Ҳар бир фарзанд меҳр ва эътибор оўғшида
  • 01 Июнь 2016

Ҳар бир фарзанд меҳр ва эътибор оўғшида

Мамлакатимизда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида орзу-умидларимиз, эзгу тилакларимиз тимсоли — фарзандларимизнинг порлоқ истиқболини таъминлаш борасида улкан ислоҳотлар амалга оширилаяпти.

Бу эса болажон халқимизнинг ҳар бир вакилига олам-олам қувонч бағишлаяпти. Бинобарин, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2016 йил юртимизда “Соғлом она ва бола йили” деб номлангани замирида ҳам фарзанд тақдирига миллат тақдири сифатида қарашдек эзгу ғоя мужассам.

Истиқлолнинг илк кунлариданоқ навқирон авлод вакилларига ғамхўрлик кўрсатиш, улар орасидан истеъдодларни излаб топиш, қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантиришга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда. Зеро, боланинг келажакда қайси касбни эгаллаши, қандай феъл-атвор эгаси бўлиши унинг тарбиясига, камол топаётган муҳитига боғлиқ. Шу маънода, ҳаётга татбиқ этилган “Таълим тўғрисида”ги, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунлар, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури, Мактаб таълимини ривожлантириш давлат умуммиллий дастури ўғил-қизларимизнинг ҳуқуқий ва қонуний манфаатларини таъминлаш, уларни ижтимоий ҳимоялаш, пухта таълим-тарбия олиши, ўз иқтидори ҳамда қобилиятига мос касб-ҳунар эгаллашида муҳим пойдевор вазифасини ўтаётир. Қолаверса, бугунги кунда, БМТ маълумотларига кўра, мамлакатимизда таълимга йўналтирилаётган харажатлар давлат бюджетининг 35 фоиздан ортиғини ташкил этмоқда. Бошқача айтганда, Ўзбекистон Давлат бюджетидан ҳар йили 35 фоиз маблағ айнан таълим-тарбия соҳасига йўналтирилаяпти.

Болаларнинг ҳаёти ва саломатлигини муҳофаза қилиш, уларнинг жисмоний, интеллектуал ҳамда маънавий камол топишига яқиндан кўмаклашиш борасидаги эзгу саъй-ҳаракатлар жараёнида ижтимоий-тиббий ҳимояга муҳтож ўғил-қизларга алоҳида меҳр ва эътибор кўрсатилаётганини таъкидлаш жоиз. Бу борадаги дастурлар, ижтимоий лойиҳаларнинг амалга оширилиши натижасида Меҳрибонлик уйлари фаолияти янада такомиллаштирилиб, улардаги мавжуд шароит ҳамда имкониятлар оилавий муҳитга тобора яқинлаштирилаяпти. Ушбу масканларда ижтимоий-педагогик хизматнинг жорий этилиши ўғил-қизларимизни миллий анъана ва қадриятларимиз руҳида тарбиялаш, уларнинг чуқур билим олиши, жамиятга мослашувига хизмат қилаётир.

— Дарҳақиқат, мустақиллигимизнинг дастлабки йиллариданоқ юртимизда оналик ҳамда болаликни муҳофаза қилиш масаласи давлат ижтимоий сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири этиб белгиланди, — дейди Республика “Она ва бола” скрининги маркази директори, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби Мадина Шарипова. — Ўтган йиллар давомида миллат генофондини яхшилаш, оилада тиббий маданиятни юксалтириш, аҳолининг турмуш фаровонлигини ҳамда узоқ умр кўриш даражасини ошириш мақсадида соғлом авлод туғилиши ва унинг тарбияси учун қулай шарт-шароитлар яратишга доир чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, изчил ишлар амалга оширилди. Юртбошимиз ташаббуси билан мамлакатимизда 1998 йил “Оила йили”, 2000 йил “Соғлом авлод йили”, 2001 йил “Оналар ва болалар йили”, 2008 йил “Ёшлар йили”, 2012 йил “Мустаҳкам оила йили”, 2014 йил “Соғлом бола йили” деб эълон қилингани ҳамда шу муносабат билан тегишли Давлат дастурларининг бажарилгани бу борадаги эзгу ишларга мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилмоқда. 

Бунинг самарасида Президентимиз томонидан илгари сурилган “Соғлом она — соғлом бола” концепцияси халқаро миқёсда ҳам юксак баҳоланаётир. Ушбу концепциянинг изчил амалга оширилаётгани туфайли кейинги беш йилда республикамизда ҳар 100 минг чақалоққа нисбатан оналар ўлими 23,1 дан 19 тага, 5 ёшгача бўлган болалар ўлими 14,8 тадан 13,9 тага, чақалоқлар ўлими 11 тадан 10,7 тага камайди. Ушбу кўрсаткичлар бўйича Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Мингйиллик ривожланиш мақсадларига тўлиқ эришди.

Диёримизда дилбандларимизнинг замонавий билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши учун яратилган шарт-шароитлар нафақат юртдошларимиз, балки хорижлик мутахассислар, экспертлар ҳамда сайёҳлар қизиқишига, эътирофига сазовор бўлмоқда. Жумладан, мамлакатимизга ташриф буюрган япониялик меҳмон — кўп йиллардан бери таълим соҳасида фаолият юритаётган педагог Масару Накамура бу ҳақда шундай дейди:

— Ўзбекистон — бетакрор диёр. Бу жаннатмонанд ўлкага ҳар сафар келганимда, бир олам таассуротлар билан қайтаман. Чунки мамлакатингизда тарихан қисқа даврда улкан натижаларга эришилганидан ҳайратланаман. Ўзим ўқитувчи бўлганим учун бу ерда таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотларни кузатдим. Ва амин бўлдимки, мазкур йўналишда Президент Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг қамровли ўзгаришу янгиланишлар кўпгина давлатлар учун намуна бўлишга арзийди. Мисол тариқасида айтадиган бўлсак, Японияда бир боланинг савод чиқариши, замонавий илм сирларини эгаллаши учун оила бюджетидан жуда катта маблағ талаб этилади. Ўзбекистонда эса ўқитиш мутлақо бепул бўлиб, таълимнинг 9+3 тизими йўлга қўйилгани, кўркам ўқув даргоҳлари ёшлар ихтиёрида эканлиги, энг муҳими, болалар мактаб партасиданоқ хорижий тилларни пухта ўзлаштириб, 18 ёшида икки ёки учта мутахассисликни эгаллашаётгани чиндан ҳам ҳавас қиларли натижадир. 

Бундай муваффақиятлар ҳар биримизга чексиз мамнуният ва ғурур бахш этиши, табиий. Ахир навқирон авлод тақдири, беғубор болалик давлатимизнинг юксак эътиборида. Шу боис улар бугун ҳеч кимдан кам бўлмаган шароитда яшаб, Ватан тараққиётига муносиб ҳисса қўшишга интилмоқда. 

Мақсуд ЖОНИХОНОВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn