси. 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Эзгу анъаналар давом этмоқда Ёшлик баҳори »