Аниқ мақсадлар, қатъий интилишлар
  • 24 Май 2016

Аниқ мақсадлар, қатъий интилишлар

“Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан “Ўзбекистон ёшлари: ҳаётий қадриятлар, одоб-ахлоқ, келажак режалари” мавзуида социологик тадқиқот ўтказилди.

Сўров якунига кўра, билим олиш, унинг даражасини мунтазам ошириб бориш ўзбекистонлик навқирон авлод вакиллари ҳаётида муҳим ўрин тутади. Сўнгги йилларда олий таълимнинг ижтимоий аҳамияти юксалиб бораётгани ҳам буни яққол тасдиқлайди. Агар 2010-2011 йилларда ёшларнинг учдан бир қисми олий ўқув юртларида ўқишни хоҳлаган бўлса, жорий йилда ушбу кўрсаткич 56,8 фоизга етди. Улар, асосан, педагогик мутахассисликлар, тиббиёт, иқтисодиёт, молия, ахборот технологиялари ва ҳуқуқ соҳаси билан боғлиқ йўналишларда таълим олишни маъқул кўришларини билдирган.

Ёш фуқаролар хорижий тиллар, айниқса, инглиз тилини ўзлаштиришга катта аҳамият беришаяпти. Айни пайтда АКТга бўлган қизиқиш ортиб бораётир. Тадқиқотдан маълум бўлдики, эртамиз эгаларининг кўпчилиги компьютерда эркин ишлайди ва уларнинг ҳар иккинчиси интернетдан фойдаланади.

Аҳолининг мазкур қатлами ўртасида бандлик даражаси ҳам ўсиб бормоқда. Респондентларнинг 89 фоизи меҳнат қилиши ёки олий ўқув юрти, коллеж, лицей, мактабда таҳсил олаётганини айтиб ўтган. Янги авлод кичик бизнесга тобора фаол кириб бораяпти. Иштирокчиларнинг ҳар ўн нафаридан бири хусусий тадбиркорлик билан шуғулланиши, ҳар учинчиси эса ўз бизнесини шу йил охиригача йўлга қўйишни режалаштираётганини айтиб ўтган.

Қатнашчиларнинг 94,3 фоизи истиқлол йилларида ёшларнинг ахлоқий фазилатлари даражаси ошганини қайд этди. Сўровда эртамиз эгаларидаги миллий ғурурни англаш туйғуси халқимизнинг маънавий ўзига хосликлари, урф-одатлари, анъаналари, Ўзбекистон мустақиллиги, бой ва сермазмун тарих, аждодлардан қолган бебаҳо мерос, она тили ҳамда маданият тушунчалари билан уйғунлашиб кетгани яна бир бор ўзининг ёрқин инъикосини топди. Навқирон авлоднинг мутлақ катта қисми ўзларини ватанпарвар деб ҳисоблайди. Бу фазилат эса улардаги она-диёрга бўлган чексиз садоқат, юртимизни ҳимоя этиш, буюк келажак йўлида меҳнат қилишга тайёрлик, тарих, халқимиз маданияти ва миллий қадриятларга ҳурмат билан қараш ҳамда улар ҳақидаги билимларни бойитишга бўлган иштиёқида намоёндир.

Тадқиқотда жисмоний етуклик ҳақида ҳам савол берилганда, мамлакатимизнинг 88,3 фоиз ёшлари соғлом турмуш тарзига амал қилаётганини билдирди. Ушбу кўрсаткич қизлар ўртасида кўпроқ эканлиги эътиборга лойиқ. Респондентларнинг фикрича, уларнинг тушунчаси бўйича саломатлик, энг аввало, спорт билан ҳамоҳангликдир. 53,3 фоиз иштирокчилар ушбу фаолият тури билан мунтазам шуғулланса, ҳар ўнинчиси профессионал даражада машғулотлар олиб -боради ҳамда спорт тоифасига эга.

Тадқиқот асосида аён бўлдики, ёш авлоднинг аксарияти ўзининг аниқ келажак режаларига эга. Уларнинг кўпчилиги институт, университет, коллеж, лицейда таълим олиб, уни муваффақиятли тамомлаш ҳамда яхши касб эгасига айланиш, ишга жойлашиш билан боғлиқ. “Ишбилармонликнинг этагидан тутаман”, деганлари ҳам кам эмас.

Узоқ йиллар давомида олиб борилаётган шу каби социологик сўровлар асносида Ўзбекистон ёшларининг ҳаётий қадриятлари, ахлоқи ва ижтимоий кайфияти динамикасида янгича тамойиллар, қизиқишлар ҳамда социал нормалар шаклланаётгани, фаол ҳаёт позицияси, мустақиллик, мақсад сари қатъий интилиш, ижтимоий жиҳатдан ҳаракатчанлик ҳосил бўлаётгани кўзга яққол ташланади. Бу мезонлар уларнинг миллий ўзликни англаши ва мустаҳкам, ижобий ижтимоий ҳолатида ўз ифодасини топаётир. Келажак эгаларининг кўпчилиги ўз ҳаётидан мамнун ҳамда Ватани билан фахрланади. Юқоридагиларнинг барчаси ёшларга оид давлат сиёсати ҳаётга изчил татбиқ этилаётгани самарасидир, албатта.

«Ижтимоий фикр»

жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази материаллари асосида

Саиджон МАХСУМОВ тайёрлади.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn