Табиат — бебаҳо бойлик
  • 21 Май 2016

Табиат — бебаҳо бойлик

Инсон турмуш тарзини табиатдан айро тасаввур қилиш қийин. Чунки кундалик эҳтиёжимиз учун ишлатиладиган маҳсулотлар она-заминга дахлдор. Шу маънода айтиш мумкинки, атроф-муҳитни асраб-авайлаш, табиат неъматларидан оқилона фойдаланиш давр талабидир. Бироқ инсоният ҳар доим ҳам мазкур оддий ҳақиқатга тўлиқ амал қилавермайди. Ваҳолонки, улар битмас-туганмас ёки чексиз эмас.

Маълумотларга кўра, кейинги юз йил ичида турли антропоген таъсирлар туфайли та-биат неъматларининг тури ва сони сезиларли даражада камайиб бораётгани ана шундан далолат беради. Шунинг учун бугунги кунда жаҳонда бундай салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида ушбу масалаларга омма эътиборини кенг жалб қилиб, маълум саналарда табиатни асрашга қаратилган турли илмий-амалий анжуманлар ўтказиш анъанага айланган. БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 22 майни “Халқаро биологик хилмахиллик куни” сифатида нишонлаш белгилаб қўйилгани шу каби саъй-ҳаракатлар самараси ҳисобланади.

Таъкидлаш жоизки, атроф-муҳитни муҳофаза қилишда Биологик ранг-баранглик тўғрисидаги Конвенция алоҳида ўрин тутади. Ўзбекистон мазкур Конвенцияга 1995 йилда қўшилган бўлиб, шундан буён юртимизда унинг талаблари доирасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Айни мақсадда йигирмадан ортиқ қонунлар ҳамда юзлаб қонуности ҳужжатлари қабул қилингани, қолаверса, Миллий стратегия ва Ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилиб, унда муҳофаза этиладиган ҳудудларни ташкил қилиш, мавжудларини кенгайтириш, биохилмахилликка зиён етказмасдан фойдаланиш бўйича тарғибот-ташвиқот ишларини жадаллаштириш ана шулар сирасига киради.

— Ўтган йили республикамизда тайёрланган Биологик хилмахилликни сақлаб қолиш ҳақидаги бешинчи миллий маърузада Конвенция талаблари ижроси юзасидан бажарилган ишлар, кузатувлар, таҳлиллар ва келгусидаги долзарб вазифалар тўғрисида маълумотлар акс эттирилди, — дейди Ўзбекистон Экологик ҳаракатининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги депутатлар гуруҳи аъзоси Фахриддин Холбоев. — Кўриниб турибдики, юртимизда биохилмахиллик борасида муайян ишлар олиб борилмоқда. Масалан, 2006 йилда “Жайрон” экомарказининг майдони 16504 гектарга етказилган бўлса, истиқболда уни яна 4500 гектар кенгайтириш режалаштирилган. Шунингдек, 2010 йили Бухоро вилоятида “Қумсултон” ҳамда “Хадича” давлат буюртмахоналари ва “Пайкент”, “Варахша” табиат ёдгорликлари, 2011 йилда эса муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг янги типи саналган Қуйи Амударё биосфера резерватига асос солинди.

Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикасида 2014 — 2024 йилларда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тизимини 8,1 миллион гектарга етказиш орқали ривожлантириш Дастури лойиҳаси устида иш олиб борилмоқда.

Умуман, юртимизда табиат инъом этган неъматларни келгуси авлодларга безавол -етказиш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар самараси амалда яққол намоён бўлаяпти. Бу эса атроф-муҳит мусаффолиги, аҳоли саломатлиги ва экологик барқарорликни таъминлашдек эзгу мақсадларга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир.

У. МУРОДОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn