Юксак марраларни кўзлаган авлод
  • 27 Май 2016

Юксак марраларни кўзлаган авлод

Самарқандда Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ташаббуси билан “Ким эдигу ким бўлдик, эртага қандай юксак марраларни эгаллашимиз керак?” шиори остида тарғибот тадбирлари ўтказилди.

Мазкур акция доирасида вилоятнинг саккизта олий ўқув юрти, 280 дан зиёд умумтаълим мактаблари ҳамда 133 та академик лицей ва касб-ҳунар коллежида ёшлар билан учрашувлар ҳамда давра суҳбатлари ташкил этилди.

Пойтахтдан ташриф буюрган таниқли ижодкорлар, маданият ва санъат намояндалари, спортчилар ҳамда иқтидорли ёшлар иштирокида ўтган мулоқотлар чоғида истиқлол йилларида юртимизда қўлга киритилган муваффақиятлар, улкан бунёдкорлик ишлари, навқирон авлод камолоти йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар -хусусида сўз юритилди.

— Бундай тадбирларда мен ҳам фаол қатнашдим, — дейди Самарқанд давлат чет тиллар институти талабаси М. Рўзиева. — Бугунги дориламон кунларимиз ҳақида дилдан суҳбатлашдик. Дарҳақиқат, ҳар биримиз шу азиз Ватанимиз келажаги учун масъулмиз. Ўз иқтидоримиз, меҳнатимиз, изланишларимиз билан мустақил Ўзбекистонимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш — фарзандлик бурчимиздир.

Акция доирасида уюштирилган “Ким эдигу ким бўлдик, эртага қандай юксак марраларни эгаллашимиз керак?”, “Кеча ва бугун”, “Ибратли йўл” номли фотокўргазмалар самарқандлик ёшларда катта таассурот уйғотди. Шунингдек, таълим муассасаларида юртимиз хавфсизлигини таъминлаш, бугунги осойишта турмушимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш борасида олиб борилаётган ишлар, ватанпарварлик, меҳр-оқибат ва садоқат туйғуларини ҳаётий воқеалар асосида акс эттирувчи фильмлар ҳам намойиш қилинди.

Якунда Самарқанд шаҳридаги концерт залида таниқли хонандалар иштирокида дўстлик, тинчлик, аҳиллик, юксак инсоний қадриятларни улуғловчи дилрабо қўшиқлар янгради.

Мамадиёр ЗИЁДИНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn