Ижтимоий шериклик: Миллий ва хорижий тажриба
  • 26 Май 2016

Ижтимоий шериклик: Миллий ва хорижий тажриба

Пойтахтимизда “Давлат органлари ва ННТ ўртасида ижтимоий шерикликни ривожлантириш: Ўзбекистон тажрибаси ва халқаро амалиёт” мавзуида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, ЕХҲТнинг мамлакатимиздаги лойиҳалари координатори, Ф. Эберт номидаги фонд ҳамда бошқа ҳамкорлар иштирокида ташкил этилган мазкур тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, қатор вазирлик ҳамда идоралар масъул ходимлари, фуқаролик жамияти инс-титутлари, шунингдек, халқаро ташкилотлар, дипломатик корпус вакиллари, Франция, Германия, Голландия, Канада, Япония, Жанубий Корея, Ҳиндистон ва бошқа давлатлар экспертлари қатнашди.

Анжуманда таъкидланганидек, юртимизда мустақиллик йилларида “Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари” тамойилини изчил рўёбга чиқариш учун Конституциямиз асосида демократик талабларга тўла жавоб берадиган, нодавлат нотижорат ташкилотлари эркин ҳамда самарали фаолият юритишини таъминлашга қаратилган мустаҳкам ҳуқуқий база яратилди. Бунинг амалий натижасини ҳозирги кунда жамият ҳаётининг турли жабҳасида фаол иш олиб бораётган нодавлат нотижорат ташкилотлари мисолида кўриш мумкин. Уларнинг давлат томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланиши, ижтимоий шериклик институтининг жадал суръатда ривожланаётгани демократик ислоҳотларни чуқурлаштиришда ҳал қилувчи омил бўлаяпти.

Кенг жамоатчилик, халқаро ҳамжамиятнинг айни йўналишдаги вазифаларга доир хабардорлигини ошириш, бу борада қатор хорижий давлатлар амалиёти билан танишиш мақсадида нодавлат институтларнинг давлат ҳокимияти органлари билан ўзаро алоқалари механизми ривожи масалалари анжуман қатнашчиларининг алоҳида эътиборида бўлди.

Дарҳақиқат, фуқаролик жамияти институтлари фаоллиги бозор иқтисодиётига асосланган демократик давлатнинг муҳим хусусиятидир. Нодавлат сектор ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларда, инсон ҳуқуқларини, аҳоли турли қатламлари вакиллари манфаатларини ҳимоя қилишда давлат органларининг ижтимоий шериги ҳисобланади. Шунингдек, давлат фуқаролик жамияти институтлари фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаб, илғор ташаббусларини рағбатлантиради.

Тадбирда Ўзбекистоннинг бу борадаги тажрибаси юқори баҳоланди. Айниқса, Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси ННТни фаоллаштириш ҳамда уларнинг иш кўлами, жамият ҳамда давлат бошқарувидаги ваколатларини кенгайтиришда янги босқични бошлаб бергани қайд этилди. Зотан, Концепция асосида “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги, “Экологик назорат тўғрисида”ги қатор қонунлар қабул қилинди. Давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати институти конституциявий мақом касб этди. Буларнинг барчаси фуқаролик жамияти институтларининг равнақ топиши учун ҳуқуқий майдонни кенгайтирди.

Анжуман иштирокчилари Ўзбекистонда нодавлат институтларни моддий, молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича ўзига хос ноёб инфратузилма шакллантирилганини эътироф қилдилар. Бу эса ижтимоий ҳаётни демократлаштириш, жамиятда манфаатлар мувозанатини таъминлаш ва фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини кафолатлашда ННТ позициясини янада мустаҳкамламоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди орқали демократик тузилмаларнинг ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳалари учун давлат бюджетидан салмоқли маблағ ажратилаётир.

Мамлакатимизда фуқаролик жамияти ривожланишининг ҳозирги босқичида ижтимоий шериклик асосида ҳаётга татбиқ этилаётган лойиҳалар самарадорлиги яққол намоён бўлаяпти. “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Қонунга кўра, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ҳузурида ижтимоий шериклик бўйича жамоатчилик комиссиялари ташкил этилган бўлиб, улар изчил -фаолият юритмоқда.

Айни чоғда ННТ ва бошқа демократик институтлар муҳим ижтимоий аҳамиятга молик давлат ҳамда ҳудудий дастурлар ижросида иштирок этмоқда. Жумладан, “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастуридаги вазифаларни бажаришда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, “Камолот” ЁИҲ, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳамда 350 дан зиёд бошқа нодавлат ташкилотлар фаоллик кўрсатаётир.

Амалий мулоқот руҳида ўтган анжуманда Франция, Германия, Голландия, Канада, Япония, Жанубий Корея, Ҳиндистон ва бошқа давлатлар экспертлари ижтимоий шерикликни ривожлантиришга оид тажрибалари билан ўртоқлашди. Аҳолининг ННТ фаолиятидаги иштирокини кенгайтириш, нодавлат тузилмалар раҳбар ҳамда ходимларининг касбий малакасини ошириш учун шароит яратиш, ижтимоий муҳофаза тизимини яхшилаш, барқарор қўшимча молиявий манбаларини шакллантириш, долзарб социал-иқтисодий масалаларни ҳал қилишда давлат органлари ва ННТ ижтимоий шериклигининг ташкилий механизмларини янада мустаҳкамлаш ҳамда такомиллаштиришга қаратилган таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Конференция доирасида иштирокчилар мамлакатимиздаги бир қатор ННТ фаолияти билан танишдилар. “Ёруғ келажак сари — биргаликда!” мавзуида ННТ маҳсулотлари ҳамда хизматлари кўргазмаси, режага киритилган бошқа дастурлар барчада илиқ -таассурот қолдирди.

Сўз — анжуман иштирокчиларига

Джон МакГрегор, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори:

— Ижтимоий шерикликни ривожлантириш ЕХҲТ фаолиятининг асосий йўналишларидан биридир. Фуқаролик жамияти институтлари демократик ислоҳотларни чуқурлаштиришда муҳим ўрин тутади.

Ўзбекистон мамлакатни демократлаштириш ҳамда модернизация қилишнинг ўзига хос йўлини танлаган ва бу ҳозирги пайтда бутун дунёда тараққиётнинг “ўзбек модели” дея эътироф этилмоқда. Мустақилликнинг илк кунларидан бошлаб фуқаролик жамияти институтлари инсон ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини ҳимоя қилишда ўз ҳиссасини қўшиб келаётир.

Юртингизда “Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари” тамойилининг рўёбга чиқарилиши кенг жамоатчилик манфаатларини кафолатлашга хизмат қилаяпти. “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Қонун ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларда ННТ иштирокини ва ўзаро ҳамкорликнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлагани билан аҳамиятлидир.

Наото Ямаучи, Осака университети профессори (Япония):

— Ўзбекистон фуқаролик жамиятини ривожлантириш соҳасида улкан ютуқларга эришган. Барча соҳа жадал тараққий этаяпти. Нодавлат нотижорат ташкилотларининг давлат органлари билан ўзаро ҳамкорликда истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш тизими яратилган. Айни пайтда Ўзбекистоннинг фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қаратилган тажрибасини чуқур ўрганиш зарур. Японияда ҳам ННТ давлат ҳамда жамият ҳаётида катта аҳамиятга эга. Конференцияда кўплаб мамлакатлар учун долзарб ҳисобланган ННТда менежментни яхшилаш, кўнгиллилар ҳаракатини янада ривожлантириш, демократик институтларни қўллаб-қувватлашни кучайтириш, фуқаролик жамияти салоҳиятини юксалтириш, нодавлат ташкилотлар ходимларининг профессионал билим ва малакасини ошириш, тегишли қонунчиликни такомиллаштириш масалаларини муҳокама қилдик.

Говинд Кумар Инакхия, Жамму Марказий университетининг гуманитар ва ижтимоий фанлар мактаби профессор ассистенти (Ҳиндистон):

— Конференциядаги тақдимотимда фуқаролик жамияти ҳамда ижтимоий шерикликнинг ривожланишини конституциявий ислоҳотлар призмаси орқали Ҳиндистон ва Ўзбекистон тажрибаси мисолида таҳлил қилдим. Ўзбекистонда 1991 йилда 95 та ННТ фаолият юритган бўлса, бугун уларнинг сони 8 мингтадан кўпроқни ташкил этмоқда. Бу юртингизда фуқаролик жамияти институтлари жадал суръатларда ривожланаётганини кўрсатади. Мамлакатингизда Ҳиндистондаги каби ННТни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, молиявий таъминлаш, шунингдек, рўйхатга олиш, солиқ имтиёзлари борасида самарали тизим шакллантирилган. Фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини кучайтириш борасида кўп ишлар амалга оширилган. Бугун ННТнинг жойлардаги мавжуд муаммолар ечимини топишга оид ташаббусларини қўллаб-қувватлаш лозим. Ҳиндистонда айнан ННТ саъй-ҳаракати билан кўплаб ижтимоий-иқтисодий муаммолар ҳал қилинмоқда.

Айтишим керакки, Ўзбекистонда ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари эркин фаолият юритишлари учун зарур ҳуқуқий шарт-шароит мавжуд. Мен Президент Ислом Каримов ташаббуси асосида 2014 йилда қабул қилинган “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Қонун билан танишиб чиқдим. Моҳиятига кўра, ана шундай долзарб қонун ҳужжатларини амалиётга татбиқ этиш орқали ННТ ҳамда давлат органлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик юксак босқичга кўтарилади.

Маргарет Скок, Глобал хавфсизлик ва сиёсат дастури бўйича инновациялар халқаро бошқаруви марказининг катта илмий ходими (Канада):

— Ўзбекистон, шубҳасиз, фуқаролик жамиятининг эркин ривожланиши йўлида самарали чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Ижтимоий аҳамиятга молик долзарб масалаларни ҳал этишда фуқаролар иштирокини таъминлашга, давлат органлари фаолиятининг очиқлигини кафолатлашга йўналтирилган пухта қонуний база шакллантирилган. Фуқаролик институтлари лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлашнинг ноёб тизими ишлаб чиқилган. Конференцияда ижтимоий шериклик бўйича Канада амалиёти ҳақида сўзлаб бердим. Айниқса, Ўзбекистоннинг ўзига хос тажрибасига оид маърузаларни қизиқиш билан тингладим.

Натан Гилберт Куимпо, гуманитар фанлар доктори (Голландия):

— Конференция мазмунли ва жуда эътиборли тарзда якунига етди. Ўзбекистонда ННТ фаолиятининг турли жиҳатларини кўриб чиқдик. Юртингизда Голландияда бўлгани каби жойлардаги долзарб масалаларни ечишда нодавлат ташкилотлар муҳим роль ўйнайди. Мамлакатингизда кишиларнинг доимо ҳамжиҳатликда, бир-бирига кўмаклашиши азалий қадрият сифатида давом этиб келаётгани ибратга молик. Умуман, Ўзбекистон фуқаролик жамиятини ривожлантириш борасида катта салоҳиятга эга.

Патрисия Лалонде, “MEWA” таълим ва ижтимоий таъминот ассоциацияси бош котиби, Европа истиқбол ва -хавфсизлик институти катта илмий ходими (Франция):

— Ҳар бир мамлакат демократияни ривожлантиришда ўз тарихий ҳамда миллий ёндашувига эга. Мустақил демократик тараққиёт йўлидан бораётганингизга эндигина йигирма беш йил тўлаяпти. Ўзбекистоннинг фуқаролик жамияти институтлари фаоллигини ошириш, уларни қўллаб-қувватлаш борасидаги тажрибаси таҳсинга лойиқ. Ишонаманки, “Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари” тамойилини рўёбга чиқариш орқали дунёнинг ривожланган демократик давлатлари қаторидан муносиб ўрин эгаллашдек юксак мақсадга, албатта, эришасиз.

«Халқ сўзи» мухбири

Фарида МАҲКАМОВА

ёзиб олди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn