Ташаббускор аёллар
  • 25 Май 2016

Ташаббускор аёллар

давлат ва жамият ривожига муносиб ҳисса қўшмоқда

Мамлакатимизда хотин-қизларнинг давлат ва жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлаш йўлида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Президентимизнинг 2004 йил 25 майдаги “Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони бу жабҳадаги ишларни янги босқичга кўтарди.

Бугун аёлларимиз корхона раҳбари, ўқитувчи, шифокор, депутат, тадбиркор, ҳунарманд... Эл-юрт ўртасида ҳурмат-эътибор қозонаётир. Давлатимизнинг юксак орден ҳамда медаллари билан тақдирланаяпти.

Юртбошимиз ўзининг ҳар бир маърузасида хотин-қизларга ҳурмат ва эҳтиром билдириб, уларнинг оилани тебратиш, турмушимизни янада обод ҳамда фаровон қилишдаги хизматларини эътироф этади. Мунис аёлларимизнинг яшаш шароитларини янада яхшилаш, ҳаётдан рози бўлиб умргузаронлик қилишларини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратади. Бинобарин, опа-сингилларимизнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, улар учун маиший хизмат шохобчаларини кўпайтириш борасида куйинчаклик билан сўз юритади.

Биз вилоят хотин-қизлар қўмитаси ва бошқа манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликда шу йўналишда қатор ишларни амалга ошираяпмиз. Чунончи, 2012 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди лойиҳамизни маъқуллади. Натижада бизнес-инкубатор ташкил этдик. Унга кўра, тадбиркорликни йўлга қўймоқчи бўлган 220 нафар хотин-қизга зарур билим, тавсия ҳамда кўникмалар берилди. 

59 нафарига тикувчилик, пазандалик, сартарошлик, зардўзлик, кулоллик сир-синоатлари ўргатилди. Бугунги кунда мазкур инкубатор бутун вилоятни қамраб олди. Жондор, Ромитан, ўиждувон, Шофиркон, Қоракўл, Олот, Пешку туманларининг ўзида тренерлар -тайёрланиб, ўқув курслари ташкил қилинмоқда. Кейинги икки йил давомида тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ниятидаги аёллар, коллеж битирувчи қизларининг 3330 нафардан зиёди маҳорат дарсларида иқтисодий ва ҳуқуқий билимларини бойитди.

Бўлимимиз қошида замонавий тикув дастгоҳлари билан жиҳозланган “Бернина-тикувмаш” ўқув маркази фаолият кўрсатмоқда. Бу ерда кейинги уч йил давомида 120 нафар хотин-қиз халқаро андозалар даражасида тикувчилик касбини ўрганди. 45 нафар тадбиркор опа-сингилларимиз эса Буюк Британиядан таклиф этилган мутахассислар томонидан ташкил қилинган ўқув-семинарларда малака оширди. 2014 йилнинг кузидан иш бошлаган ҳамда энг сўнгги русумдаги асбоб-ускуналар билан жиҳозланган “Аёллар учун касб-ҳунар маркази” хотин-қизлар, коллеж ўқувчиларининг суюмли маскани бўлиб қолди.

Айни пайтда ассоциациямизнинг 1930 нафар аъзоси бор. Тадбиркор аёлларни молиявий қўллаб-қувватлашда Марказий банк вилоят бошқармаси билан яқиндан ҳамкорлик қилаяпмиз. 2014 йилда ишбилармон хотин-қизларнинг бизнес лойиҳаларига молия муассасалари томонидан 

41,3 миллиард сўм миқдорида кредитлар ажратилган эди. Ўтган йилда эса бу кўрсаткич 54 миллиард 200 миллион сўмни ташкил этди. Нигора Ражабова, Умрия Исмоилова, Мамлакат Тошева, Зебинисо Остонова сингари ташаббускор аёлларимиз янгидан-янги иш ўринлари яратиб, кўпчиликка ўрнак бўлишаяпти. Қирқ нафардан зиёд опа-сингилларимиз чет элларда ўтказилган нуфузли кўргазмаларда қатнашди.

Кузатишлар шуни кўрсатаяптики, агар аёл тадбиркор бўлса, хонадони файзига файз қўшилади. Оила деган муқаддас даргоҳ пойдевори мустаҳкамланади. Ўзига тинч хонадонлар кўпаяди. Давлатимиз эътибори ва ғамхўрлиги оғушида бўлган хотин-қизларимиз буни чуқур ҳис қилишади. Улар ўз меҳнатлари, бой билим ҳамда кўникмалари билан жамият равнақига ҳисса қўшадилар, албатта. Бу эзгу мақсад йўлида биз улардан кўмагимизни аямаймиз.

Дилбар АҲМЕДОВА,

«Тадбиркор аёл» 

Ўзбекистон ишбилармон аёллар

ассоциацияси Бухоро вилояти бўлими раиси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn