Буюк юртнинг янги авлоди
  • 20 Май 2016

Буюк юртнинг янги авлоди

Аввал хабар қилганимиздек, Фарғона вилоятида мамлакатимиз мустақиллигининг йигирма беш йиллигига бағишлаб “Биз — буюк юрт фарзандларимиз!” шиори остида ёшлар фестивали бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари, Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими вазирликлари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу анжуман доирасида 100 дан зиёд турли маънавий-маърифий, маданий ҳамда спорт тадбирлари уюштирилди. Уларга вилоятнинг барча ҳудуди қамраб олинди. Айтиш керакки, бири-биридан қизиқарли лойиҳалар эртамиз эгаларининг чинакам шодиёнасига айланди.

Тошлоқ туманидаги Заркент агросаноат касб-ҳунар коллежида ўтказилган “Биз — соғлом турмуш тарзи тарафдоримиз!” акциясида ўқувчилар таниқли актёр ва актрисалар, хонандалар, ёш иқтидор эгалари билан дилдан суҳбатлашишди.

— Истиқлолимиз ёшлари нақадар бахтли, — дейди республика тарғибот гуруҳи аъзоси, Ўзбекистон Республикаси халқ артисти Азиза Бегматова. — Бу навқирон авлод вакилларининг кўзидаги шижоат, қалбидаги улкан орзу-мақсадларни кўриб, кўнглимиз тоғдек кўтарилди. Фестиваль туфайли вилоятнинг шаҳар-туманларида бўлиб, Фарғонанинг бугунги кўрку жамолидан ҳайратга тушдик. Бу бутун мамлакатимизда истиқлол боис рўй бераётган ижобий ўзгаришларнинг битта ҳудуд мисолидаги кўринишидир. Тилагимиз — тинч ва фаровон ҳаётимизга асло кўз тегмасин!

Лойиҳа доирасида спортнинг волейбол, шахмат, шашка, стол тенниси бўйича мусобақалар ташкил қилинди. Тумандаги 22-болалар мусиқа ва санъат мактабида ўтказилган тадбир эса қизиқарли баҳс-мунозараларга бой кечди.

Шунингдек, тумандаги “Обод диёр” кинотеатрида “Сиз севган қаҳрамонлар”, Варзак агросаноат касб-ҳунар коллежида “Камолот кутубхонаси” лойиҳаси бўйича уюштирилган мароқли учрашувлар ҳам йиғилганлар хотирасида узоқ вақт сақланиб қоладиган бўлди.

Анжуман доирасида Учкўприк, Ўзбекистон, Риштон, Олтиариқ, Қўштепа, Қува туманларида “Бу — менинг Ватаним!”, “Одам савдоси — давр муаммоси”, “Нуронийлар эъзозимизда!”, “Ватанимга хизмат қиламан!”, “Оммавий маданият” ва ёшлар маънавияти”, “Ёшлар — жонли ижро тарафдори!” каби лойиҳалар ўтказилди.

Фарғона шаҳридаги Ёшлар маданият ва спорт марказида фестивалнинг якуний гала-концерти уюштирилди. 

Тадбирда Фарғона вилояти ҳокими Ш. ўаниев сўзга чиқди.

Набижон СОБИРОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn