Ўсимликлар муҳофазаси ва масъулият
  • 21 Май 2016

Ўсимликлар муҳофазаси ва масъулият

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитасининг Ўзбекистон Республикасининг “Ўсимликлар карантини тўғрисида”ги Қонунининг Қорақалпоғистон Республикасида ижро этилиши ҳолатини назорат-таҳлил тартибида ўрганиш якунларига бағишланган йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда парламент қуйи палатаси аъзолари, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, “Ўздавкарантин” инспекцияси, Божхона қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги вакиллари ҳамда журналистлар иштирок этди.

Ҳозирги глобаллашув шароитида юртимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ўсимлик маҳсулотларини экспорт ҳамда импорт қилиш бўйича савдо муносабатлари ва товарларни давлатлараро айирбошлаш жараёни кенгайиб бораётганида яққол намоён бўлаётгани таъкидланди. Ўз навбатида, хорижий давлатлардан ўсимлик уруғлари, мева-сабзавот, полиз экинлари ҳамда манзарали ўсимликлар янги навларининг келтирилиши фитосанитария назоратини, ташқи ва ички карантин тадбирларини янада кучайтиришни тақозо этади. Бинобарин, қишлоқ хўжалигига катта иқтисодий зарар етказиши мумкин бўлган барча турдаги хавфли зараркунандалар, ўсимлик касалликлари ҳамда бегона ўтларнинг республика ҳудудига кириб келишининг олдини олиш долзарб масалалардан биридир.

Мутахассислар фикрича, зарпечак бегона ўти ёки колорадо қўнғизи билан зарарланган картошка майдонида белгиланган муддатларда зарур чора-тадбирлар кўрилмаса, ҳосилдорлик 2-3 баравар камайиб кетади. Боғ ва токзорларнинг девпечак билан зарарланиши эса уларнинг қуришига сабаб бўлади. Шу боис яшил оламни самарали ҳимоя қилиш сифатли ҳамда юқори ҳосил олишда катта аҳамиятга эга.

Йиғилишда Қорақалпоғистон Республикасида Ўзбекистон Республикасининг “Ўсимликлар карантини тўғрисида”ги Қонуни ижросини таъминлаш борасида бир қатор ишлар бажарилгани айтиб ўтилди.

Чунончи, ўсимликлар карантини давлат инспекцияси томонидан ҳозирги вақтда дунё бўйича рўйхатда турувчи 335 дан зиёд ўсимликларга оид карантин организмларининг мамлакатимизга кириб келиши ва экспорт қилинаётган ўсимликлар билан бошқа давлатларга тарқалишининг олдини олиш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Мисол учун, 2013 йилда 43 минг, 2014 йилда 42,9 минг гектар ҳамда 2015 йилда 42,7 минг гектар экин майдонида 24 хил карантиндаги зараркунандалар, ўсимлик касалликлари ва бегона ўтларга қарши назорат ишлари бажарилган ҳамда карантин объектлари борлигига гумон қилинган жойлардан намуналар олиниб, “Ўзбошдавкарантин” инспекцияси марказий карантин лабораториясида экспертизадан ўтказилган. Шунингдек, инспекция томонидан чет давлатларга экспорт қилинадиган пилла ва пахта толаси, импорт ҳамда экспорт билан шуғулланувчи юридик ва жисмоний шахсларга тегишли омборхоналар ҳамда бўш транспорт воситалари зарарсизлантирилган.

Айни чоғда Қорақалпоғистон Республикаси фермер ва деҳқон хўжаликларида, корхона ҳамда ташкилотларда зараркунандаларга қарши биологик усулда курашиш изчиллигини таъминлаш зарурлиги қайд этилди.

Мулоқот чоғида мавжуд муаммоларни бартараф қилиш юзасидан соҳа мутахассисларининг фикр ва мулоҳазалари олинди ҳамда ушбу соҳага тааллуқли қонунчилик ҳужжатларини янада такомиллаштириш юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Якунда қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Зиёда АШУРОВА,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn