Инсон ҳуқуқ ва манфаатлари — олий қадрият
  • 31 Май 2016

Инсон ҳуқуқ ва манфаатлари — олий қадрият

Нукусда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Сенатнинг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, -Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ҳамкорлигида “Фуқароларнинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашда давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ҳамкорлигининг устувор йўналишлари” мавзуида семинар ташкил этилди.

Мамлакатимизда истиқлолнинг илк кунлариданоқ инсон ҳуқуқ ҳамда манфаатларини таъминлаш, ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамияти барпо қилишга қаратилган кенг кўламли саъй-ҳаракатлар изчил амалга оширилиб, муайян натижалар қўлга киритилаётгани таъкидланди. Бу борада Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси мустаҳкам ҳуқуқий асос сифатида хизмат қилаётир. Зеро, ўтган йиллар мобайнида унинг асосида фуқароларнинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқ ҳамда эркинликларини таъминлашга йўналтирилган, умуминсоний қадриятларга мос ишончли норматив-ҳуқуқий база яратилди. У замон талабларига мувофиқ, тобора такомиллаштириб борилаяпти.

Семинарда фуқаролар, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари мансабдор шахслари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларига жорий йилнинг апрель -ойида эълон қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Парламент назорати тўғрисида”ги Қонунининг мақсад ва вазифалари тушунтирилди. Ушбу ҳуқуқий ҳужжат моддалари, жумладан, унинг субъекти, объекти, предмети ҳамда парламент назоратининг шакли ва уни амалга ошириш механизмлари, шунингдек, субъектларнинг мазкур йўналишдаги ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари тўғрисида атрофлича маълумот берилди.

Иштирокчилар “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги ҳамда “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонунлар ҳамда Адлия вазирлиги томонидан “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонунга берилган шарҳга ҳам алоҳида тўхталиб ўтишди.

— Мурожаат этиш фуқаронинг конституциявий ҳуқуқларидан бири бўлиб, уни амалга оширишни таъминлаш давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органларининг муҳим вазифаларидандир, — дейди Қорақалпоғистон Республикаси адлия вазирининг ўринбосари Алишер Атажанов. — Қонун талабларидан келиб чиқиб, вазирлигимизда жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларини умумлаштириш ҳамда таҳлил этиш амалиёти йўлга қўйилган. Ўтган йили вазирликнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлимига 603 та мурожаат келиб тушди. “Ишонч телефони” орқали эса 99 та мурожаат қабул қилинди. Уларнинг 

432 таси кўриб чиқилиб, шундан 130 таси қаноатлантирилди, 254 тасига ҳуқуқий жиҳатдан тушунтириш берилди, 3 таси бекор қилинди, 238 таси эса тегишли органларга юборилди. Кўрилган мурожаатлар ҳамда ўтказилган ўрганишлар асосида судларга фуқароларнинг қонуний манфаатларини кўзлаб 117 миллион сўмликдан зиёд даъво аризалари киритилди ва улар қаноатлантирилди.

— Аҳоли ўртасида олиб борилаётган кенг қамровли тушунтириш-тарғибот тадбирлари туфайли уларнинг ҳуқуқий саводхонлиги юксалмоқда, энг муҳими, ҳуқуқбузарлик ҳамда жиноятчилик ҳолатлари сезиларли даражада камайишига эриши-лаётир, — дейди Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазирининг ўринбосари Айтбой Темирханов. — Бу борада фуқаролар йиғинларида фаолият олиб бораётган “Маҳалла посбони” жамоатчилик тузилмалари ходимлари билан йўлга қўйилган ҳамкорлик муҳим омил бўлаяпти. Масалан, жорий йилнинг ўтган даврида икки юзга яқин маҳаллада биронта жиноят содир этилмагани бунинг яққол далилидир.

Тадбирда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг фуқароларнинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашда давлат органлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда ОАВ билан ҳамкорлигига алоҳида эътибор қаратилди. Қайд этилганидек, Омбудсман номига келиб тушаётган фуқароларнинг шахсий, ижтимоий, иқтисодий ҳуқуқларини таъминлашга доир мурожаатлари фуқаролик жамияти институтлари билан биргаликда кўриб чиқилмоқда.

Омбудсман институти ўз фаолиятини амалга оширишда ишончли ва самарали тузилмага эга экани ҳам қатнашчилар томонидан эътироф этилди. Бинобарин, мамлакатимиз ҳудудларида Омбудсманнинг минтақавий вакиллари ҳамда улар ҳузурида инсон ҳуқуқлари бўйича олимлар ва мутахассислардан иборат Экспертлар кенгаши самарали фаолият юритаяпти. Минтақавий вакиллар томонидан фуқароларнинг мурожаатлари юзасидан таҳлил ҳамда мониторинг мунтазам олиб борилаётир. Айни чоғда ҳудуддаги аҳолини қизиқтираётган ижтимоий-иқтисодий масалалар халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари билан биргаликда таҳлил этилмоқда.

Тадбирда муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Ҳидоят АҲМЕДОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn