Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуси
  • 24 Май 2016

Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуси

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида парламент юқори палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан “Мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлаш борасида фуқаролик бурчи: масъулият, садоқат, дахлдорлик” мавзуида семинар ўтказилди. Унда сенаторлар, Мудофаа, Ички ишлар, Адлия, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Давлат божхона қўмитаси, “Камолот” ЁИҲ Марказий кенгаши, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳамда фуқаролар йиғинлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Семинар қатнашчилари томонидан юртимизда мустақилликнинг илк кунлариданоқ тараққиёт ва ривожланишнинг ҳамда бахтли ҳаётимизнинг асосий омили бўлган тинчлик ва барқарорликни таъминлашга қаратилган кенг кўламли саъй-ҳаракатлар рўёбга чиқарилаётгани, бу амалда юқори самара бераётгани таъкидланди. Хусусан, ўтган йилларда Ҳарбий доктрина, Ташқи сиёсий фаолият концепцияси, “Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси тўғрисида”ги, “Мудофаа тўғрисида”ги, “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги қонунлар ҳамда суверенитетни, ҳудудий хавфсизликни, аҳолининг тинч ҳаётини муҳофаза этиш ва хавфсизликни таъминлашга қаратилган бошқа қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

— Мамлакатимиз мудофаа тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар юксак самара бераётгани бугун ҳеч кимга сир эмас, — дейди Олий Мажлис Сенати аъзоси Р. Остонов. — Миллий армиямизни замонавий қурол-яроғ ҳамда техникалар билан таъминлаш, ҳарбий хизматчилар ва улар оила аъзоларини ижтимоий ҳимоялаш борасидаги саъй-ҳаракатлар изчил давом эттирилмоқда. Энг муҳими, ўтган йиллар давомида армия тамомила ислоҳ қилинди, чақирув муддати бир йил этиб белгиланди ҳамда қўшинлар таркиби, уларни тўлдириш, ҳарбий қурол-яроғлар билан жиҳозлаш тартиби ҳам ўзгартирилди. Шунингдек, сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизмат жорий қилинди.

Олиб борилаётган бундай янгиланишлар туфайли ҳарбий хизматнинг нуфузи юксалди. Муҳими, ёшларимиз орасида мазкур соҳага бўлган қизиқиш ҳар қачонгидан ортиб, юртимиз тинчлиги ва осойишталиги йўлида хизмат қилиш шарафли вазифага -айланди.

Тадбирда эртамиз эгаларини ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда истиқлол ғоялари ҳамда она-Ватанга садоқат туйғусини шакллантириш ҳозирги глобаллашув даврида янада долзарб экани хусусида алоҳида айтиб ўтилди. Шундан келиб чиқиб, жойларда ушбу йўналишда салмоқли чора-тадбирлар кўрилиб, муайян ютуқ ва натижалар қўлга киритилмоқда.

Иштирокчилар Президентимизнинг Хотира ва Қадрлаш куни арафасида оммавий ахборот воситалари вакиллари билан суҳбатда билдирган фикрларидан келиб чиқадиган устувор вазифаларга эътибор қаратишди. Зеро, суҳбатда таъкидланганидек: “Бундай мураккаб ва таҳликали вазият, бошимиздан кечираётган шиддатли замон, сўзсиз, барчамиздан доимо сезгир, огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшашимизни талаб қилмоқда... Ана шундай кескин вазият давлатимиздан, жамиятимиздан хавфсизликни мустаҳкамлаш, ҳар қандай бало-қазоларнинг юртимизга кириб келишининг олдини олиш, чегараларимизнинг дахлсизлигини, халқимизнинг тинч-осойишта ҳаётини ҳимоя қилиш мақсадида замон талаб қиладиган, зарур чораларни амалга оширишни тақозо этмоқда”.

Чақирилувчи ёшларни ўқитиш ва жисмоний тайёрлаш сифатини янада ошириш, уларнинг орасида соғлом турмуш тарзини кенг қарор топтириш, ватанпарварлик туйғусини янада кучайтириш, дунёда бўлаётган воқеаларга нисбатан мустақил фикрини шакллантириш, умуман, ёш авлод вакилларида масъулият ҳамда дахлдорлик ҳиссини тарбиялаш ушбу вазифалар сирасига киради. Бу борада эса маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ҳамда бошқа тегишли ташкилотларнинг ролини юксалтириш, уларнинг ёшлар тарбияси борасидаги иштирокини кенгайтириш айни муддаодир.

Семинарда муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn