Эзгу анъаналар давом этмоқда
  • 02 Июнь 2016

Эзгу анъаналар давом этмоқда

Ёши улуғ инсонларни эъзозлаш, иззат-икром кўрсатиш халқимизга хос юксак фазилатлардан биридир. Бу эзгу анъана мустақиллик туфайли янгича маъно-мазмун билан бойиди. Президентимиз раҳнамолигида ҳаётга татбиқ қилинаётган қатор қонунлар, дастурлар ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар асосида нуронийларга муносиб турмуш шароитини яратиш, ижтимоий, пенсия таъминоти ҳамда тиббий хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш саъй-ҳаракатлари кенг кўлам касб этмоқда.

Бу эса кексаларга маънавий-руҳий мадад бўлиб, улар қалбидаги шукроналик ва миннатдорлик туйғуларини кучайтираётир.

Қарияларни қадрлашдек олижаноб мақсад йўлида Самарқанд вилоятининг Пайариқ туманида ҳам қатор ишлар олиб борилмоқда. Аввало, юртимиз бўйлаб амалга оширилаётган ўзгариш ҳамда янгиланишлар бизнинг гўшамизга ҳам ўзгача чирой бағишлаганини, айниқса, қишлоқларимиз чинакам обод манзилларга айланганини таъкидлашни истардим. Киши баҳридилини очадиган сўлим истироҳат боғи, “Ёшлар маркази”, амфитеатр, мусиқали фавворалар, маданият ва аҳоли дам олиш марказлари, бири-биридан кўркам тураржой бинолари, замонавий тиббий, таълим, мусиқа ҳамда санъат масканлари... Санайверсак, адо бўлмайди. Бундай бунёдкорлик, фаровон турмуш аҳоли барча қатлами, хусусан, кекса авлод вакилларини беҳад мамнун этаяпти.

Бугунги кунда туман аҳолисининг 14 минг 700 нафардан зиёди пенсия ва нафақа таъминоти билан қамраб олинган. Уларнинг 12 нафари Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, 

280 нафардан ортиғи фронт ортида меҳнат қилган фахрийлар ҳисобланади. Дарвоқе, ўнга яқин юз билан юзлашган отахону онахонларимиз бор. Ибратли умр йўлини босиб ўтган, бугун эл-юрт ардоғида яшаётган бу нуронийларни ҳар байрамда совға-салом билан йўқлаш хайрли анъана тусини олган. Мазкур ишларда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ҳамда ёшларимиз фаол ва ташаббускор бўлаётгани эътиборга молик. Қолаверса, кексаларга ижтимоий хизмат кўрсатиш тизимини ривожлантириш, уларнинг саломатлигини тиклаш юзасидан белгиланган аниқ манзилли чора-тадбирлар ҳам амалий тасдиғини топаяпти.

Шунингдек, фахрийларимиз учун ҳар йили Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива сингари юртимизнинг қадимий ҳамда навқирон шаҳарларига саёҳатлар ташкил этилмоқда. Бу гўзал манзиллардаги муқаддас қадамжо ва тарихий обидаларни, истиқлол йилларида қад ростлаган замонавий иншоотларни томоша қилиб қайтган отахону онахонларимизнинг бир олам таассуротларини тинглашнинг ўзи кишига завқ, сурур бахш этади.

Чиндан ҳам, катта ҳаётий тажрибага эга, бугун давралар тўридан жой олиб, ҳар бир эзгу ишнинг бошида турган, панду насиҳатлари билан ёшларни тўғри йўлга етаклаётган, хонадонларимиз файзи бўлган кекса авлод вакиллари чексиз эътибору ғамхўрлик оғушидалар. Ўз навбатида, улар жамиятда соғлом муҳитни мустаҳкамлаш, ёшларни она-Ватанга, миллий қадриятларимизга садоқат руҳида тарбиялаш ишларига муносиб ҳисса қўшиб келаётганини таъкидлаш ўринлидир.

Инсон доимо меҳр-эътиборга талпиниб яшайди. Бировдан яхшилик кўрсанг, ширин сўз эшитсанг, кўнглинг тоғдек кўтарилади. Юртимизда кексаларга алоҳида эҳтиром кўрсатиш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилгани уларнинг умрига умр қўшаётгани, шубҳасиз. Энг муҳими, мана шу эзгулик таъсирида ёшларимиз мўътабар қарияларни рози қилиб, дуосини олишдек улуғ ҳамда савоб ишга интилмоқдалар. Ўлмас қадрият ва анъаналаримиз давом этаяпти.

Ибодулла УМИРОВ,

«Нуроний» жамғармаси 

Пайариқ тумани

бўлинмаси раиси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn