Фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайлови қизғин давом этмоқда
  • 20 Май 2016

Фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайлови қизғин давом этмоқда

Шу кунларда республикамиз туман ва шаҳарларида фуқаролар йиғинлари раислари ҳамда уларнинг маслаҳатчилари сайлови ошкоралик, муқобиллик ва тенглик тамойиллари асосида ўтказилиб, муносиб номзодлар сайланиши таъминланмоқда. Бунда, шубҳасиз, мазкур муҳим тадбирга кўмаклашувчи комиссиялар ҳамда ишчи гуруҳлар томонидан пухта ҳозирлик кўрилгани ва юртдошларимизнинг унда фаол қатнашаётгани алоҳида аҳамият касб этаётир.

Тошкент шаҳрида бўлиб ўтаётган фуқаролар йиғинлари раислари ҳамда уларнинг маслаҳатчилари сайловида ҳам аҳоли орасида ҳурмат-эътибор қозонган, кўпчиликни эзгу ишларга эргаштира оладиган, энг муҳими, юртимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар мазмун-моҳиятини дилдан тушуниб, уларни рўёбга чиқара биладиган фаол ва ташаббускор инсонларнинг сайланишига алоҳида эътибор қаратилаяпти.

Пойтахтимиздаги мавжуд 505 та фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органида раис ҳамда унинг маслаҳатчилари лавозимларига муқобиллик асосида бир нечтадан номзодлар кўрсатилган бўлиб, очиқлик-ошкоралик шароитида ўтаётган сайловларда фуқаролар вакиллари уларнинг муносибларига овоз бермоқда. Ҳозирги кунга қадар 217 та маҳалла фуқаролар йиғинида сайлов демократик тамойиллар асосида, юқори даражада бўлиб ўтди.

Учтепа туманидаги “Шофайзибоғ” маҳалла фуқаролар йиғинида 4 минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади. Эътиборлиси, кейинги йилларда бу ерда рўёбга чиқарилган кенг кўламли ободонлаштириш тадбирлари боис ҳудуд янада чирой очди. Кўчалар ораста кўринишга келтирилди. Шуларга мос равишда маҳаллада кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик изчил ривожланмоқда. Бу, ўз навбатида, аҳоли турмуш даражаси юксалиб, ҳаёти янада фаровон бўлишига -хизмат қилаётир. Маҳалла аҳолиси куни кеча бўлиб ўтган фуқаролар йиғини раиси ҳамда унинг маслаҳатчилари сайловида ҳам фаол қатнашди. Хусусан, кўчалар ва ҳовлилардан кўрсатилган 85 нафар вакил сайлов ўтадиган жойга барвақт етиб келиб, ўзлари яхши билган ҳамда ишонган номзодни қўллаб овоз беришди.

— Маҳалла аҳолисининг ушбу тадбирга ўта масъулият билан ёндашгани бизда илиқ таассурот қолдирди, — дейди мазкур фуқаролар йиғинидаги ишчи гуруҳ раҳбари ўринбосари Раҳматилла Сайидхўжаев. — Хусусан, тўртала номзоднинг ҳам келгуси фаолият дастурига жиддий эътибор қаратилди.

Айниқса, дастурларга ҳудудни ижтимоий ривожлантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни изчил қўллаб-қувватлаш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш, коммунал хизматлар сифатини бугунги кун талаблари даражасида яхшилаш, тўй ҳамда бошқа маросимларни тартибга солиш каби муҳим вазифалар қамраб олингани маъқул тушди.

Янги сайланган раис ва унинг 12 нафар маслаҳатчиси аҳолининг қўллаб-қувватлаши билан ушбу долзарб вазифаларни рўёбга чиқаришларига тўлиқ ишонамиз.

Сирдарё вилоятида 266 нафар фуқаролар йиғини раиси ҳамда уларнинг 2600 дан ортиқ маслаҳатчилари сайланиши режалаштирилган. Шу кунгача 74 та фуқаролар йиғинида мазкур тадбир юқори савияда уюштирилди. Айни чоғда сайлов шаҳар ва туманларда фуқаролар вакиллари фаоллигида қизғин давом этмоқда. Аҳоли ўртасида обрў-эътиборга, етарли ҳаётий тажриба ҳамда малакага эга, мамлакатимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўша оладиган номзодлар йиғин раиси ва унинг -маслаҳатчилари лавозимларига тенглик, ошкоралик ҳамда муқобиллик асосида танлаб олинаётир.

Жумладан, Боёвут туманидаги Маданият маҳалласида бўлиб ўтган сайловда фуқаролар йиғини раислиги учун икки нафар номзод ўзаро баҳс олиб борди. Соҳа қонунчилиги ва демократик тамойилларга мос ҳолда ташкил қилинган овоз бериш натижасига кўра, энг муносиб номзод сайланди.

— Сайловни уюшқоқлик билан ўтказишга ҳудудимизда яшаётган ҳар бир фуқаро муносиб ҳисса қўшди, — дейди шу маҳалла фаоли Фароғат Нишонова. — Масалан, ишчи гуруҳ томонидан 15 та кўчада ташкил этилган умумий йиғилишларда уларнинг фаоллиги яққол сезилиб турди. Зеро, ҳудуд ободлиги ҳамда унинг янада гуллаб-яшнаши кўп жиҳатдан янги сайланган раис ва унинг маслаҳатчиларининг ташаббускорлиги ҳамда ташкилотчилигига бевосита боғлиқ. Шу боис фуқаролар вакиллари номзодларнинг фазилатларига алоҳида эътибор қаратдилар. Қолаверса, уларнинг келгуси фаолият дастурларини синчковлик билан ўрганиб чиқишди. Ўз навбатида, уларга ўзларининг таклиф-тавсияларини беришди.

Гулистон туманидаги “Теракзор”, “Дўстлик”, “Аҳиллик” ва “Боёвут” маҳалла фуқаролар йиғинларида ҳам сайлов намунали тарзда ташкил этилди. Бунда туман кўмаклашувчи комиссияси ҳамда ишчи гуруҳлар амалга оширган тайёргарлик ишлари муҳим аҳамиятга эга бўлди.

— Ҳудудимиз бўйича 21 маҳалла, 9 та қишлоқ ва битта шаҳарча фуқаролар йиғинида сайлов ўтказилади, — дейди сайловга кўмаклашувчи туман комиссияси раиси Ўсар Усанов. — Уларни юқори даражада ташкил этиш мақсадида пухта ҳозирлик кўрилди. Аввало, фуқаролар вакилларининг барчаси аҳоли ўртасида обрў-эътиборга эга кишилардан иборатлигини айтиш зарур. Номзодлар ҳақидаги маълумотлар ҳам белгиланган жойларга осиб қўйилди.

Айтиш лозимки, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари ҳаётидаги ушбу ижтимоий-сиёсий тадбирнинг муҳимлиги фуқароларнинг фаоллиги тобора ошиб бораётганида ўз ифодасини топаяпти. Улар сайловда номзодларга овоз бериш баробарида, маҳалла ободлиги, юрт равнақига қаратилган фикр-мулоҳазаларини, таклифларини билдирмоқдалар. Бу эса юртимизга хос бўлган ноёб тузилма — маҳалла институтининг аҳоли ўртасидаги нуфузи ортиб бораётганидан, ҳар бир юртдошимиз унинг фаолиятини ривожлантиришни ўз фуқаролик бурчи, деб билаётганидан далолат беради.

Навоий вилоятида ҳам фуқаролар йиғинлари раислари ҳамда уларнинг маслаҳатчилари сайлови уюшқоқлик билан ўтказилмоқда. Айни пайтгача ҳудуддаги 343 та фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органидан 73 тасида ушбу тадбир юқори савияда бўлиб ўтди. Муҳими, аҳоли бу лавозимларга муносиб фуқароларни сайлашга жиддий эътибор бераётир. Зеро, янги сайланадиган фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари икки ярим йил давомида ўз маҳаллаларида олиб бориладиган ободонлаштириш ҳамда бунёдкорлик ишларига бош-қош бўлади. Шу орқали маҳалланинг ислоҳотлар жараёнидаги иштирокини кенгайтириб, унинг ҳаётимизда тутган ўрни ва нуфузини янада оширишга ҳисса қўшадилар.

— Сайловда маҳалла раиси ҳамда унинг маслаҳатчилари лавозимларига фуқаролар йиғини олдига қўйилган муҳим вазифаларни бажаришга қодир инсонлар сайланди, — дейди Навоий шаҳрининг Ватан маҳалласидаги ишчи гуруҳ раҳбари Гулнора Ажимамбетова. — Буни янги сайланган раиснинг келгуси фаолият дастурида аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, хусусий тадбиркорлик ва оилавий бизнесни кенг ривожлантириш ҳисобидан аҳоли, айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигига кўмаклашиш, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил қилиш ҳамда бошқа бир қатор вазифаларни ҳал этиш йўллари аниқ кўрсатилганидан ҳам билса бўлади. Қолаверса, янги сайланган маслаҳатчилар ҳам эл-юрт ўртасида ҳурмат-эътибор қозонган, фаол ва ташаббускор фуқаролардан иборат. Улар йиғин аъзолари билан биргаликда ҳаракат қилиб, маҳалламизни янада обод масканга айлантиришларига ишонамиз.

Қизилтепа туманининг “Хўжақўрғон” маҳалла фуқаролар йиғинидаги сайлов жараёнини кузатиш асносида ҳам фуқаролар йиғинлари сайловида демократик тамойиллар устувор эканлигига яна бир карра ишонч ҳосил қилдик.

— Сайловда фуқаролар йиғини раиси лавозимига ўзимиз ишонган, тажрибали, ҳар бир масалага масъулият билан ёндашадиган, маҳаллада обрў-эътибор қозонган номзодга овоз бердим, — дейди мазкур маҳалла фаоли Абдурайим Ҳошимов. — Унинг келгуси фаолият дастури менда илиқ таассурот қолдирди. Айниқса, кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорликни, томорқа хўжалигини янада ривожлантиришга қаратилган ғоялари барчага маъқул келди. Шу билан бирга, ёшларни турли зарарли иллатлардан ҳимоя қилишга йўналтирилган истиқболли лойиҳалари ҳам маҳалладошларимиз томонидан илиқ кутиб олинди. Пировардида кўпчилик вакиллар ана шу номзодга овоз беришди. Ишонамизки, янги сайланган раис ва маслаҳатчилар ҳудудимизни бундан-да обод қилишга, аҳоли фаровонлигини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшадилар.

Мамлакатимизнинг барча туман ҳамда шаҳарларида фуқаролар йиғини раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайлови демократик тамойилларга мос ҳолда, юксак савияда давом этмоқда.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ,

Азамат ЗАРИПОВ,

«Халқ сўзи» мухбирлари.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn