Миллий қадриятлар ва эзгу амаллар маскани
  • 27 Май 2016

Миллий қадриятлар ва эзгу амаллар маскани

Маҳалла азалдан чинакам миллий қадриятлар ва эзгу амаллар маскани бўлган. Меҳр-оқибат, аҳиллик ҳамда тотувлик, эҳтиёжманд инсонлар ҳолидан хабар олиш, етим-есирлар бошини силаш, тўй-томоша, ҳашар ва турли тадбирларни кўпчилик билан бамаслаҳат ўтказиш, яхши кунда ҳам, ёмон кунда ҳам бирга бўлиш каби халқимизга хос анъаналар шу масканда шаклланиб, сайқал топган. Истиқлол йилларида маҳалланинг ҳаётимизда тутган ўрни ҳамда аҳамияти ортиб, шунга мос равишда ваколатлари кўлами ҳам кенгайиб бораётир.

Мустақилликнинг дастлабки даврида фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари зиммасида фақат иккита вазифа бўлган бўлса, бугунги кунда мазкур институт 

30 дан ортиқ вазифаларни самарали бажариб келаяпти. Аҳолини аниқ йўналтирилган асосда ижтимоий қўллаб-қувватлаш, миллий урф-одат, анъана ва қадриятларимизни асраб-авайлаш, оилаларни мустаҳкамлаш, ёшларни она-Ватан ҳамда истиқлол ғоясига садоқат руҳида тарбиялаш, хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга кўмаклашиш, ҳудудларни ободонлаштириш шулар жумласидандир.

Табиийки, маҳалла институти нуфузини янада ошириш ва унинг кенг кўламли ислоҳотлар жараёнидаги иштирокини кенгайтиришда айни чоғда юртимиз бўйлаб ўтказилаётган фуқаролар йиғинлари раислари ҳамда уларнинг маслаҳатчилари сайлови муҳим ўрин тутади. Зеро, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2016 йил 5 мартдаги қарорига мувофиқ, мазкур сайловда 9764 нафар фуқаролар йиғини раиси ва уларнинг 99 минг нафардан зиёд маслаҳатчилари сайланиши назарда тутилган бўлиб, ҳозирги кунда бу лавозимларга аҳоли орасида ҳурмат-эътибор қозонган, кўпчиликни эзгу ишларга эргаштира оладиган, энг муҳими, юртимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар мазмун-моҳиятини теран тушуниб, янгиланишларга ўз ҳиссасини қўшадиган, фаол ҳамда ташаббускор фуқаролар сайланишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

“Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Қонунга кўра, фуқаролар йиғини раиси маҳаллаларда жамоатчилик асосида фаолият олиб бораётган Яраштириш ва Ижтимоий қўллаб-қувватлаш комиссияларига, унинг маслаҳатчилари эса Маърифат ва маънавият масалалари бўйича, Хотин-қизлар билан ишлаш бўйича, Вояга етмаганлар, ёшлар ва спорт масалалари, Экология ва табиатни муҳофаза қилиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш бўйича, Тадбиркорлик фаолияти ва оилавий бизнесни ривожлантириш масалалари бўйича, Жамоатчилик назорати ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича комиссиялар ҳамда “Ота-оналар университети”га раҳбарлик қиладилар. Бу эса, шубҳасиз, фуқаролар йиғинлари сайловининг нуфузи ҳамда аҳамиятини янада оширади. Шу билан бирга, келгусида ушбу жамоатчилик тузилмалари ишини самарали ташкил этиш, айни кунларда ўтказилаётган сайлов жараёнида ҳар томонлама муносиб, ташаббускор ва фидойи инсонларнинг фуқаролар йиғинлари раислари ҳамда уларнинг маслаҳатчилари лавозимига сайланишини тақозо этади.

Қолаверса, сайланадиган маслаҳатчилар фуқаролар йиғинлари зиммасида бўлган кенг қамровли ишлар, шу жумладан, маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳит бар-қарорлигини мустаҳкамлаш, ҳудудларни комплекс ривожлантириш, оилаларни, айниқса, ёш оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, “Оила — маҳалла — таълим муассасаси” ҳамкорлигини самарали ташкил қилиш каби устувор вазифалар ижросини таъминлашда йиғин ходимларига кўмакдош ҳисобланади.

Олий Мажлис Сенати Кенгашининг фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи комиссияси маълумотларига кўра, шу кунгача мамлакатимиз бўйича 5 минг 700 нафарга яқин фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг қарийб 60 минг нафар маслаҳатчилари ошкоралик, муқобиллик ҳамда тенглик принциплари асосида сайланди. Айни пайтда улар ўзларининг қонун ҳужжатларида белгиланган вазифалари ижросини таъминлашга киришмоқда. Хусусан, сайлов бўлиб ўтган маҳаллаларда фуқаролар йиғинлари органлари шакллантирилаяпти, сайланган маслаҳатчилар жамоатчилик комиссиялари раислари сифатида ушбу тузилмалар ишини самарали ташкил қилиш бўйича чора-тадбирларни амалга оширмоқдалар.

— Маҳалламиз тадбиркорликни ривожлантириш борасида салмоқли натижаларга эришаётир, — дейди Урганч шаҳридаги “Наврўз” маҳалла фуқаролар йиғини раисининг маслаҳатчиси, Тадбиркорлик фаолияти ва оилавий бизнесни ривожлантириш масалалари бўйича комиссияси раиси 

С. Йўлдошев. — Ҳудудда 7 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Маҳалламиз йилдан-йилга обод ҳамда кўркам бўлиб бормоқда. Бу борада, албатта, тадбиркорларимизнинг ҳиссаси катта. Айниқса, мебелсозлик жадал тараққий этаяпти. Тикувчилик ҳамда нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехи, аёллар гўзаллик салони ва маиший хизмат кўрсатиш объектлари ҳам самарали ишламоқда.

Яқинда бўлиб ўтган сайловда маҳалла аҳли катта ишонч билдириб, маслаҳатчиликка сайлади. Буни оқлаш мақсадида тадбиркорлик соҳасини янада кенгайтириш бўйича комиссия аъзолари билан биргаликда режа ишлаб чиқдик. Тез орада яна бир гўзаллик салони ҳамда тикувчилик цехини очиш ниятимиз бор. Касб-ҳунар коллежларининг ўн нафар битирувчиси тадбиркорлик фаолиятига киришмоқда. Уларга кредит ва ер ажратилиши каби масалаларда кўмаклашаяпмиз. Умуман олганда, маҳалламиздаги тадбиркорлик субъектларида 300 нафардан ортиқ киши иш билан банд. Жорий йил охиригача соҳани ривожлантириш эвазига яна юздан зиёд иш ўринлари ташкил этишга кўмаклашиш мақсадидамиз.

Нукус шаҳридаги “Боғчилик” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 3 минг нафарга яқин аҳоли яшайди. Сайловга пухта тайёргарлик кўрилгани бу ерда бўлиб ўтган вакиллар йиғилишида кўзга яққол ташланди. Маҳалла раиси лавозимига икки, маслаҳатчилар вазифаларига 20 нафар номзод кўрсатилган эди. Пировардида энг муносиб номзодлар сайланиши таъминланди.

— Ҳудудимиз билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш янги сайланган раис ҳамда унинг маслаҳатчиларидан катта билим ва тажрибани, шу билан бирга, фаоллигу ташаббускорликни талаб қилади, — дейди мазкур йиғин раиси маслаҳатчиси, Жамоатчилик назорати ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича комиссияси раиси Б. Бобожонов. — Маҳалламизда қонун ҳужжатларининг ижро этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш, истеъмолчилар ҳуқуқлари ҳамда манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш учун кенг жамоатчиликни жалб этиш, аҳолининг ҳуқуқий ва истеъмол маданиятини оширишга доир ишларни фаоллаштириш олдимизда турган долзарб вазифалардандир. Шундан келиб чиқиб, фаолиятимизни бошлаб юбордик.

Куни кеча ҳудудимиздаги “Нукус универсал базаси”га қарашли озиқ-овқат дўкони фаолияти билан танишдик. Мазкур савдо дўкони томонидан кам таъминланган оилаларга кўмаклашилаётгани ва аҳолига сифатли товарларни сотиш бўйича хизматлар кўрсатилаётгани маълум бўлди. Бундай ижобий ҳолат ҳудудимиздаги тадбиркорлик субъектлари — миллий кийимлар ҳамда уй-рўзғор буюмлари цехлари фаолиятида ҳам кузатилди.

Қўшработ тумани “Мустақиллик” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб ўтган сайловда ҳам демократик тамойиллар устуворлик қилди. Пировардида фуқаролар вакиллари ўзлари ишонган номзодларни раис ва унинг маслаҳатчилари сифатида танлаб олишди.

Ўз навбатида, мазкур йиғиндаги Вояга етмаганлар, ёшлар ва спорт масалалари бўйича комиссияси аъзолари эртамиз эгаларининг маънавий-маърифий етук бўлиб улғайиши ҳамда спорт билан мунтазам шуғулланиши учун зарур шарт-шароит яратиш, улар ўртасида назоратсизлик ҳамда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси юзасидан белгиланган чора-тадбирлар ижросига киришдилар.

— Маҳалламизда 2 минг 300 нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади, уларнинг 750 нафарини вояга етмаганлар ташкил этади, — дейди мазкур комиссия раиси Э. Қўчқоров. — Ҳудудимиздаги иккита мактабда турли фан ва спорт тўгараклари фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, уларга ўқувчи-ёшларнинг аксарият қисми қамраб олинган. Қолаверса, тадбиркорлар ёрдамида маҳалламизда ишга туширилган болалар спорт майдончаси доимо ёшлар билан гавжум. Ўғил-қизларни юртга меҳр-муҳаббатли, маънан ҳамда жисмонан етук қилиб тарбиялашга қаратилган ишлардан барча мамнун.

Жарқўрғон туманидаги “Исмоилтепа” маҳалла фуқаролар йиғини Маърифат ва маънавият масалалари бўйича комиссияси томонидан ҳудудда соғлом маънавий муҳитни қарор топтириш, навқирон авлод тарбияси билан боғлиқ ишлар самарадорлигини юқори даражага кўтаришга қаратилган чора-тадбирлар изчил олиб борилмоқда. Яқинда бу ерда бўлиб ўтган сайловда маҳалла, шу жумладан, ушбу комиссиянинг фаолиятини янада кучайтириш салоҳиятига эга номзодлар раис ҳамда унинг маслаҳатчилари этиб сайланди.

— Ҳар томонлама ибратли, оила ва жамиятда ўз ўрнини топган, эл-юртга сидқидилдан хизмат қилаётган ҳамюртларимиз иштирокида ўтказилаётган учрашувлар ёшларимиз учун фойдали бўлмоқда, — дейди ушбу комиссия раиси И. Тошбоева. — Бундан ташқари, тўй ҳамда бошқа маросимларни камчиқим, тартибли ўтказиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилаяпти. Муҳими, ана шу саъй-ҳаракатлар пировардида маҳалладошларимизнинг тотувлигини, бир-бирига бўлган меҳр-оқибатини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Атроф-муҳитни муҳофаза этиш ва ҳудудий ижтимоий дастурлар ижросини таъминлаш, аҳоли пунктларининг санитария ҳолатини яхшилашга доир тадбирларни амалга ошириш, спорт майдончаларини қуриш ҳамда жиҳозлаш, йўл, кўприк, кўча ва коммунал тармоқларни барпо этиш, қабристонларни тартибга келтириш билан боғлиқ ишларга кўмаклашиш Экология ва табиатни муҳофаза қилиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш бўйича комиссияларнинг асосий вазифаларидан ҳисобланади.

— Маҳалламиз узоқ йиллик тарихга эга, — дейди Асака туманининг “Шодлик” маҳалласидаги мазкур комиссия раиси М. Солиева. — Ҳудудимизда туман маданият ҳамда истироҳат боғи жойлашган. Ушбу дам олиш масканининг икки ёнидан қадимий ариқлар оқиб ўтади. Маҳалладошларимиз ҳашар йўли билан ана шу ариқларни тозалашди. Ҳозир эса эски сув чархпалакларини таъмирлаш ишларини олиб бораяпмиз. Дарахтларни асраш, янги кўчатлар экиш, кўкаламзорлаштириш ва ободончилик тадбирларини кучайтиришни ҳам иш режамизга киритганмиз. Ушбу хайрли юмушларни туман табиатни муҳофаза қилиш инспекцияси, коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилотлар, “Камолот” ЁИҲнинг бошланғич ташкилотлари ходимлари, профилактика инспекторлари ҳамда бошқа ташкилотлар вакиллари билан ҳамкорликда амалга оширамиз.

Учқудуқ туманидаги Алишер Навоий номли маҳаллада 5800 нафардан зиёд аҳоли яшайди. Уларнинг ярмини хотин-қизлар ташкил этади. Яқинда мазкур фуқаролар йиғинида очиқлик, муқобиллик ва тенглик тамойиллари асосида ўтган сайловда кўпчилик вакилларнинг овозини тўплаган номзодлар раис ҳамда унинг маслаҳатчилари сифатида фаолиятини бошлади.

— Ҳудудимиз ободлиги ва унинг гуллаб-яшнаши кўп жиҳатдан янги сайланган раис ҳамда маслаҳатчиларга боғлиқ, — дейди шу маҳалла фуқаролар йиғини раис масла-ҳатчиси, Хотин-қизлар билан ишлаш бўйича комиссияси раиси Р. Остонова. — Буни юракдан ҳис этиб, олдимизда турган долзарб вазифаларни белгилаб олдик. Шунингдек, комиссиямизнинг истиқболдаги режасини ишлаб чиқдик. Унга кўра, маҳалламизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, хусусан, уларнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашиш орқали турмуш фаровонлигини бундан-да яхшилашга -астойдил ҳаракат қиламиз.

Жойларда фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайлови қизғин давом этмоқда.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn