Миллат ғурури ва ифтихори
  • 20 Май 2016

Миллат ғурури ва ифтихори

Президентимизнинг “Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармони миллий ўзлигимиз тимсоли — она тилимиз ҳамда адабиётимиз нуфузини янада ошириш, халқимиз бадиий тафаккурини юксалтириш борасидаги эзгу ишларни янги босқичга олиб чиқиши билан ниҳоятда аҳамиятли бўлди.

Бинобарин, мазкур ҳужжатга мувофиқ фаолияти йўлга қўйиладиган университет ўзбек тили ва адабиётини ривожлантиришга хизмат қилиши билан бирга, чуқур фалсафий дунёқарашни шакллантириш, аждодлардан авлодларга ўтиб келаётган бой маънавий меросимизни асрашда муҳим ўрин тутади.

Ҳақиқатан ҳам, ҳар бир миллатнинг она тили ва адабиёти унинг миллий ғурури ҳамда ифтихори ҳисобланади. Ўтмишга назар ташлайдиган бўлсак, 1989 йилнинг 21 октябрида Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов ташаббуси билан “Давлат тили тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши халқимизнинг асрий орзу-умидларини рўёбга чиқарди. Ушбу ҳуқуқий ҳужжат ўзбек тилини давлат ҳамда жамият ҳаётининг барча жабҳасида қўллашнинг қонуний асосларини яратиши билан бир қаторда, уни асраб-авайлаш, янада бойитиш, илмий-ижодий фаолиятда ундан тўлақонли фойдаланиш имконини берди.

Шу нуқтаи назардан, Фармонда бу борадаги ишларни янада жадаллаштириш билан боғлиқ вазифалар, чунончи, ҳозирги тез ўзгараётган глобаллашув даврида ўзбек тили ва адабиётининг ўзига хос бетакрор хусусиятлари, тарихий тараққиёти, унинг бугунги ҳолати ҳамда истиқболи билан боғлиқ масалаларни чуқур ўрганиш, бу борада олиб борилаётган илмий тадқиқот ишлари самарадорлигини кучайтириш, таълим-тарбия тизимининг барча бўғинида ўзбек тили ва адабиёти фанини ўқитиш ҳамда ушбу соҳа бўйича юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг сифатини тубдан оширишга аҳамият қаратилган. 

Айни чоғда биз аждодларимиздан авлодларга ўтиб келаётган бебаҳо бойликнинг ворислари сифатида она тилимиз нуфузини юксалтиришни ўзимиз учун энг устувор, узвий давом этадиган юқори мақсад, деб билишимиз зарурлиги таъкидланди. Албатта, бу ўзбек тили янада равнақ топишига, халқимизнинг маънавий камолотини юксалтиришга, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини кучайтириш, иқтидор ва қобилиятини рўёбга чиқаришга хизмат қилиши, шубҳасиз.

Барчамизга аёнки, ҳозирги вақтда кадрлар тайёрлаш, уларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш долзарб аҳамият касб этмоқда. Фармонда ушбу масалага алоҳида эътибор қаратилгани, айтиш жоизки, ўзбек тили ва адабиёти бўйича замонавий таълим технологияларини чуқур ўзлаштирган филолог мутахассислар, илмий-педагог кадрлар, юқори малакали таржимонлар тайёрлаш, илмий тадқиқот ишларини такомиллаштиришда айни муддао бўлди. Зеро, бугун шиддат билан ўтиб бораётган давр она тили ва адабиётимизнинг ўзига хос хусусиятларини сақлаган ҳолда унинг мумтоз ва замонавий услубларини кенг тадқиқ этишни тақозо қилмоқда. Ушбу йўналишда олиб бориладиган саъй-ҳаракатлар ўсиб келаётган ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат, умумбашарий қадриятларга ҳурмат руҳида, кенг дунёқарашга эга бўлган, мустақил фикрлайдиган, маънавий етук инсонлар этиб тарбиялашда катта ўрин тутади.

Жорий ўқув йилидан бошлаб ушбу университетга ёшларнинг қабул қилиниши аждодларимиз меросини халқаро миқёсда кўтаришга қодир навқирон авлод учун яратилаётган улкан имкониятларнинг яна бир намунасидир, десак, асло муболаға бўлмайди. 

Бундан ташқари, Фармонда Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети фаолиятини йўлга қўйишга оид барча ташкилий масалалар ўз ифодасини топган. Университетнинг замонавий биносини қуриш ва ободонлаштириш билан боғлиқ чора-тадбирлар қаторида унинг бош биноси олдидаги майдонда улуғ шоир ва мутафаккир Алишер Навоий ҳайкалини ўрнатиш бўйича тегишли ташкилотлар билан биргаликда ижодий танлов эълон қилиш ҳамда уни белгиланган тартибда ўтказиш кўзда тутилгани ўзининг дурдона асарлари билан она тилимиз ва адабиётимиз ривожига беқиёс ҳисса қўшган улуғ бобокалонимиз хотирасига чуқур ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, буни ёшлар қалбига сингдиришда алоҳида аҳамият касб этади. 

Шунингдек, ушбу ҳужжат асосида ташкил қилинадиган музей тил ва адабиёт соҳасига тааллуқли тарихий ашёларни жамлаш ҳамда уларни келгуси авлодларга бус-бутун ҳолда етказишга хизмат қилади.

Умуман олганда, Фармон биз, депутатлар учун ҳам устувор мақсадларни белгилаб берди. Сайловчилар билан бўлиб ўтадиган учрашувларда, ёшлар билан мулоқотларда она тилимизнинг бебаҳолигини кенг тушунтириш, бу борадаги қонунчиликни назорат-таҳлил тартибида ўрганиш, қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳаётий заруратдир.

Шуҳрат ТУРСУНБОЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатасининг

Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари

қўмитаси раиси ўринбосари.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn