Бола тарбияси
  • 25 Май 2016

Бола тарбияси

Унда ўйинчоқлар образи муҳим ўрин тутади.

Фарзандларимизнинг жисмонан соғлом, дунёқараши кенг, юксак маънавиятли инсонлар бўлиб ўсиб-улғайишида ўйинчоқларнинг ҳам аҳамияти беқиёс. Зеро, Президентимиз “Юксак маънавият — енгилмас куч” асарида алоҳида таъкидлаганидек, “Ўйинчоқлар образи боланинг мурғак тасаввурига бамисоли тошга ўйилган нақшдек муҳрланиб, унинг онгида бир умр сақланиб қолади. Гўдакнинг улғайиб, касб танлаши, келажакда қандай йўлдан бориши, ўзининг ҳаёт тарзини қандай ахлоқий-маънавий асосларга қуриши ҳам, ҳеч шубҳасиз, унинг болаликда қандай ўйинчоқлар билан ошно бўлиб ўсгани билан белгиланади”.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ташаббуси билан ташкил этилган давра суҳбатида шулар хусусида сўз юритилди.

Тегишли вазирлик ва идоралар ходимлари, болалар ўйинчоқларини ишлаб чиқарувчи тадбиркорлар, ихтисослаштирилган савдо мажмуалари вакиллари қатнашган ушбу тадбирда бугунги кунда мамлакатимизда ишбилармонлар фаолияти ҳар томонлама қўллаб-қувватланиб, уларга кўплаб имтиёз ҳамда имкониятлар яратиб берилаётгани натижасида бундай маҳсулотлар тайёрлаётган корхоналар сафи йилдан-йилга кенгайиб бораётгани таъкидланди.

Таҳлилларга кўра, болалар ўйинчоқлари 12 ёшгача бўлган ўғил-қизларга мўлжалланган бўлиб, бу юртимиз аҳолисининг 25 — 30 фоизини ташкил қилди. Шу боис мазкур тармоққа илмий-техникавий, ижодий жиҳатдан ёндашиб, ишбилармонлар салоҳиятидан унумли фойдаланган ҳолда, янада ривожлантириш, ўйинчоқлар ассортиментини кенгайтириш, янги лойиҳаларни амалиётга татбиқ этишни даврнинг ўзи тақозо қилмоқда.

— Миллий менталитетимиздан келиб чиқиб, сифатли ҳамда хавфсиз болалар ўйинчоқларини тайёрлаш биз, тадбиркорларнинг асосий вазифамиздир, — дейди Фарғона шаҳридаги “Ойдиной қўғирчоқлари” оилавий корхонаси раҳбари Ойдиной Бурҳонова. — Бугунги давра суҳбатида ана шулар ҳақида ўзаро фикр алмашдик, тажрибаларни ўртоқлашдик. Ҳозирги кунда корхонамизда, асосан, 

3 турдаги қўғирчоқ ишлаб чиқарилаётир. Асосий эътиборни уларда миллий қаҳрамонлар сиймосини акс эттиришга қаратаяпмиз. Мақсадимиз — хориждан келтирилаётган ўйинчоқлар ўрнини ўз маҳсулотларимиз билан тўлдириш, қолаверса, болаларимиз онгида миллий қаҳрамонларимиз хусусида тасаввур уйғотиш орқали уларнинг тарбиясига ижобий таъсир кўрсатишдан иборат.

Давра суҳбатида тадбиркорлар фаолияти рағбатлантирилаётгани, уларга турли имтиёзларнинг берилаётгани миллий ҳаёт тарзимизнинг ажралмас қисми бўлган халқ амалий санъатини янги босқичга кўтаришда муҳим омил бўлаётгани билдирилиб, ички бозорларимизни сифатли ва хавфсиз ўйинчоқлар билан таъминлаш, ўз навбатида, экспортни ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар хусусида батафсил маълумот берилди.

Раҳим ШЕРҚУЛОВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn