Наманган вилояти: Бунёдкорлик, ободлик, эзгу ташаббуслар
  • 20 Май 2016

Наманган вилояти: Бунёдкорлик, ободлик, эзгу ташаббуслар

Бош харита — шаҳар ва қишлоқларнинг ихчамлаштирилган чизмаси. Ундан ўрин олган узун-қисқа тасвирлару бошқа шартли белгилар ҳудудлар қиёфаси, меъморий ечими, иқтисодий салоҳиятини акс эттириб туради.

Бироқ мамлакатимизнинг кўплаб манзиллари сингари Наманган шаҳрининг бош харитасида ҳам бир пайтлар бундай белгилар саноқлигина бўлганини кўпчилик яхши эслайди. Негаки, собиқ тузум давридаги бир ёқлама сиёсат ҳар қандай ўзгариш ва янгиланишлар олдига баланд ғов ҳамда тўсиқлар қўйгани ҳеч кимга сир эмас. Шукрки, давр, онгу тафаккуримиз ўзгарди. Истиқлол шарофати билан бунёдкор халқимиз яратувчанлик иштиёқини тўла-тўкис намоён этиш, ўз Ватани, қишлоғу маҳалласи, хонадонини обод қилиш имконига эга бўлди. Эзгу ташаббуслар, хайрли юмушлар сари кенг йўл очилди. Ана шундай шароитда юртимизнинг барча ҳудудида бўлгани каби Наманганда ҳам аҳолининг фаровон турмуш кечириши учун зарур шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратила бошланди.

Бевосита Юртбошимиз ташаббуси ва тавсиялари асосида шаҳарда кенг кўламли бунёдкорлик ҳамда ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Бундан саккиз йил аввал қайта ишлаб чиқилган ҳудуднинг бош харитаси эндиликда янги тураржой мавзелари, кенг ва равон кўчалар, қўшимча равишда қурилиши мўлжалланган замонавий ижтимоий инфратузилма иншоотларини акс эттирувчи юзлаб белгилар билан тўлдирилган. Аҳамиятли жиҳати, бу жараёнда давлатимиз раҳбарининг наманганликлар билан учрашувлар чоғида ҳудудни ривожлантириш, уни янада гўзал ва обод масканга айлантириш юзасидан билдирган фикрлари, кўрсатган йўл-йўриқлари бош мезон қилиб олинди.

Президентимиз ҳар бир шаҳарнинг ўзига ярашган маркази, бош майдони бўлиши кераклиги, Наманганда уни шундай чиройли ҳамда замонга мос қилиб барпо этиш лозимлигини, бу ерга келаётган меҳмонлар ҳам, шаҳар аҳли ҳам унга талпинадиган бўлиши зарурлигини таъкидлаган эди. Ушбу тавсия-лар Наманган шаҳарсозлигида туб бурилиш даврини бошлаб берди. Оппоқ устун устида кўкка парвоз қилиб турган жуфт турна асос қилиб олинган Тинчлик майдони бугун файзли масканга айланган. Эндиликда ёшларнинг энг қувончли дамлари шу жойда ўтаётир, янги оила қураётган келин-куёвлар бу гўшани зиёрат қилиб, бахту иқболи, орзу-умидларини тинчлик, хотиржамлик рамзи бўлган турналарнинг сарбаланд парвози билан боғламоқдалар. Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғи, бошқа кўплаб -маданий иншоотлар билан уйғунлашиб кетган яхлит меъморий ансамбль кўринишидаги бош майдон ҳамда унинг атрофидаги яшиллик киши кайфиятига кайфият қўшади.

— Кейинги йилларда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари вилоятимиз маркази қиёфасини бутунлай ўзгартириб юборди, — дейди “Нуроний” жамғармаси шаҳар бўлинмаси раиси Анваржон Насриддинов. — Бунда давлатимиз раҳбарининг 2009 йил 6 августдаги “Наманган шаҳрини 2009 — 2012 йилларда ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмасини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар Дастури тўғрисида”ги қарори муҳим омил бўлганлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим. Шаҳар меъморий ечимини тубдан яхшилаш, муҳандислик-коммуникация тармоқларини комплекс жойлаштириш ҳамда ривожлантиришни таъминлаш, бу орқали аҳоли учун муносиб турмуш шароитини яратиш кўзда тутилган мазкур Дастур ижроси вилоят маркази тараққиётида ҳал қилувчи ўрин тутди. Бугун ана шу эзгу ташаббуслар самарасини ҳар бир маҳалла, ҳар бир мавзедаги янгиланишлар, қолаверса, шаҳар аҳолиси ҳаётидаги ўзгаришларда яққол кўриб турибмиз. Эътиборлиси, бундай чора-тадбирлар ижроси учун барча манба ҳисобидан 324,5 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди.

Наманганликлар собиқ А. Раҳимов кўчасининг яқин ўтмишдаги манзарасини яхши эслашади. Унда жойлашган ёғ-мой корхонасидан чиққан ёқимсиз ҳид ва чанг кечаю кундуз ҳавони ифлослантириб келарди. Шу туфайли завод шаҳар ташқарисига кўчирилиб, ўрнида янги тураржой даҳаси бунёд қилинди. Бу ерда тикланган 8 та кўп қаватли бинодаги 190 та хонадонда, асосан, ёш оилалар истиқомат қилаяпти. Янги даҳа аҳли таклифи билан бу манзилга Истиқлол кўчаси, дея ном берилди.

— Уйларимиз фойдаланишга топширилганидан кўп ўтмай, ёнгинамизда “Баркамол авлод” спорт мажмуаси қуриб битказилди, —дейди кўп қаватли уйларнинг биридаги қулай ҳамда шинам хонадонда истиқомат қилаётган оила бошлиғи Алишер Жавҳаров. — 4 гектар майдонни эгаллаган мажмуада минг ўринли стадион, сузиш ҳавзаси, енгил атлетика ва минифутбол манежи, бокс, оғир атлетика ҳамда кураш заллари мавжуд бўлиб, уларда ёшлар спортнинг 14 тури билан шуғулланишаяпти. Жисмоний чиниқиш масканида яратилган шароитга кишининг ҳаваси келади. “Баркамол авлод” мусобақаларининг бундан икки йил аввал вилоятимизда ўтказилган республика босқичи иштирокчилари спортнинг бир неча тури бўйича шу мажмуада баҳслашдилар, мусобақалар чоғида янгидан-янги иқтидорлар номи кашф этилди.

Дастур доирасида қайта қурилган Алишер Навоий ва Бобур шоҳкўчаларидаги янгиланишлардан ҳам кўз қувнайди. Айниқса, собиқ маданият саройи реконструкция қилиниб, “Ёшлар маркази”га айлантирилгач, йигит-қизларнинг бўш вақти мазмунли ўтиши учун қўшимча шарт-шароитлар юзага келди. Бобур шоҳкўчасидаги янги кўп қаватли тураржой бинолари, коттеж кўринишидаги уйларда юзлаб оилалар ҳовли тўйларини ўтказишди.

— Шаҳримиздаги ободлик бевосита кўнгилларга ҳам кўчаётганини айтмайсизми?! — дейди  тадбиркор Абулҳамид Сотволдиев. — Атрофда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларининг миқёси шу қадар кенгки, қараб туриб, ғайратинг тошади, беихтиёр эзгу юмушларнинг иштирокчисига айланиб, дилингда янги ғоялар туғилади. Тўрақўрғон ҳамда ўирвонсой кўчалари ҳам ана шундай саъй-ҳаракатлар натижасида бутунлай янгиланди. Транспорт қатнови учун анча торлик қилиб қолган, ён-атрофи эски бинолардан иборат бўлган бу ҳудудлар чирой очди. Йўлнинг икки ёқасидаги савдо, маиший хизмат, умумий овқатланиш, сервис шохобчалари, бири-биридан кўркам бинолар бу ерда яшовчилар учун катта қулайлик яратди.

Айтиш лозимки, шаҳарни қайта қуриш билан боғлиқ тадбирларда ёшларнинг таълим-тарбия олиши, бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун мўлжалланган иншоотлар қурилишига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Масалан, Давлатобод даҳасида ишга туширилган “Камолот боғи”, Амир Темур кўчасидаги “Кичкинтойлар боғи” келажагимиз эгаларининг севимли масканига айланган бўлса, Алишер Навоий номидаги вилоят мусиқали драма театри биноси, Хотира майдони, Ҳуррият ва -Ибрат кўчалари кесишмасидаги сайилгоҳ, “Бахт уйи”да олиб борилган бунёдкорлик юмушлари шаҳар чиройига чирой қўшди.

Албатта, ижтимоий соҳадаги ўзгариш ҳамда янгиланишларнинг туб замирида иқтисодиёт ривожига қаратилаётган изчил ислоҳотлар самаралари мужассам. Шу жиҳатдан олганда, ислоҳотлар “Гуллар шаҳри” саноат салоҳияти янги қирраларини очиб юборгани ишлаб чиқаришнинг ҳар жабҳасида кўзга ташланиб турибди. Унинг яқин-яқингача фақат саноқли тўқимачилик корхоналаридан иборат саноатига замонавий, айни пайтда мураккаб технологиялар дадил кириб бораяпти. Масалан, “UzChasis” қўшма корхонасида тайёрланаётган автомобиль фара ва фонарлари мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган енгил автомашиналарнинг кўплаб моделларини ёритиш тизими билан таъминламоқда. “Махсус металлсаноат” масъулияти чекланган жамиятида эса транспорт воситалари учун газ баллонлари тайёрлаш йўлга қўйилди.

— Ҳамшаҳарларимизнинг қўли гул, айниқса, ҳунармандчилик, тикувчилик соҳасига уқуви баланд, — дейди “Люкс плюс сервис” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Аюбхон Бобомирзаев. — Кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорлик ривожи учун яратилган шарт-шароитлар қўл келиб, уларнинг аксарияти ўз бизнесларини йўлга қўйган. Биласизми, ҳозир истеъмол бозорида қаерда тикилган костюм-шимларни кўпроқ харид қилишаяпти? Нокамтарликка йўйманг-у, албатта, наманганлик чеварлар томонидан тикилганини! Боиси, энг замонавий дизайндаги костюмларимиз яқин вақтгача бозорнинг олди бўлиб келган хориж маҳсулотлари билан бемалол рақобатлаша олади. Мамлакатимизнинг қайси ҳудудида бўлмасин, йигитлар куёвлик либоси учун Наманган костюм-шимларини танлашаётганини эшитиб, фахрланамиз. Бу соҳада энди ички бозордан ташқари, экспортга ҳам чиқилаяпти. Масалан, 137 киши меҳнат қилаётган бизнинг корхонамиз биргина жорий йилнинг биринчи чорагида 50 минг АҚШ долларига тенг маҳсулотни хорижга сотишга муваффақ бўлди.

Ишлаб чиқаришнинг жадал равнақи саноат салоҳиятини ошириш, шунингдек, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган ҳудудий дастур, истиқболли лойиҳалар ижроси билан чамбарчас боғлиқ. Маълумотларга қараганда, мустақилликнинг дастлабки йилларида шаҳарда 58 та саноат корхонаси фаолият кўрсатган бўлса, бугунги кунга келиб, биргина кичик бизнес субъектларининг сони 7100 дан ошиб кетди. Уларда 150 минг киши меҳнат қилаётир. Ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотларининг 48,7 фоизи мазкур соҳа ҳиссасига тўғри келмоқда.

— Яқинда вилоят Ўлкашунослик музейига кирдим, — дейди Наманган транспорт, алоқа ва ахборот технологиялари коллежи ўқувчиси Ҳамдам Мамадалиев. — Экспонатлар билан танишиш чоғида шаҳримизнинг ўтган асрдаги манзаралари акс этган суратларга кўзим тушди. Кўчалар жуда тор, бинолар ўта ғариб бўлган экан. Тўғри, биз у кунларни кўрмаганмиз. Бироқ мустақиллик иншоотлари кўз ўнгимизда қад ростлади ва бу жараён изчил давом эттирилмоқда. Бахтимиз шундаки, буюк ўзгаришларга дахлдормиз, уларнинг барчаси бизнинг келажагимиз, халқимиз ҳаётининг янада фаровон бўлишига қаратилган.

Дарҳақиқат, Ўзбекистонимиз жаҳон ҳамжамиятидаги ўрнини тобора мустаҳкамламоқда. Бу шаҳару қишлоқларимиз обод, турмушимиз фаровонлашиб бораётгани, юртдошларимиз онгу шуури юксалаётганида зоҳир. У жонажон Ватанимизнинг бир бўлаги бўлган Наманганнинг бугунги жамолида ҳам акс этиб турибди.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn