Тадбиркорлик равнақининг муҳим омили
  • 21 Май 2016

Тадбиркорлик равнақининг муҳим омили

Тошкент вилояти ҳокимлигида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасининг Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида”ги Қонуни ҳамда давлат мулкини хусусийлаштириш билан боғлиқ дастурларнинг мазкур вилоятда ижро этилишини ўрганиш натижаларига бағишланган мажлиси бўлиб ўтди.

Унда сенаторлар, халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши депутатлари, маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Тадбирда таъкидланганидек, мустақилликнинг илк йиллариданоқ юртимизда бозор иқтисодиёти тамойилларига асосланган демократик, ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо қилишга йўналтирилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, хусусий секторнинг иқтисодиётдаги улуши ҳамда унинг рақобатдошлигини юксалтиришнинг муҳим омили сифатида давлат мулкини давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётир. Шу мақсадда ўтган даврда соҳа ривожида ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётган бир қатор қонун ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилди.

Шулардан бири Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида”ги Қонунидир.

Мазкур ҳужжат нодавлат секторнинг иқтисодиётдаги улушини янада кенгайтириш, иқтисодиётнинг етакчи тармоқларига хусусий инвесторларни жалб қилишни рағбатлантириш, салоҳиятли сармоядорлар барча тоифасининг хусусийлаштириш жараёнида тенг равишда қатнашишини таъминлаш, бу соҳадаги битимларнинг очиқ ҳамда ошкоралигини кафолатлаш, мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш йўналишларида кенг имконият яратди. 

— Ушбу Қонун ва давлат мулкини хусусийлаштириш билан боғлиқ дастурларнинг Тошкент вилоятида ижро этилиши ўрганиб чиқилди, — дейди сенатор Н. Содиқов. — Унинг натижаларига кўра, давлат мулкидан оқилона фойдаланиш, фойдаланилмаётган ҳамда қурилиши тугалланмаган давлат мулки объектларини ва бўшаётган ер участкаларини кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорлик субъектларига сотиш ва бошқа йўналишларда муайян чора-тадбирлар амалга оширилганлиги маълум бўлди. Масалан, давлат мулки объектларининг оммавий савдоларга қўйилиши ҳамда инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятлар қабул қилиш шарти билан “ноль” харид қийматида сотилиши -бўйича тегишли ишлар бажарилган.

Тадбир иштирокчилари томонидан давлат мулкини хусусийлаштириш билан боғлиқ дастурларга асосан, жами инвестиция мажбуриятлари эвазига “ноль” харид қийматида сотилиши белгиланган давлат объектларидан 161 таси сотилгани алоҳида қайд этилди. Шунга мос ҳолда, 2016 йил 1 апрель ҳолатига кўра,114 та давлат объектида инвесторлар -томонидан инвестиция мажбуриятлари бажарилиши доирасида 53 миллиард сўмдан ортиқ ҳамда 202,8 минг АҚШ долларилик сармоя киритилган.

Муҳокама чоғида Қонун ва давлат мулкини хусусийлаштириш билан боғлиқ дастурлар ижросини таъминлаш борасида бир қатор камчиликларга йўл қўйилгани айтиб ўтилди.

Мажлис қатнашчилари томонидан соҳага оид қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш, уларни инвентаризациядан ўтказиш, мазкур Қонун ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси борасида жойларда йўл қўйилаётган камчилик ва нуқсонларни аниқлаш, соҳага оид қонун ҳужжатлари ҳамда тегишли дастурлар ижроси бўйича парламент назоратини кучайтириш каби масалалар юзасидан бир қатор таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Тадбирда муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn