Интилиш, қатъият, шижоат
  • 26 Май 2016

Интилиш, қатъият, шижоат

Мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида ёшларга беқиёс ғамхўрлик кўрсатиб келинмоқда. -Бинобарин, уларни буюк аждодларимизга муносиб, ҳеч кимдан кам бўлмаган, билимли, ижодий-интеллектуал салоҳияти юксак инсонлар қилиб вояга етказиш масаласи давлатимиз сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланган.

“Таълим тўғрисида”ги Қонун, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ва Мактаб таълимини ривожлантириш давлат умуммиллий дастури республикамизда малакали мутахассислар тайёрлашнинг янги, бугунги кун талабларига тўла жавоб берадиган самарали миллий моделини яратишда муҳим омил бўлди. Бу тизимдан кўзланган асосий мақсад, таълим соҳасини тубдан ислоҳ қилиш, уни собиқ тузум мафкураси асоратларидан тамомила халос этиш, таълимни ягона ўқув, илмий-ишлаб чиқариш мажмуаси сифатида комплекс ривожлантиришдан иборатдир.

Барчамиз гувоҳи бўлаётганимиздек, ҳаётга изчил татбиқ қилинаётган мақсадли дастурлар туфайли нафақат шаҳар марказлари, балки энг чекка қишлоқ ва овулларда ҳам муҳташам мактаблар, академик лицей ҳамда касб-ҳунар коллежлари қурилди. Бу эзгу ишлар бугун ҳам изчил давом эттирилаётгани, айниқса, қувонарлидир.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигидан олинган маълумотларга қараганда, жорий йилда 476 минг 616 нафар ўқувчи таълимнинг кейинги босқичига тўлиқ қамраб олинаётир. Жумладан, 9-синф битирувчилари ўртасида ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, уларнинг 42870 нафари академик лицейларда, 433738 нафари эса касб-ҳунар коллежларида таҳсил олиш мақсадида эканлигини билдирган.

Умумтаълим мактаблари, мусиқа, санъат ҳамда спортга ихтисослаштирилган махсус мактаб-интернатларда сабоқ олган ёшларнинг қай бири билан суҳбатлашманг, улар қалбида эзгу истак ва умидлар кенг қулоч ёяётганига амин бўласиз.

Навбатдаги ўқув йили якунланиши муносабати билан 25 май куни Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳридаги таълим масканларида “Замонавий билимлар билан замонавий касб-ҳунарга эга бўламиз” шиори остида ўтказилган “Хайр, мактаб, салом, коллеж!” тадбирларида ҳам ана шу жиҳатлар ҳақида сўз юритилиб, таълимдаги ислоҳотлар самараси алоҳида эътироф этилди.

Биз пойтахтимизнинг Учтепа туманидаги 287-умумтаълим мактабида ташкил қилинган тадбирда қатнашдик. Бу ерда эрта тонгдан ўқувчилар, ота-оналар, маҳалла фаоллари, устозлар, таълим фидойилари ҳамда маънавият тарғиботчилари жам бўлди. Барча Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳиясини куйлади.

Тадбирда истиқлол йилларида одамларимизнинг онгу шуури тубдан ўзгариб, “Шу азиз Ватан меники, унинг бугунги ва эртанги куни учун мен масъулман!” деган дахлдорлик туйғуси тобора кучайиб бораётганлиги ҳамда бунда таълим муассасалари, хусусан, мактабларнинг ҳам ўрни беқиёс эканлиги таъкидланди.

Мазкур илм даргоҳини жорий ўқув йилида 153 нафар ўғил-қиз тамомлади. Уларнинг мақсади аниқлиги, давлатимиз томонидан яратилаётган имкониятлардан самарали фойдаланишга интилаётгани, энг муҳими, шу муқаддас юртимиз равнақи учун муносиб улуш қўшиш ниятида экани қувонарлидир.

— Мактабда олган билимларимни янада мустаҳкамлаш учун Ўзбекистон Миллий университети қошидаги С. Сирожиддинов номидаги академик лицейда ўқишни давом эттиришга қарор қилдим, — дейди ушбу мактабнинг 9-синф битирувчиси Нилуфар Пўлатова. — Очиғи, бугун ҳеч бир тенгдошимни “Энди қаерда ўқийман?” деган ўй қийнамайди. Сабаби, мазкур ўқув йилида биз пойтахтимиздаги кўплаб академик лицей ва касб-ҳунар коллежларига бордик. У ерда ўтказилган “Очиқ эшиклар куни” тадбирларида қатнашдик. Аниқ тасаввурга эга бўлгач, ўзимизнинг келажагимиз ҳақида бир тўхтамга келдик.

Маросимда ўз қобилияти ва иқтидори билан билимлар беллашуви, фан олимпиадалари, турли спорт мусобақаларида юқори ўринларни эгаллаб, устозлари ҳамда ота-оналар ишончини оқлаган ўқувчилар алоҳида эътироф этилди. Шунингдек, “Энг ибратли ўқувчи”, “Энг фаол ўқувчи”, “Ижодкор ўқувчи”, “Ёш ихтирочи”, “Мактабимиз фахри”, “Спорт устаси”, “Компьютер устаси”, “Энг ораста қиз” каби номинациялар бўйича бир гуруҳ ёшлар тақдирланди.

“Хайр, мактаб, салом, коллеж!” тадбири давомида Президентимиз томонидан Хотира ва Қадрлаш куни арафасида оммавий ахборот воситалари вакиллари билан бўлган суҳбатда билдирилган вазифаларни ўқувчи-ёшларга етказишга алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбир ниҳоясига етгач, мактаб битирувчилари ўз қизиқиши бўйича танлаган академик лицей ҳамда касб-ҳунар коллежига ота-оналари билан бирга ташриф буюриб, у ердаги шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар.

Омонулла ФАЙЗИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn