Замонавий инфратузилма, янги йўналишлар
  • 25 Май 2016

Замонавий инфратузилма, янги йўналишлар

сайёҳлик соҳасининг жадал ривожини таъминлайди

Ҳозирги кунда туризмдан келадиган даромад халқаро иқтисодий рейтингда автомобиль ва нефть-газ саноатидан кейин учинчи ўринда туради. Ушбу тармоқда дунё бўйича 200 миллион нафардан зиёд киши меҳнат қилаётир.

Ўзбекистон замини ҳам тарихий ёдгорликлар, маданий мерос объектлари ҳамда муқаддас қадамжоларга бой. Юртимизда уларнинг 4 мингдан ортиғи давлат рўйхатига олинган. Бухоро, Самарқанд, Шаҳрисабз, Хива каби кўҳна ва навқирон кентларимиздаги обидалар, осориатиқаларни томоша қилиш, уларнинг бетакрор жозибасидан ҳайратланиш мақсадида олис ўлкалардан узоқ йўл босиб келаётганлар сафи эса йил сайин кенгаймоқда.

Бугун Қашқадарё вилоятидан ҳам маҳаллий ҳамда хорижий сайёҳлар қадами узилмайди. Негаки, воҳадаги 1164 та маданий мерос объекти, хусусан, 917 та археология, 173 та архитектура ёдгорлиги, диққатга сазовор 20 та манзил довруғи аллақачон тилга тушиб улгурган. Бинобарин, ҳайкалтарошликка оид 54 та монумент санъатсевар инсонларни мафтун этаяпти.

Қарши шаҳридаги Одина, Кўкгумбаз, Қашқадарё кўприги, Шаҳрисабздаги Оқсарой ёдгорликлари, Китоб туманидаги Ҳазрати Башир, денгиз сатҳидан 4145 метр баландликда жойлашган Ҳазрати Султон ота, Қамаши туманидаги Лангар ота зиёратгоҳлари, соҳибқирон Амир Темур туғилиб ўсган жойлар ва аждодларимиз томонидан бизгача етиб келган маънавий мерос ҳудуднинг туризм салоҳияти юқорилигидан далолат беради. Чунки ушбу бебаҳо бойликларимиз, воҳанинг бетакрор табиати барчани ўзига чорламоқда. Ўтган йили Қашқадарёга қарийб 66 минг нафар сайёҳ, жумладан, 5 минг нафарга яқин хорижлик меҳмон ташриф буюргани сўзимиз тасдиғидир. Уларга кўрсатилган хизматлар ҳажми эса 353,7 минг АҚШ долларини ташкил этди. Қувонарлиси, жорий йилнинг биринчи чорагида мазкур кўрсаткич ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 20 фоиз ўсди.

— Воҳамизда сайёҳликни ривожлантириш юзасидан кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётир, — дейди “Ўзбектуризм” Миллий компаниясининг Қашқадарё вилояти бўйича вакили Ўктам Хўжаяров. — Муқаддас қадамжолар, тарихий обидалар қайта чирой очаяпти. Экотуризм равнақ топмоқда. Келгусида бу жабҳадаги саъй-ҳаракатларни кучайтириш мақсадида ёдгорликлар ҳамда диққатга сазовор манзиллар бўйлаб янги йўналишлар ишлаб чиқиш, туристик хизматлар сифатини янада ошириш режалаштирилаётир. Шунингдек, вилоятда 2016/2017 йилларда туризм соҳасини ривожлантириш дастури такомиллаштирилди. Жами 95 та лойиҳани ўз ичига олган мазкур ҳужжат ижросини таъминлаш учун 56,8 миллиард сўм маблағ ажратилиши белгиланган. Бунинг ҳисобидан маданий мерос объектлари консервация ва реставрация қилиниб, улар ён-атрофи ободонлаштирилади. Сайёҳлар учун кўнгилочар тадбирлар ўтказиш, меҳмонхоналар, замонавий инфратузилма объектларини барпо этиш каби чора-тадбирлар олиб борилади.

Айтиш жоизки, бугунги кунда вилоятда 27 та сайёҳлик ташкилоти чет эллик меҳмонлар хизматида. Улар сони ҳадемай яна 8 тага кўпайиши кўзда тутилган. Яқинда Қарши шаҳрида “Сарбон ЛТД” масъулияти чекланган жамиятига қарашли 30 ўринли, “Эрис комфорт” хусусий корхонасига тегишли 25 ўринли меҳмонхоналар ишга туширилди. Шаҳрисабздаги Оқсарой, Дор ут-тиловат, Дор ус-саодат мажмуалари бўйлаб экскурсия учун мўлжалланган 4 та электромобиль ҳаракати йўлга қўйилди.

Сифатли хизмат — муваффақият омили. Шундан келиб чиқиб, “Ўзбектуризм” Миллий компанияси воҳада соҳага ихтисослаштирилган корхоналар раҳбарлари, маъмурлар, официант ва ошпазлар, меҳмонхона хизматчилари малакасини ошириш бўйича ўқув курслари ҳамда семинарлар ташкил этишга алоҳида эътибор қаратаяпти. Бундан ташқари, “Қарши — Самарқанд”, “Қарши — Бухоро”, “Қарши — Термиз”, “Қарши — Хоразм” йўналишлари бўйлаб сайёҳлик хизматлари йўлга қўйилмоқда.

Албатта, буларнинг барчаси Қашқадарёда иқтисодиётнинг мазкур сердаромад тармоғи янада равнақ топиб, жорий йилда ҳудудга ташриф буюрадиган хорижий сайёҳлар сони ўтган йилдагига нисбатан 2 баравар кўпайишига мустаҳкам замин ҳозирлаётир.

Аҳад МУҲАММАДИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn