Кўркам ва мустаҳкам бинолар
  • 25 Май 2016

Кўркам ва мустаҳкам бинолар

маҳаллий қурилиш материалларидан тикланмоқда

Юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари шаҳару -қишлоқларимиз чиройига чирой қўшмоқда. Жойларда замонавий меъморчилик анъаналари асосида бири-биридан кўркам бино ва иншоотлар қад ростлаётир. Мазкур жараёнда замонавий қурилиш ашёларидан кенг фойдаланилаётгани уларнинг муҳташамлигини таъминлаяпти. Эътиборлиси, импорт ўрнини босувчи ҳамда экспортбоп бу маҳсулотларнинг катта қисми маҳаллий ишбилармонларимиз томонидан тайёрланмоқда.

Тўрақўрғон туманидаги “Nanrob mobile system” хусусий корхонаси қурилиш индустриясига яқинда кириб келган кичик бизнес субъектларидан биридир. Ўтган йили бу ерда бинокорликда кенг қўлланиладиган агломерат плиталар ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Оппоқ мармар кўринишидаги бундай ашёлар яқин вақтга қадар хориждан катта валюта эвазига келтирилгани туфайли улар, асосан, йирик шаҳарлардаги савдо марказлари, кўп қаватли тураржойлар ва бошқа иншоотлар ташқи қисмини безатишда, шунингдек, пол қопламалари сифатида ишлатиларди. Ниҳоят тўрақўрғонлик тадбиркорлар бу масала ечимини топди. Яъни технологик жараёнда фойдаланиладиган оқ портланд цемент Жиззах вилоятидан, мармар ушоқлари, бўр ҳамда махсус қум Қашқадарёдан келтирилиши йўлга қўйилди. Бошқа қатор қўшимчалар эса пойтахтнинг Мирзо Улуғбек туманидаги “Glenbay” компанияси томонидан етказиб бериладиган бўлди. Шу тариқа кичик бизнес субъектида агломерат плиталар ишлаб чиқаришга киришилди.

— Ушбу истиқболли лойиҳанинг амалий ижроси учун 120 минг АҚШ доллари миқдорида инвестиция йўналтирдик, — дейди корхона раҳбари -Нарзулло Норматов. — Ҳозир чет элдан келтирилган илғор ускуналарни маҳаллий мутахассисларимиз моҳирлик билан бошқаришаяпти. Муҳими, тайёрлаётган маҳсулотимизга ички бозорда эҳтиёж катта. Боиси, улар хориж компаниялари томонидан тавсия этилаётган турдошларига нисбатан анча арзон. Экологик жиҳатдан безарар. Шовқин ўтказмаслиги, намлик ва оловга чидамлилиги, қишнинг совуқ кунларида ҳам музламаслиги каби хусусиятларга эга.

Ҳар қандай корхонанинг истеъмол бозоридаги ўрни унинг маҳсулотларига бўлган талаб билан баҳоланади. Шу маънода, бунёдкорлик жамоаларининг Тўрақўрғонда тайёрланаётган сунъий мармарга қизиқиши тобора ортиб бораётгани эътиборга молик. Масалан, қурувчилар Тошкент шаҳридаги “Сигма” бизнес маркази биносининг ташқи қисмини пардозлашда улардан кенг фойдаланишди. Пойтахтдаги бошқа бир қатор иншоотлар, шунингдек, Наманган шаҳридаги кўп қаватли тураржойларни тиклашда импорт ўрнини босувчи ушбу плиталар қўл келди. Асримизнинг йирик лойиҳаларидан бири — “Ангрен — Поп” электрлаштирилган темир йўлида барпо этилган учта шоҳбекат ҳам мазкур материал билан безатилди.

Корхонада ҳозир бир кеча-кундузда 300 квадрат метрдан зиёд маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда. Буюртмалар портфели янгидан-янги ҳамкорлар таклифлари билан тўлиб бораяпти. Чунончи, яқинда Андижондаги қурилиш субъектлари билан бир миллиард сўмликдан зиёд сунъий мармар етказиб бериш юзасидан шартнома имзоланди. Табиийки, бу сингари келишувларнинг ўз вақтида бажарилиши учун корхона салоҳияти юқори бўлиши лозим. Шунга мувофиқ, ишлаб чиқаришни такомиллаштириш, маҳсулот турларини кўпайтириш бўйича лойиҳалар тайёрланиб, амалга оширилмоқда. Масалан, кейинги пайтларда ҳажми аввалгиларига нисбатан уч баробар катта бўлган плиталарни тайёрлаш ўзлаштирилди. Унинг ўзига хос жиҳати — бино деворларини қоплашда яхлит кўринишни ҳосил қилиши қурувчиларга маъқул тушди.

“Nanrob mobile system” жамоаси жорий йилнинг ўтган даврида ўн минг квадрат метрдан зиёд сунъий мармар ишлаб чиқарди. Бу, ярим миллиард сўмликдан ортиқ буюртмалар бажарилди, деганидир. Галдаги режалар янада катта. Улар орасида маҳсулотнинг янги турларини ўзлаштириш лойиҳаси ҳам бор. Жумладан, ҳадемай, бу ерда зинапоялар, дераза токчаларини тайёрлашга киришилади.

Вилоятда рўёбга чиқарилаётган бу сингари изчил чора-тадбирлар тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастури ижросини таъминлашда катта роль ўйнамоқда. Хусусан, “Namangan rezina plast” шуъба корхонасида конвейер тасмалари, “Намтерм”да металл шкаф, “Нам лидер литё сервис”да нон қолиплари, “Чина Наманган индастрий” МЧЖда электрод ва “Extra primer bat”да автомобиль аккумуляторининг янги турлари маҳаллийлаштирилди.

Умуман олганда, жорий йилнинг биринчи чорагида ҳудудий саноат субъектлари томонидан 5 та лойиҳа амалга оширилиб, 1,6 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. Шу билан бирга, 1,8 миллиард сўмлик товарлар ички бозорда сотилиб, 379,1 минг АҚШ доллари миқдоридаги валюта иқтисод қилиб қолинди. Айни чоғда бу соҳадаги тадбирлар изчил давом эттирилмоқда. Хусусан, 32 та корхона томонидан таклиф қилинган 64 та лойиҳанинг ижроси устида астойдил иш олиб борилаяпти.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Ҳасан ПАЙДОЕВ олган сурат.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn