Умр кушандаси
  • 31 Май 2016

Умр кушандаси

Чекиш — инсон саломатлигига зиён етказувчи иллат. Мутахассисларнинг аниқлашича, ҳар бир чекилган сигарета киши умрини олти дақиқага қисқартирар экан. Ҳозирги кунда дунёда ҳар олти сонияда бир одам айнан тамаки туфайли ўз ҳаётига зомин бўлмоқда.

Унинг таркибида 400 дан зиёд заҳарли кимёвий моддалар мавжуд бўлиб, буларнинг 40 дан ортиғи саратон касаллигини келтириб чиқаради. Радиоактив моддалардан эса полоний, висмут ва қўрғошин изотоплари бор. Бир кунда 1 қути сигарета истеъмол қилиш, бу — бир йилда 500 рентген нурланиш билан тенг. Битта сигарета 6 — 8 мг. никотин сақлайди, унинг 3 — 4 мг. миқдори қонга ўтади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг ташаббуси билан 31 май — Халқаро кашандаликка қарши кураш куни сифатида эълон қилинган. Ушбу санада мамлакатимизда ҳам чекишга қарши қатор тадбирлар уюштирилади.

Чекиш соғлиқ учун зарарлигини ҳамма билади, лекин йилдан-йилга мазкур иллатга ружу қўйганлар сони дунё бўйича тобора ошаётир. Сигарета қутисида “Чекиш — инсонни ўлдиради” деган жумла ёзиб қўйилган. Бу бежиз эмас. Зеро, чекувчиларда чекмайдиганларга нисбатан ўпка раки 30 марта, стенокардия 13 марта, ошқозон яраси 10 марта кўп учрайди. Ўпка раки билан касалланганларнинг 96 — 100 фоизи, туберкулёз билан 95 фоизи, ошқозон яраси билан оғриганларнинг 96 — 97 фоизини айнан кашандалар ташкил этади. Чекиш ва ўпка раки ўртасида тўғридан-тўғри боғлиқлик борлиги эса амалда исботланган.

Бундан ташқари, чекувчи инсонларда овознинг бўғилиши, тишларнинг бузилиши, оғиздан бадбўй ҳид келиши, юзни ажин босиши, хотира пасайиши каби ҳолатлар пайдо -бўлади.

Никотин асаб тизимини заҳарловчи моддалар қаторига киради. Тамаки чекилганда, 20 сонияда никотин қонга ўтиб асаб тизимига таъсир кўрсатади. У асаб ҳужайраларининг қўзғалувчанлигини оз миқдорда оширади, нафас ва юрак уришини тезлаштиради, юракнинг қисқариш маромини бузади, кўнгил айнишига олиб келади.

Кашанда фақат ўзинигина эмас, балки атрофдагиларни ҳам заҳарлайди. Булар унинг ота-онаси, дўстлари, турмуш ўртоғи ҳамда фарзандлари бўлиши мумкин. Яна шу нарса маълумки, чекувчи инсонларнинг фарзандлари бронхит, зотилжам каби касалликларга тез-тез чалинади. Тамаки тутуни ҳомиладор аёлга ва ҳомилага ўта хавфли таъсир ўтказади. Бундай тоифадаги аёллар чеккандан сўнг йўлдош қон томирлари спазми (торайиши) содир бўлади ва ҳомила бир неча дақиқага кислород етишмовчилиги ҳолатига тушади. Бундай нуқсон узлуксиз такрорланса, ҳомиланинг она қорнида ривожланиши секинлашади ҳамда у турли етишмовчиликлар билан туғилади.

Халқимизда “Қуш уясида кўрганини қилади”, деган мақол бор. Демоқчимизки, аксарият ҳолларда чекувчи инсонларнинг фарзандлари ҳам келажакда кашандаликка ружу қўйиши мумкин. Бу эса мазкур иллатнинг олдини бугунданоқ олиш зарурлигидан далолат беради.

Мамлакатимизда мазкур йўналишда муайян ижобий ишлар амалга оширилаяпти. Хусусан, 2011 йил 5 октябрда Ўзбекистон Республикасининг “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқалиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги Қонуни ҳаётга татбиқ этилган бўлиб, унга кўра, йигирма ёшга тўлмаган фуқароларга бу турдаги маҳсулотларни сотиш қатъиян тақиқланган.

“Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури асосида бу борадаги ишлар кўлами янада кенгайди. Жумладан, Республика саломатлик ва тиббий статистика институти қатор давлат ҳамда жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда жойларда аҳоли ва ёшлар иштирокида туркум тарғибот тадбирлари ўтказилаётир. Бундан кўзланган мақсад, ўсиб келаётган ёш авлодни зарарли иллатлардан асраш, саломатлигини муҳофазалаш, ёшлар онгига соғлом турмуш тарзи тушунчаларини чуқур сингдиришдир.

Зулхумор МУТАЛОВА,

Республика саломатлик ва тиббий статистика институти директори, тиббиёт фанлари номзоди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn