Давлат ва жамият таянчи
  • 21 Май 2016

Давлат ва жамият таянчи

Пойтахтимизда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан “Оила” илмий-амалий маркази ҳамда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳамкорлигида “Оила институти ва оила қадриятларининг ривожланиш истиқболлари” мавзуида илмий-амалий анжуман ўтказилди.

“Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури ижроси доирасида ташкил қилинган мазкур тадбирда фуқаролик жамияти институтлари ҳамда илмий жамоатчилик вакиллари, экспертлар, журналистлар иштирок этди.

Таъкидланганидек, бугун юртимизда оилалар сони 7 ярим миллиондан ошган бўлиб, ҳар йили 250 — 300 минг янги оила вужудга келмоқда. Шу нуқтаи назардан, халқимизнинг турмуш тарзи, миллий ва маънавий қадриятларимиз асосида оила инс-титутини ривожлантириш Президентимиз раҳнамолигида олиб борилаётган кучли ижтимоий сиёсатнинг энг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Давлат ҳамда жамият тараққиётининг ўзига хос кўзгуси бўлган оилани қадрлаш, ушбу муҳим бўғинда ҳар томонлама соғлом муҳитни қарор топтириш чора-тадбирлари кўлами тобора кенгаймоқда. Эътиборлиси, мазкур жараён Соғлом она ва бола йилида яна бир поғона кўтарилди. Амалиётга йўналтирилган Давлат дастурига мувофиқ, оилаларнинг турмуш фаровонлигини ошириш, бу борадаги қонунчиликни такомиллаштириш, оила инс-титутини ривожлантиришда давлат ҳокимияти органлари ҳамда жамоат ташкилотлари ҳамкорлигини кучайтириш юзасидан белгиланган аниқ вазифалар рўёбга чиқарилаётир.

Бунинг самарасида жамиятнинг ахлоқий асоси, маънавият ўчоғи, миллий анъана ва урф-одатларни асраб-авайлаш манбаи — оиланинг ижтимоий институт сифатидаги мақоми мустаҳкамланмоқда. Оила кодекси ва бир қатор қонун ҳужжатлари оилаларнинг давлат ҳамда жамият томонидан муҳофаза қилиниши билан боғлиқ конституциявий нормани ҳаётга изчил татбиқ этишда ҳуқуқий асос бўлаётир.

Оила институтини ривожлантиришга йўналтирилган қонунлар, давлат ва ҳудудий дастурлар ҳамда бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини таъминлашда тегишли давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан биргаликда нодавлат нотижорат ташкилотлари,  жамоатчилик ҳам ташаббус, фаоллик кўрсатаётир. Айниқса,  оилалардаги соғлом маънавий муҳитни янада барқарорлаштириш,  ёшлар онгига оила қадриятларини чуқур сингдириш борасидаги саъй-ҳаракатларда фуқаролик институтларининг иштироки кенгаймоқда. Хусусан, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан маҳаллаларда “Оилага кириш”, “Саломатлик”, “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси”, “Таълим ва тарбия”, “Бандлик” жамоатчилик секторлари фаолияти йўлга қўйилди. Оилаларнинг ижтимоий, иқтисодий ва маиший муаммоларини ўрганиш ҳамда ҳал қилишда, турли оилавий низоларнинг олдини олишда ушбу секторларнинг роли ва ўрни ортиб бораётгани эътирофга лойиқ. Жойлардаги хотин-қизлар қўмиталари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамкорлигида аёлларнинг бандлигини таъминлаш, кредит маблағлари эвазига оилаларнинг даромад манбаларини яратиш ишлари ҳам -доимий диққат-эътиборда.

Тадбирда шулар хусусида батафсил сўз юритилди. Ёшларни оилага тайёрлаш, оилалардаги соғлом муҳитни ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат асосида шакллантириш, фарзандларни гўзал ахлоқли, жисмоний ва маънавий етук қилиб тарбиялаш, қўни-қўшничилик, маҳалла қадриятларини тарғиб этиш, шу орқали жамиятда ўзаро аҳиллик ва тотувликни мустаҳкамлаш долзарб вазифалардан бири экани алоҳида таъкидланди. Оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, маҳаллалардаги хайрия ва жамоат ишларига аҳолини, аввало, ёшларни жалб этиш, мазкур институтнинг мавқеини юксалтириш каби мавзуларда маърузалар тингланди.

Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э. Боситхонова сўзга чиқди.

Фарида МАҲКАМОВА,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn