Обод юртнинг бахтиёр фарзандлари
  • 24 Май 2016

Обод юртнинг бахтиёр фарзандлари

Бугун юртимиз тиббиёт тизимида рўй бераётган ислоҳотлар туфайли фарзанд ҳали дунёга келмасиданоқ унга ғамхўрлик кўрсатиш учун барча шарт-шароит яратилган.

Истиқлолнинг илк кунлариданоқ баркамол авлодни тарбиялаш мақсадида “Соғлом она — соғлом бола” ғоясини ўзида мужассамлаштирган дастурлар асосида кенг кўламли чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, амалиётга изчил татбиқ этилаётир. Президентимизнинг “2014 — 2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида”ги қарори бу йўналишдаги ишларни янги босқичга кўтарди. Мазкур ҳужжат асосида замонавий ташхис усулларини жорий этиш, аёллар, болалар ҳамда ўсмирлар касалликларининг олдини олиш бўйича муҳим вазифалар белгиланиб, уларнинг ижроси таъминланмоқда.

 Қолаверса, айни кунларда нафақат  пойтахт, балки жойлардаги скрининг марказларида ҳам ягона андоза бўйича аҳолига ихтисослаштирилган тиббий-генетик хизмат кўрсатилаяпти. Шу билан бирга, туман  миқёсидаги бирламчи тиббий-санитария бўғинида ҳам скрининг текширувлари жорий этилди. Сўнгги уч йил давомида  960 мингдан зиёд чақалоқ ва қарийб 1 миллион 400 минг нафар ҳомиладор аёл скрининг текширувидан ўтказилди. Замонавий технологияга асосланган ультратовуш ҳамда биокимёвий усуллар орқали ташкил қилинган кўриклар натижасида кейинги икки ярим йил ичида салкам 35 мингга яқин нуқсонли бола туғилишининг олди олинди. Агар ушбу рақам ортида минглаб ота-оналар, оилалар қувончи борлигини назарда тутсак, тизимда нечоғли хайрли ишлар амалга оширилаётганлигини англаш қийин эмас.

Буларнинг барчаси хонадонимиз қувончи, эзгу орзу-ниятларимиз тимсоли — фарзандларимизнинг порлоқ келажаги учун хизмат қилаётгани билан янада аҳамиятлидир. 

Гап шундаки, чақалоқ дунёга келаётганда унинг руҳиятига тўрт туйғу қўшиб яратилар экан. Биринчиси — адолат, иккинчиси — ҳақиқат, учинчиси — маъсумлик, тўртинчиси — камолот туйғусидир. Олимларнинг тадқиқотларига кўра, чақалоқда аввал мия, кейин қалб шаклланар экан. Онг ва қалб эса юқорида тилга олинган тўрт ҳолат ила қўшилиб мукаммаллик касб этаркан. Буларнинг пайдо бўлиши ҳамда ривожланиши яна тўрт ҳолатга боғлиқ: ота-онанинг руҳий олами ва фарзанди тарбияси учун яратган шароити, маънавий гўзаллик, боланинг ўзини, энг муҳими, атрофдагилар олдидаги масъулиятни англаши. Ана шу нуқтаи назардан қараганда, биз ҳар жиҳатдан ҳавас қилса арзийдиган давлатда яшаймиз. 

Зеро, фарзанд тарбияси ўта масъулиятли вазифа саналади. Лекин бу масъулиятни ҳамма ҳам бирдек ҳис қиладими? Турли манфаатлар тўқнашуви оқибатида маънавий-иқтисодий таназзулга юз тутган мамлакатларда ўсиб келаётган авлоднинг саломатлиги, юриш-туриши, ўқишига муносабат қандай?

Келинг, мисолларга мурожаат қиламиз. 

Айни пайтда дунё бўйича 7 ёшдан кичик 87 миллион боланинг умри қуролли ихтилофлар шароитида ўтаётган экан. Бу эса уларнинг ақлий ривожланишига салбий таъсир кўрсатади. Яқинда БМТнинг Болалар жамғармаси — ЮНИСЕФ мазкур маълумотни эълон қилди. Жамғарма мутахассислари нотинч ҳудудлардаги ҳаёт билан боғлиқ оқибатларни таҳлил этдилар. “Ихтилофлар ҳудудида яшайдиган болаларнинг аксарияти руҳий изтиробларга дуч келадилар. Бу ҳолат бош мия асаб ҳужайралари ўртасидаги турли алмашувларни тормозлайди, бунинг оқибати бутун ҳаёт давомида ҳис қилинади ва ақлий, ижтимоий ҳамда жисмоний ривожланишга таъсир кўрсатади”, дейилади ЮНИСЕФ хабарида. Мазкур ташкилот экспертларининг таъкидлашича, бола туғилган пайтда унинг миясида бир-бири билан боғланган 253 миллионга яқин асаб ҳужайралари бўлади. Бош миянинг ўзаро боғланган 1 млрд. асаб ҳужайраларига тенг тўлиқ функционалликка эришиши кўп жиҳатдан инсоннинг эрта ривожланишига боғлиқ. Бунга эса гўдакни тўғри овқатлантириш, унинг соғлом ривожланиши, хавфсиз ва барқарор шароитда таълим олиши учун имконият яратиш ниҳоятда муҳимдир. 

Аниқ таҳлил ҳамда рақамларга асосланган бу далиллар билан танишганда, кўз ўнгимизда айрим давлатларда рўй бераётган талатўплар боис кўча-кўйда хору зор, оч-наҳор юрган  болалар гавдаланади. Қайси давлатдан эканлигидан қатъи назар, ана шундай бегуноҳ ва норасида ўғил-қизларнинг аччиқ қисмати эса дилга изтироб солади. Шундай пайтларда беихтиёр бутун Ўзбекистонимизни шодон кулгиси билан тўлдириб юрган, боғчаси ҳамда мактабига бехавотир бориб келаётган дилбандларимизни ўйлаймиз. Уларнинг бугунидан, эртасидан кўнглимиз тўқ бўлиб, шукрона айтамиз. 

Халқимизга хос болажонлик давлатимизда олиб борилаётган сиёсатнинг мазмун-моҳиятига сингиб кетган. Бундай ёндашув боғча ва мактаб, коллеж ҳамда лицейдан тортиб, олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган, тарбияланаётган фарзандларимизга кўрсатилаётган ғамхўрликда яққол намоён бўлмоқда. Биргина жорий йилнинг мамлакатимизда -Юртбошимиз ташаббуси билан “Соғлом она ва бола йили” деб номланиши ҳам бу борадаги вазифаларнинг нечоғли улкан аҳамиятга эга эканлигини кўрсатади. Бу бизнинг — шу муқаддас юртда яшаётган ҳар бир фуқаронинг бахтиёрлиги, тинч ва осуда мамлакат — Ўзбекистон эса бахт манзили эканлигининг яққол ифодасидир.    

Қолаверса, республикамизда истеъдод эгаларини излаб топиш, қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантириш ҳам доимий эътиборда. Зеро, боланинг келажакда қайси касбни эгаллаши, қандай феъл-атвор эгаси бўлиши унинг тарбиясига, камол топаётган муҳитига боғлиқ. Эзгу ташаббус билан қабул қилинган “Таълим тўғрисида”ги, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунлар, ижтимоий йўналтирилган манзилли дастурлар ўғил-қизларнинг ҳуқуқи ва қонуний манфаатларини таъминлаш, уларнинг пухта таълим-тарбия олиши, ўз иқтидори ҳамда қобилиятига мос касб-ҳунар эгаллашида муҳим омил бўлмоқда. 

Шу маънода, давлатимиз раҳбарининг Наврўз байрами табригидаги мана бу сўзлари истиқлол фарзандларини ҳамиша ғурурлантириб, уларни Ватан манфаати йўлида эзгу мақсадлар билан яшашга ундаши муқаррар: “Бизнинг таянчимиз ва суянчимиз бўлмиш Ўзбекистон ёшларига қарата айтмоқчиман: бошимиздан кечираётган, шиддат билан ўзгариб, тобора мураккаблашиб бораётган давр барчамизнинг, биринчи навбатда, сиз, азиз фарзандларимизнинг олдига замонавий билим ва касб-ҳунарларни, интеллектуал бойликларни чуқур эгаллаш, шу билан бирга, мамлакатимизнинг халқаро майдонда рақобатдошлигини янги босқичга кўтариш, иқтисодиётимизни янгилаш, модернизация ва диверсификация қилиш, буларни тараққиётимизнинг локомотивига айлантириш каби вазифаларни қўймоқда.

Айни шу улкан долзарб мақсадларга эришиш йўлида сиз, азизларнинг халқимиз, Ватанимизнинг ишончини оқлашга қодир эканингизга ишонаман ва барчангизни доимо қўллаб-қувватлашга тайёрман”.

— Болалигимизда ота-онамиз бирор ишимизни қўллаб-қувватлаб, мақтаб қўйса, қувончдан дунёларга сиғмай кетардик, — дейди Ўзбекистон Республикаси халқ шоири, “Фидокорона хизматлари учун” ордени соҳиби Анвар Обиджон. — Кейин-кейин англаб етдикки, улар биз, фарзандларига руҳан далда бериш учун шундай йўл тутишар экан. Айтмоқчиманки, бугунги ёшлар учун шунчалик имконият кенгки, уларнинг ҳар бир интилиши, “йилт” этган истеъдодини қўллаб-қувватлашга Президентимизнинг ўзлари алоҳида эътибор қаратаяпти. Шундай улкан ғамхўрлик туфайли жойларга борганда, ўзининг ишлаб чиқариш цехи, фермер хўжалигини йўлга қўйиб, бошқаларнинг ҳавасини келтираётган ёш-ёш йигит-қизларга дуч -келамиз. Уларнинг суҳбатини тинглаб, ҳавас қиламиз. Беихтиёр “Отангга балли”, деймиз. 

Мутахассисларнинг фикрича, фарзанд камолоти йўлида илму маърифат нечоғли муҳим аҳамият касб этса, бу борада мусиқа ва санъатнинг ҳам ўрни беқиёс экан. Мусиқага ошно тутинган болаларнинг фикрлаш қобилияти, дунёқараши ҳам бошқача бўлади. Яъни бола мусиқага қанчалик эрта кўнгил қўйса, унинг фикрлаш қобилияти ҳам шунга яраша барвақт шаклланади. Муҳими, бундай ўғил-қизларда ёлғон гапириш, бировни алдаш каби иллатлар учрамайди. Шу маънода, юртимизда болалар мусиқа ва санъат мактабларини ривожлантириш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга қаратилаётган эътибор туфайли минглаб фарзандларимизнинг истеъдоди юзага чиқмоқда. Бу ўринда “Ягонасан, муқаддас Ватан!”, “Камалак юлдузлари”, “Юрт келажаги” каби анъанага айланган турли кўрик-танловларни эслаш жоиз. Дунёнинг -бирорта ҳам мамлакатида учрамайдиган бундай тизимнинг ёшларимиз онгига ижобий таъсир этаётгани бу борадаги -ислоҳотларнинг самарасидир, албатта. 

Бинобарин, давлатимиз раҳбарининг 2008 йил 8 июлдаги “Болалар мусиқа ва санъат мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини янада яхшилаш бўйича 2009 — 2014 йилларга мўлжалланган Давлат дастури тўғрисида”ги қарорининг қабул қилиниши мамлакатимиз мусиқа ҳамда санъат таълими тизимида туб ўзгаришларни бошлаб берди. 

Ушбу Дастур асосида фарзандларимизнинг истеъдоду қобилиятини ривожлантириш, ёшларнинг миллий ва жаҳон мусиқаси ҳамда тасвирий санъат намуналаридан кенг баҳраманд бўлиши учун қулай шарт-шароит яратилди. Ҳужжатга мувофиқ, аҳоли зич жойлашган, умумтаълим мактаблари яқин ҳудудларда 278 та болалар мусиқа ва санъат мактабида қурилиш-тиклаш (136 та янги қурилиш, 142 таси капитал реконструкция) ишлари бажарилди. Уларнинг барчаси замонавий мусиқа чолғулари, овоз кучайтиргич, мебель ҳамда ускуналар билан жиҳозланди. Амалга оширилган ислоҳотлар самараси ўлароқ, болалар мусиқа ва санъат мактабларида таълим йўналишлари 13 тага етди, ўқувчиларга 53 та ихтисослик бўйича -жаҳон ҳамда миллий мусиқа ва санъат сирлари ўргатилмоқда.

Мазкур Дастурнинг мантиқий давоми сифатида 2015 йил 20 ноябрда Президентимизнинг “Болалар мусиқа ва санъат мактаблари фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича 2016 — 2020 йилларга мўлжалланган Давлат дастури тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Бундан кўзланган асосий мақсад болалар мусиқа ва санъат мактабларини қуриш ҳамда ҳудудий жиҳатдан мақбул жойлаштириш бўйича бошланган ишларни давом эттириш, ўсиб келаётган ёш авлоднинг умумий ўрта таълими ва уларни ҳар томонлама маънавий-ахлоқий тарбиялашнинг бир-бирига боғланган яхлит тизимини шакллантиришдир. 

Яхши ният, эзгу мақсадлар билан ёшларга қаратилаётган эътибору рағбат ўз натижасини бермоқда. Агар 1991 йилда 3 нафар ўқувчимиз халқаро танловларда иштирок этган бўлса, 2008 йилда 31 нафар, 2015 йили 137 нафар истеъдодли ёшларимиз Франция, Италия, Чехия, Германия, Буюк Британия, Озарбайжон, Латвия каби давлатларда ўтказилган турли -нуфузли фестивалларда қатнашиб, ғолибликни қўлга киритдилар.

Буюк келажак сари интилаётган халқмиз. Яхши тилаклар билан кўчатлар ўтқазамиз, ниҳол қадаймиз. Уларнинг униб-ўсишини, мевалар беришини ва ундан барчанинг баҳраманд бўлишини хоҳлаймиз. Шу маънода, мустақил юртимизнинг фарзандлари эришаётган ютуқларни илгари — Истиқлол ушалмас, қўл етмас орзу бўлган дамларда ўйлаш ҳам мумкин эмас эди. Шукрки, юртимиз озодликка эришгач, минг-минглаб йигит-қизлар ўз иқтидорларини рўёбга чиқариш бахтига мушарраф бўлдилар. 

Озод ва обод бўстон — Ўзбекистон, унинг ниҳоллари — фарзандларимизга қаратилаётган парвариш — меҳр ҳамда ғамхўрлик беиз кетмаётир. Мамлакатимиз ёшлари Президентимизнинг ишончини оқлашга интилмоқда, эртанги кунимизнинг ҳақиқий таянчи бўлиш мақсадида янгидан-янги марралар сари дадил одимламоқда.  

Мақсуд ЖОНИХОНОВ.

Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn